Куни кеча бир воқеанинг гувоҳи бўлдим, қизининг унаштириш маросими (фотиҳа тўйи)ни 300 киши билан ўтказиб, ўзини кўз-кўз қилмоқчи бўлган кап-катта аёл, 30 йилдан ортиқ бир ёстиққа бош қўйган турмуш ўртоғини «битта-ю-битта қизимни чиқараяпман, мебель ва сарполари учун пул топиб кел» деб, аёвсиз тергайвергач, чорасиз қолган эр аламидан ичкиликка муккасидан кетиб, топган пулини ҳам ичадиган аҳволга тушиб қолган. 50 ёшдан ошган оила устуни чора излаб волидаи муҳтарамасининг ҳузурига бориб, «онажон бунча пулни қаердан топаман, қандай қилиб қиз чиқараман, маҳалла - кўйда шарманда бўламан», деб ҳўнграб йиғлаб, ичидаги дардини тўкади.
Энди айтинг, муҳтарама аёллар, эркак қачон йиғлайди? Чорасиз қолганда. Айтинг-чи, ким уни шу кўйга солди? Никоҳ ўқитилаётганда яхши-ёмон кунимизда бирга бўламиз, бир-биримизга суянч бўламиз деган, ўз жуфти ҳалоли, аёли шу кўйга солди, шунга мажбур қилди. Эркак йиғлади, йиғлагунча нималарни бошидан ўтказмади, бутун вужуди, жисми, жонидан ўтказди бу азобларни, ким кафолат беради юрак хуружи тутмайди, деб. Эркакни оила устунига қиёслаймиз. Устунга дарз кетса, ёхуд қулаб тушиб, яроқсиз бўлса, иморат қулайди, бу дегани оила пароканда бўлади, таянчидан айрилади дегани. Энди тасаввур қилинг, оқибати нималарга олиб келади? Бундай аянчли мисолларни жуда кўплаб келтиришимиз мумкин.
Азиз опа-сингиллар! Бу ишларнинг барчасида аёлнинг иштироки беҳисоб. Агар аёл узоқни кўзлайдиган, ақлли, фаросатли, инсофли, диёнатли бўлса, оиласи, фарзандлари келажагини ўйласа, ҳою-ҳавасга берилмайди, тўй-ҳашамларни дабдабали ўтказилишига йўл қўймайди. Аксинча, етти ўлчаб бир кесади, исрофгарчиликка йўл қўймайди, фақат фарзандлари бахти камолини ўйлайди. Халқининг урф-одатлари, қонун-қоидаларини ҳурмат қилади.
Яқинда Олий Мажлис Сенати томонидан «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» қарор қабул қилинди. Бу қарорни қабул қилишга жуда катта эҳтиёж сезилди, тушунтирган билан, тўйларимиз, тадбир, маросимларимиз камаймади, аксинча, янада авж олди, исрофгарчилик кўпайди.
Ўзбегимнинг оқила аёллари! Ўтмишимизга назар солиб, мулоҳаза юритайлик, юқоридагилардан хулоса чиқарайлик, оиламизни асрайлик, оиламиз устунига тиргак бўлайлик, исрофгарчиликка йўл қўймайлик, тўй, маросимларимизни ихчамлаштириб, кўпроқ савоб ишларга қўл урайлик. Оила «вазири» ёки «бекаси» деган юксак унвонларга муносиб бўлайлик. Авваламбор, фарзандларимизнинг илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши йўлида барча имкониятимизни сарфлайлик, муҳтож инсонларга ёрдам беришдек савобли ишларни кўпайтирайлик.
Азиз аёллар, келинг, барчамиз бирлашайлик, бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик. Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатни амалга оширишда фаол иштирок этайлик, бизга нисбатан қилинаётган яхшилик, эзгулик, эътиборга муносиб жавоб қайтарайлик, сафимизни кенгайтирайлик. Барчамиз эзгу, савобли ишларда шахсий намуна бўлайлик.
Ўзбекистон ХДП «Фаол аёллар» қаноти номидан
Гулшан Асатова.