5 болали аёлга кўмак берилади
5 болали аёлга кўмак берилади

Яқинда ижтимоий тармоқларда “Ғузорлик она: йўқчиликдан ногирон боламни "Меҳрибонлик уйи"га бермоқчиман” сарлавҳа остида видео лавҳа тарқатилган эди. Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Музаффар Туропов, халқ депутатлар туман Кенгаши депутати Қундуз Жумаева ҳамда бир гуруҳ фаоллар материални ўрганиш мақсадида Ғузор тумани, Гулистон қишлоғида истиқомат қилаётган Райҳон Холбоева хонадонида бўлди.

Маълум бўлишича, қашқадарёлик Райҳон Холбоева 2015 йил кенжа фарзандини дунёга келтирганидан сўнг инсульт касаллигига дучор бўлган, ўнг ва чап қўлларини ишламайди, ногирон. Аёлнинг 5 нафар фарзанди бўлиб, турмуш ўртоғининг ишсизлиги, вояга етмаган болаларнинг қаровсизлиги, уй бекасининг оғир дардга йўлиққани оилани оғир аҳволга солиб қўйди. Шу сабабли, видеолавҳада ҳам оила ўзи мустақил ҳаракатлана олмайдиган ногирон кенжа қизини меҳрибонлик уйига топширишга мажбур бўлаётганлиги айтилган.

“Гулистон” МФЙ раисининг маълумот беришича, фуқаро Р.Холбоеванинг оиласига 2020 йилда тадбиркор ҳомийлигида  2 бош қўй, 5 маротаба 7 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан пул маблағи, мактаб ёшидаги 3 нафар фарзандлари учун ёрдам пули берилган. Маҳаллий ҳокимлик, ташкилотлар, маҳалла куй ночор бу оилага имкон даражасида ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши вакиллари мазкур оила аъзолари билан суҳбатлашиб, муаммо халқ депутатлари Ғузор туман Кенгаши депутатлари томонидан назоратга олинганини маълум қилди. Ногирон она ва фарзандига доимий тиббий хизмат кўрсатишни туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти ўз зиммасига олди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва ҳамда бошқа ҳужжатларга мувофиқ оилага мунтазам ёрдам бериладиган бўлди.

Биз бу масалани депутатлар билан бирга доимий назоратга оламиз.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Қашқадарё вилоят кенгаши

 

← Рўйхатга қайтиш