Халқ ишончи – олий эътироф
Халқ ишончи – олий эътироф

 

Луқмон Мамадиёров Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши депутати сифатида депутатлар орасида алоҳида ажралиб туради. У киши ҳузурига мурожаат билан келган ҳар бир фуқарони диққат билан эшитади, қўлидан келган ёрдамини аямайди. Мурожаатчининг муаммоси ҳал бўлмагунча тиниб-тинчимайди.

– Болалар-бизнинг келажагимиз. Депутат сифатидаги дастлабки фаолиятимни жажжи ўғил-қизларимиз тарбия топадиган боғчаларни қайта-қуришдан бошлаганман, – дейди Луқмон Мамадиёров. – Хусусан, ўзим сайланган “Биғми” сайлов округида таъмирталаб ҳолга келиб қолган 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти саъй-ҳаракатимиз натижасида буткул янгича қиёфа касб этди. Болажонларимизнинг таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилди. Албатта, бунда муҳтарам Президентимизнинг мактабгача таълимни ривожлантириш борасидаги ташаббус ва раҳнамоликлари муҳим ўрин тутади.

Одамларнинг дард-ташвиши билан яшаш, орзу-умидларига ошно бўлишни ҳаётининг мазмуни деб билган қаҳрамонимиз Халқ демократик партияси фаолиятида муносиб ўрнига эга бўлган сафдошларимиздан. У киши “Бугунги давр раҳбарининг фаолияти доимий равишда изланишда бўлиши, элни рози қилиши билан ўлчанади”, – дейди.

Луқмонжон Мамадиёров “Биғми”, кейин 7-«Боғишамол» сайлов округидан икки маротаба Шаҳрисабз туман Кенгаши депутати этиб сайланган. Халқ вакили сифатида эл-юрт ободлиги ва равнақи учун меҳнат қилиб келмоқда. Унинг депутатлик сўровлари ёрдамида «Боғишамол» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қорапойча, Уч уйли, Янгиқишлоқ ҳамда Дўнг қишлоқлари аҳолисини қийнаб келаётган асосий муаммо – ичимлик суви таъминотини яхшилаш, Ўрмонтепа қишлоғида жойлашган 22-сонли умумий ўрта таълим мактабида болалар учун спорт зали қурилишини Давлат дастурга киритиш, шунингдек, шу ҳудуддаги автомобиль қатновига мўлжалланган ички йўлларни таъмирлаш, хотин-қизларнинг бандлиги таъминлаш каби бир қатор муаммолар ҳал этилди.

Шунингдек, Луқмонжон Мамадиёров Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилором Имомованинг вакили сифатида фуқароларнинг мурожаатларини республика миқёсида ҳал этилишида яқиндан ёрдам бериб келаяпти.

Мақоламиз қаҳрамонининг депутатлик фаолиятидаги ибратли ишларидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Хусусан, Луқмонжон Мамадиёровнинг ташаббуси билан Шаҳрисабз тумани ва шаҳрида яшовчи 64 нафар хотин-қиз бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Ташхисда юрагида туғма нуқсони аниқланган икки нафар беморга имтиёзли ордер берилиши ва уларни жарроҳлик йўли билан даволанишларига ҳам у киши бош-қош бўлди.

Луқмонжон Мамадиёров каби депутатларимизни ҳақли равишда партиямизнинг обрўсини кўтараётган, ишончини ошираётган сафдошларимиздан деб аташ мумкин. Халқ ишончи эса биз учун энг олий эътирофдир.

 

Шалола ҲАЙИТОВА

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш