Ҳеч кими йўқ, кўзлари хира кўрадиган ёш йигитнинг Тошкент вилояти ва пойтахтимиз ҳудудида 10 йилдан бери ота-онасиз, уй-жойсиз қандай кун кечириб юрганини тасаввур эта оласизми? Кўпчилик ишонмаслиги мумкин, лекин шундай сабр-бардошли, иродали йигит бор.
У йиллар давомида муқим ишсиз, паноҳсиз сарсон-саргардонлик азобларидан куч орттириб, бир кун ҳаммаси ортда қолишига ишониб, қонуний ҳақ-ҳуқуқи учун идорама-идора югуриб юрибди. Менга ҳам ёрдам сўраб мурожаат қилди.
«Қаерга борсам, қувиб солишади, ахир мен дайди ит эмасман», дейди у алам билан.
Антон Ивушкин, унга расмийлаштирилган ҳужжатларга кўра, 1992 йил Янгийўл шаҳрида туғилган. 1997 йилда Янгийўл шаҳар ҳокимининг қарорига кўра шу ҳудуддаги Меҳрибонлик уйига жойлаштирилган, 1998-2004 йилларда Ангрен шаҳридаги Меҳрибонлик уйида тарбияланган, кўриш қобилияти ёмонлашгач Олмалиқ шаҳридаги махсус мактаб-интернатига ўтказилган, 2007 йилда Олмалиқ шаҳридаги коллежда, 2008 йилда Бўстонлиқ туманидаги коллежда ўқиб, у ерни 2010 йилда тамомлаган.
Антон шундан бери ҳокимиятлардан турар жой сўраш, мутасадди ташкилотларга мурожаат йўллаш билан овора. Янгийўл ва Олмалиқ шаҳар ҳокимлари йиллар мобайнида бир масалага аниқлик кирита олмаётган экан: Антонга ким уй бериши керак?..
Қонунда, меъёрий ҳужжатларда нима дейилган?
«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасига мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўзлари илгари яшаган турар жой майдонига эга бўлиш ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой олиш ҳуқуқига эга.
Турар жой бериш ким томонидан қандай амалга оширилади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги 164-сон Қарори билан тасдиқланган «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тартиби» тўғрисидаги низомнинг тўртинчи бобида турар жойлар бериш тартиби аниқ кўрсатиб қўйилган.
Унга кўра, турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобга қўйилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жойлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорлари асосида навбатдан ташқари берилиши зарур.
Турар жой бериш тўғрисидаги қарор асосида туман (шаҳар) ҳокимлиги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга белгиланган намунадаги ордер беради, у берилган турар жойга кўчиб кириш учун асос ҳисобланади.
Низомга мувофиқ, туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобга қўйилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда турар жой учун берилган ордерлар тўғрисидаги йиллик ҳисоботлар туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига кейинги йилнинг 17 январигача ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига кейинги йилнинг 22 январигача тақдим этилиши лозим.
Аммо амалда маҳаллий ҳокимликлар Ҳукумат қарори билан зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда катта сусткашликка йўл қўймоқда. Буни қабулимга ёрдам сўраб келган Меҳрибонлик уйи битирувчиларига йиллар давомида уй берилмаётганидан ҳам билиш қийин эмас.
Олейник Павел 2000 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Суд қарорига асосан 2006 йил 23-Меҳрибонлик уйига жойлаштирилган, 2017 йилда у ердан ҳисобдан чиқарилган. Шундан бери туғишган опаси (Меҳрибонлик уйи битирувчиси, эмизикли чақалоғи бор, унга ҳам турар жой берилмаган) билан опасининг дугонасиникида, бир хонали квартирада яшаб келаётган экан. Қарийб икки йилдан бери ҳеч қаерда рўйхатда турмагани учун расмий ишламаган. Турар жой сўраб қилган мурожаатларига «кутинг», деган жавобдан бошқасини эшитмаган.
Куришова Полина 2000 йилда Тошкент вилоятида туғилган. 2017 йилда 23-Меҳрибонлик уйи ҳисобидан чиқарилган. Ота-онаси, ҳеч қандай қариндоши, муқим турар жойи, иш жойи ҳам йўқ. Икки йилдан бери турар жой ажратилишини кутяпти.
Ишонмаслигингиз мумкин, мен ана шу ёшлар билан суҳбатлашиб, келажак ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини тинглаб, яратганга минг-минг шукрона келтирдим. Бу болалар ота-онасиз, ҳеч қандай суянчсиз, не бир азоб-уқубатлар, не бир қийинчиликларга чидаб, яна яхшиликка умид қилиб, тўғри фикр, соғлом дунёқарашни асраб қолаётгани, синмай яшаётгани, тўғриси, мени лол қолдирди. Шунинг учун уларга чин кўнглимдан раҳматлар айтдим, ёрдам кўрсатишга ваъда бердим. Бу ёшлар анча эрта тобланишган, сабр қилиш, иродали бўлиш нима эканини билади. Шароит яратилса, ҳақ-ҳуқуқи ҳимоя қилинса, улар кўп ютуқларга эришиши мумкин.
Президентимиз ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш йўналишларида илгари сураётган ғоя ҳамда ташаббуслар асосида ана шундай эзгу мақсад мужассам. Минг-минглаб қийналган, молиявий имконияти чекланган оилалар, оналар, ногиронлиги бўлган шахсларга уй-жойлар берилаётгани бунинг тасдиғидир.
Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи ҳам давлатимиз раҳбари эътиборидан четда қолгани йўқ. Лекин шу вазифаларга масъул бўлган давлат тузилмаларидаги мутасаддилар ва раҳбарларда масъулиятсизлик кучайиб бораётгани хавотирли. Бундай хулоса чиқараётганимиз бежиз эмас.
Президентимизнинг жорий йил 11 февралда қабул қилинган «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида муҳтож болаларга турар жой бериш масаласида алоҳида вазифа белгиланган.
Хусусан, уй-жойга муҳтож сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ўз вақтида турар жойлар ажратиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, шаҳар (туман) ҳокимлари шахсан жавобгар экани кўрсатиб ўтилди.
Аммо мазкур масалада кўплаб ҳудудларда муаммолар йиғилиб қолган. Ҳокимлар етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй навбатсиз берилиши кераклигини бутунлай унутиб қўйган кўринади. Қонун бор, Президент қарори бор, ҳукумат қарори бор, уларда ҳамма вазифа аниқ-равшан кўрсатиб қўйилган. Нима, ҳокимлар бу ҳужжатлардан умуман бехабарми? Давлат раҳбари томонидан қўйилган топшириқларга эътиборсизлик, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақ-ҳуқуқлари, тақдирига бефарқлик, бепарволик шу даражага етганми?
Партиямизнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари жойларда ўтказган дастлабки ўрганишлар натижалари одамни ҳайрон қолдиради. Гўё бу долзарб масала маҳаллий ҳокимликлар кун тартибидан тушиб қолгандек таассурот уйғонмоқда.
Масалан, аниқланган маълумотларга кўра, Гулистон шаҳри 4-мавзе Бўстон маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10-уйда Болалар шаҳарчасининг 5 нафар битирувчиси битта хонадонда 4 нафар фарзанди билан истиқомат қиляпти.
Бу ёшларнинг, норасида гўдакларнинг келажаги, тақдири нима бўлади? Шунча қийинчилик ва синовларни бошидан ўтказгани камдай, энди улар жамиятдан, ҳаётдан ижтимоий етим сифатида узилиб қолиши керакми?
Халқ демократик партияси, партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жой билан таъминлаш масаласида юзага келган муаммоли вазиятдан жиддий хавотирда эканини билдиради.
Барча депутатлик бирлашмаларимиз билан биргаликда ҳудудларда юзага келган оғир вазиятни чуқур танқидий таҳлил қилиш, меъёрий ҳужжатлар, жумладан, Президент қарори ижроси бўйича жамоатчилик ҳамда депутатлик назоратини кучайтиришимиз талаб этилади.
Шу ўринда фарзандликка, васийликка олинган болаларни ўз фарзандидек оқ ювиб, оқ тараган, меҳр берган, бошини силаган юраги пок халқимизга чексиз миннатдорчилигимни билдираман.
Зарур бўлса, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жой билан таъминлаш йўналишида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам ишлаб чиқилади.
Алия Юнусова,
Халқ демократик партиясининг
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси.
Манба: www.kun.uz