Султон Мирҳайдар ота зиёратгоҳи маънавий комиллик тимсоли
Султон Мирҳайдар ота зиёратгоҳи маънавий комиллик тимсоли

 

Тарихий ҳақиқат мамлакатимиз дунё цивилизациясига ҳисса қўшган муқаддас замин эканлигидан кўп сўзлайди. Заминимиз кўплаб олим ва фузалоларга, авлиё ва алломаларга бешик бўлган. Азал-азалдан турли савдо йўллари, маданият ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган кўҳна гўшаларимизнинг оҳанрабоси, кўрку таровати инсонни доимо ўзига чорлаб туради. Албатта, буни гапиришга, фахрланишга тўла маънода маънавий ҳаққимиз бор.

Юртимизда муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар жуда кўп. Мустақиллик йилларида бундай муборак масканларни обод этиш, халқимизнинг маънавий меросини тиклаш ва асраб-авайлашга эътибор кучайди. Тўғрида, ҳар қарич тупроғида улуғ ва азиз авлиёларнинг изи қолган, ҳар бир ғишти халқимизнинг буюк маънавий ва маданий қарашларини жилолантирган зиёратгоҳ ва қадамжолар бизнинг энг катта бойлигимиздир.

Давлатимиз раҳбари вилоятларга ташрифини албатта биринчи муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишдан бошлайди. Бу албатта улуғ аждодларимизга бўлган ҳурматдан далолатдир.

Маълумки юртимиз ўзининг бой тарихи, маданияти, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган олиму, алломалари, беқиёс маданий мерос объектлари, қадимий меъморчилик, ҳунармандчилик ва пазандачилик санъати билан бир қаторда тарихий зиёрат туризми йўналишида ҳам юксак салоҳиятга эга минтақа ҳисобланади. Инсоният тамаддуни бешикларидан бўлмиш ушбу заминда не-не буюк алломалар, диний ва дунёвий илм эгалари яшаб, ижод қилган. Бугун улар мангу қўним топган масканларни янада обод этиб, бу жойларда зиёратчилар учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Худди шундай тарихий зиёратгоҳ Қашқадарё вилоятининг Касби туманида жойлашган Султон Мирҳайдар ота зиёратгоҳидир. Келинг, мен сизга ана шу зиёратгоҳ тарихи тўғрисида қисқача маълумот берсам.

Султон Мирҳайдар отанинг тўлиқ исмлари Амир Шамсиддин Мир Ҳайдар Али Ҳожа Ҳайдар Хуросоний бўлиб, Яссавия мактабининг йирик вакилларидан бири, Ҳаким ота ва Занги отанинг машҳур шогирдлари ҳисобланади. У киши 673/1275 йилда Хуросонда, Шўрдарё бўйидаги Қойим (Қайин)шаҳрида туғилган.

Миср шаҳрида таҳсил олиб, “фақиҳ олим” деган даражага етишган Хожа Шамсиддин фиқҳ илмида доно бўлган. Инжил, Таврот, Забур, Қуръонни мукаммал билган. Арабий, форсий, яҳудий, туркий тилларда сўзлашиш, ўқиш ва ёзишни билган. Ўн тўрт ёшида Макка ва Мадинага имом ҳамда Ҳарам толибларига устоз бўлган.

Султон Мирҳайдар ота 22 ёшида Истанбул мадрасаси толиблари илтимосига биноан фиқҳ илмига доир китоб битган. Касбига 31 ёшида, яъни 1301 йиллар атрофида келган ва бу ерда ўз мактабини яратган. Султон Мирҳайдар ота 92 ёшга кириб, 766/1366 йилда вафот этган ва Касбида дафн этилган. Бундай қутлуғ авлиёларнинг айтган ҳар бир сўзи, ҳаёти биз учун ибрат.

Ҳозирда ушбу зиёратгоҳ нафақат Ўзбекистонда, Марказий Осиёда ҳам машҳур зиёратгоҳлардан бири саналади. Бу ердан одамларнинг қадами узилмайди. “Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал”. Тасвирлар орқали тассавуримизда бу муборак зиёратгоҳ мавжланади. Шу боис, зиёратгоҳ ҳақидаги видеотасвирни сизга ҳам илиндик.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш