Ўзбекистон Халқ демократик партияси Шаҳрисабз туман кенгаши Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида қайта касбга ўқитиш ишларини кучайтириш бўйича қатор амалий тадбирлар амалга оширмоқда.
Жумладан, ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ҳозирги кунда тумандаги “Боғишамол” МФЙ биносида ташкил этилган тикувчилик курсида 30 нафар ёш хотин-қизлар ҳунар ўрганмоқда. Куни кеча яна 25 нафар хотин-қизларимиз касб ҳунарга ўрганиш учун рўйхатдан ўтишди ва уларни ҳужжатлаштириш учун мутасадди ходимларга топшириқлар берилди.
Маҳалла фаоллари билан “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида ҳудуддаги талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, пайвандлаш, замонавий “АКФА” эшик ромлар касбини ўргатиш учун бўш турган бинода ўқув маркази ташкил этишга келишиб олинди.
Туман партия кенгаш раиси Т.Узақов ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Л.Мамадиёров касб-ҳунар ўрганаётган хотин-қизлар билан доимий мулоқот олиб бормоқда. Айни кунда ўқув курсини тамомлаганидан сўнг уларни ишга жойлаштириш масаласи кун тартибида турибди. Депутатлар ва партия фаоллари бу борада амалий ҳаракатларни бошлаб юборишган.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати.