Энг оғриқли муаммолар билан ишлаяпмиз
Энг оғриқли муаммолар билан ишлаяпмиз

 

Хабарингиз бор, парламент қуйи палатасига вилоятимиздан сайланган депутатларга айрим саволлар билан мурожаат қилгандик. Берилган саволларга бу гал Пайариқ ва Жомбой тумани сайловчилари ишонч билдирган депутат Улуғбек Вафоев жавоб берди.

Қонунчилик палатасида бошқа депутатларга нисбатан тажрибангиз катта. Бу янги чақириқдаги фаолиятингизга қандай таъсир қиляпти?

Ҳа, тажриба борасида тўғри таъкидладингиз. Учинчи марта Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланишим. 2005-2010 ва 2010-2015 йилларда парламент қуйи палатасида депутат бўлганман. Беш йиллик танаффусдан сўнг яна депутатликка сайландим.

Қайд этиш лозимки, янги чақириқдаги парламент эскисидан мутлақо фарқ қилади. Авваламбор, янги парламентда – янги Ўзбекистонда рўй бераёган ислоҳотлар тўлиқ ўз аксини топган. Қонунчилик палатаси мажлислари очиқлик, ошкоралик ва фикрлар хилма-хиллиги асосида, турли тортишув ва мунозаларга бой тарзда ўтмоқда. Ушбу муҳит қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари сифатига ва уларнинг халқона бўлишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Мисол учун, илгари парламентда давлат бюджетини қабул қилиш жараёни ҳеч қандай тортишувларсиз бир кунда кечарди. Бюджет лойиҳасига ўзгартириш киритиш имконияти йўқ эди. Бирорта депутат ёки сиёсий партия фракциясининг таклифи қабул қилинмасди.

- Яқинда 2021 йил учун давлат бюджети қабул қилинди. Бюджет лойиҳасини Қонун сифатида қабул қилдик. Унинг муҳокамаси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ва сиёсий партия фракцияларининг мажлисларида қарийб бир ой давом этди. Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида ҳам уч маротаба муҳокама қилинди. Ушбу жараёнда депутатлар ва сиёсий партия фракциялари ўз сайловчиларининг манфаатларидан келиб чиқиб, жуда кўп ўзгартиришлар киритишга муваффақ бўлди.

Бундай мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, янги Парламентни эскисидан фарқи: парламент фаолияти демократлашган, унинг давлат бошқарувидаги роли ва жамиятдаги ўрни кескин ошган, депутатлар ва сиёсий партия фракцияларига самарали фаолият олиб боришлари учун кенг имконият яратилган.

- Парламент таркибини янгилаш ёки ёшартириш масаласига қандай қарайсиз? Сабаби, эски қолипларда ишлаб ўрганган депутатлар янги Ўзбекистонга мослаша олмаётгандай, назаримда.

- Парламент таркибини янгилаш ва ёшартириш масаласига ижобий қарайман. Янгиланиш ва ёшартириш жараёни эски қолипларда қотиб қолишнинг олдини олади. Шу билан бирга, тажрибага эга депутатларнинг салоҳиятидан ҳам самарали фойдаланиш керак, деб ҳисоблайман. Бунда, янги ва ёш депутатларнинг шижоати ҳамда тажрибали депутатларнинг салоҳиятининг уйғунлигини таъминлай олсак - парламент фаолияти самарадорлигига эришамиз. Шижоат ва тажриба уйғунлиги муваффақият гаровидир.

“Эски депутатлар янги Ўзбекистонга мослаша олмаётгандай”, деган фикрингизга қўшила олмайман. Сабаби, барча эски депутатлар ҳам бугунги ислоҳотларни орзу қилган ва унга интилган. Тажрибага эга депутатларимиз янги парламентда муносиб фаолият олиб боришмоқда ҳамда барча қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида уларнинг ҳиссаси катта.

- Ўтган давр мобайнида қандай аниқ муаммоларни ҳал қилолдингиз? Сайловчиларингизнинг қандай муаммолари айни пайтда тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмоқда, қандай натижа кутяпсиз?

Сайловлар жараёнида Пайариқ ва Жомбой туманларидаги мактабларнинг моддий-техник таъминоти оғир аҳволда эканига гувоҳ бўлганман. Ушбу муаммо республикамизнинг аксарият мактаблари учун долзарб, десам хато бўлмайди. Шу сабабдан, 2021 йил учун давлат бюджети қабул қилиниши жараёнида фракциямиз депутатлари билан биргаликда мактабларнинг моддий-техник таъминоти учун қўшимча маблағ ажратиш масаласини ҳукумат олдига қўйдик. Ушбу таклифимиз ҳукумат томонидан қабул қилиниб, мактабларнинг моддий-техник таъминоти учун 2021 йилда давлат бюджетидан қўшимча равишда 300 миллиард маблағ ажратиладиган бўлди.

Шунингдек, сайловчилар билан учрашув жараёнида пенсионерлар дуч келаётган айрим муаммолар аниқланганди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида (жамоа хўжалиги, давлат хўжалиги) ишлаб, пенсияга чиққан шахслар бошқа соҳа вакилларига нисбатан камроқ пенсия олаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Мазкур масала фуқаролар, мутасадди идоралар вакиллари билан бевосита мулоқот асосида ўрганиб чиқилди ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқишда қонунчилик билан боғлиқ айрим муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Мисол учун, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасида, “1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқаришда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади”, деб белгиланган.

Ўрганишлар кўрсатдики, аксарият ҳолатларда, қишлоқ хўжалиги соҳасида (жамоа хўжалиги, давлат хўжалиги ва ширкат ҳўжалигида) меҳнат фаолиятини 2005 йилга қадар юритган фуқароларнинг ушбу хўжаликлардаги меҳнат фаолияти тўғрисидаги (ҳар йилги меҳнат минимум қарорлари) маълумоти архив сақловига топширилмаган ёки умуман белгиланмаган.

Оқибатда қишлоқ хўжалиги соҳасида (жамоа хўжалиги, давлат хўжалиги ва ширкат хўжалигида) меҳнат фаолиятини 2005 йилга қадар юритган аксарият фуқароларга ишланган вақтнинг амалда давом этган давридан келиб чиқиб паст миқдорда пенсия тайинланган.

Шу боис, собиқ жамоа ва ширкат хўжалигида меҳнат қилган фуқароларнинг фаолияти даврларини тўлиқ йил сифатида инобатга олиниши тўғрисида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасига тегишли ўзгартириш киритиш таклифи тайёрланди.

Мазкур таклифларимни амалга ошириш мақсадида тегишли қонун лойиҳасини тайёрладим. Бугунги кунда ушбу қонун лойиҳаси белгиланган тартибда тегишли идора ва ташкилотлар томонидан ўрганилиб хулосалар олинмоқда.

Шу пайтгача айнан Сиз томонингиздан билдирилган қандай таклифлар қонунларда (балки лойиҳада) ўз аксини топди?

- Жорий йилнинг 15 октябрь куни қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунни тайёрлаш ҳамда қабул қилиш жараёнида, ногиронларнинг ҳаёт тарзини яхшилашга қаратилган 30 га яқин таклифлар киритдим ва уларнинг аксарияти қабул қилинди. Мисол учун, бугунги кунда эшитиш ва гапиришда нуқсони бор ногиронларни қийнаб келаётган сурдо-таржимонлар билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш бўйича тегишли моддалар менинг таклифим билан қонунга киритилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 20 октябрь куни қабул қилинган ва жуда катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинишида фаол иштирок этиб, 20 дан зиёд таклифлар киритдим ва уларнинг аксарияти қонунда ўз ифодасини топди.

Умуман, жорий йил давомида Қонунчилик палатаси томонидан 69 та, шу жумладан, 59 та алоҳида қонун ва 49 та қонун лойиҳасини ўз ичига олган 10 та жамланма қонун қабул қилинган. Ушбу қонунларни қабул қилинишида сайловчилар манфаатидан келиб чиққан 100 дан зиёд таклифлар киритганман.

- Қонунчиликка Самарқанд ёки айнан сизнинг сайловчиларингиз манфаатлари билан боғлиқ яна қандай таклифларингиз бор?

Жомбой ва Пайариқ туманларида ўтказилган учрашувларда айрим муаммоларга гувоҳ бўлдим. Бугунги кунда ижтимоий соҳани давлат томонидан тартибга солувчи ва бу борада тегишли мувофиқлаштириш ваколатларига эга бўлган ягона орган мавжуд эмас.

Масалан, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари 10 дан ортиқ вазирлик ва идоралар ваколатига киритилган. Аниқроғи, ногиронликни белгилаш ва ногиронларни тиббий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатига, ногиронларни ишга жойлаштириш – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, махсус мактаб-интернатлар фаолиятини ташкиллаштириш – Халқ таълими вазирлиги, ногиронларнинг транспорт хизматлардан фойдаланиши Транспорт вазирлиги ваколатига киради.

Кам таъминланган оилалар, пенсионерлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласида ҳам худди шундай ҳолат кузатилади. Айни дамда юқорида санаб ўтилган давлат органларининг ҳеч бири аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи вазифаларни бажармайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур муаммонинг ечими сифатида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини Бандлик, меҳнат муносабатлари ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги сифатида ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигини Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги сифатида қайтадан ташкиллаштиришни таклиф қиламан.

- Сайловчилар манфаатларидан келиб чиқиб, юборган депутатлик сўровингизга мисол келтиринг. Натижаси нима бўлган?

Шу ерда бир изоҳ бериб ўтмоқчиман. Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ва уларни ҳал этиш бўйича турли идора ва ташкилотларга мурожаат қилиш билан “депутатлик сўрови” ўртасида фарқ бор.

Бугунги кунга қадар менга фуқаролардан 19 та ёзма ва 30 га яқин оғзаки мурожаат бўлган. Барча мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилиб, тегишли идора ва ташкилотлар ёрдами билан ҳал қилинган.

Фуқароларнинг мурожаатлари ва сайлов округида олиб борилган ўрганишлар натижасидан келиб чиқиб, айрим тизимли муаммолар таҳлил қилинди. Ушбу муаммолар юзасидан тегишли тушунтиришлар бериш учун тегишли вазирликларга 4 та депутатлик сўровлари юборилди.

Мисол учун, камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Бош вазири ўринбосари Ж.Қўчқоровга депутатлик сўрови юборилди. Ушбу сўровда жойларда турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган қатламни бевосита касбга ўқитиш ва тадбиркорликка ўргатиш орқали даромадини ошириш бўйича мавжуд муаммолар қайд этилиб, уларнинг ҳал этилиши бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот талаб қилинган. Шу билан бирга, мазкур йўналишлардаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш учун қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар сўралган.

Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусановга камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича вазирлик томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида депутатлик сўрови юборилди.

Юборилган барча депутатлик сўровларига тўлиқ, сифатли ва малакали жавоблар олинди. Ушбу сўровлар орқали олинган маълумотлардан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишларни олиб бораман ҳамда шу орқали сайловчиларимизни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишга эришаман.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.

www.zarnews.uz

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш