“Муҳтожларга мурувватли бўлайлик!”
“Муҳтожларга мурувватли бўлайлик!”

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан сўлим Шаҳрисаб туманининг Мироқи қўрғонида жойлашган “Мурувват” ногирон аёллар интернат уйида “Муҳтожларга мурувватли бўлайлик!” лойиҳаси ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Дилором Имомова, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Олим Равшанов, халқ депутатлари вилоят ҳамда туман Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари, соғлиқни сақлаш бошқармаси, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги вилоят ҳудудий бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари, “Мурувват” ногирон аёллар интернат уйида яшаётган хотин-қизлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбир доирасида интернат маъмурияти, бу ерда яшовчи хотин-қизлар иштирокида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига, “Мурувват”, “Меҳрибонлик” уйларига қаратилаётган эътибор, ғамхўрликлар хусусда фикр-мулоҳазалар билдирилди.

– Соғлиқни сақлаш тизимида катта ўзгаришлар бўлиши кутиляпти, – деди йиғилишда сўзга чиққан Қонунчилик палатаси депутати Дилором Имомова. – Соҳа ходимларининг меҳнатини қадрлаш, малакали кадрлар тайёрлаш, хорижий тиббиёт марказлари ва олийгоҳлари билан илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш масалалари давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида турибди ва бу борада кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидан энг чекка, олис ҳудудларда яшовчи аҳолимиз ҳам баҳраманд бўлади.

Шундан сўнг партия фаоллари ва депутатлар интернат уйида яратилган шароитлар, мутахассис ва шифокорлар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ташкил этилган тиббий кўрикда интернат уйида яшовчи барча хотин-қизлар текширувдан ўтказилиб, керакли маслаҳатлар берилди.

Тадбир сўнгида хотин-қизларга партия ва ҳомий ташкилотлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника ҳамда шахсий гигиена воситалари тақдим этилди.

 

Шалола ҲАЙИТОВА,

ЎзХДП Шаҳрисабз шаҳар кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш