Пенсия ва нафақа олувчилар учун 17 миллиард кўпми, камми?
Пенсия ва нафақа олувчилар учун 17 миллиард кўпми, камми?

 

Мамлакатимизда бугунги кунда 3 миллион. 915 минг нафардан ортиқ фуқаро ҳар ойда пенсия ва ижтимоий нафақа олади.

“Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони билан июль ойидан пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори оширилмоқда.

Бу, албатта, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, кексалар ва ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўзгариш ва янгиланишларни ўз ҳаёти мисолида қабул қилишларини таъминлашга қаратилган ишларнинг амалий ифодаси бўлди, десак, янглишмаймиз. Аммо савол туғилади: оширилаётган нафақалар миқдори реал ҳаётга, сарфланадиган эҳтиёжларга қанчалик мос келади?

 

Ўрол ЎРОЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

– Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли сонининг барқарор ўсиб бораётгани, кексаларнинг салмоғи барқарор даражада сақланиб қолаётгани ижтимоий масалаларга, айниқса, пенсия тизимига алоҳида эътибор қаратишни талаб этмоқда. Шу сабабли ҳам пенсия тизимига ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.

«Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони халқимиз турмуш даражасини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.

Фармонга кўра, жорий йил 1 июлдан бошлаб белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилди. Бунда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори, қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда, 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилади.

Шунингдек, белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 000 сўмга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 000 сўмга етказилади. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 000 сўмдан қўшилиши белгиланди. Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа эса ойига 513 350 сўмдан 565 000 сўмга ошириляпти.

Фармонга асосан 59 мингдан ортиқ фуқаронинг нафақалари қайта ҳисоблаб чиқилиши ўз-ўзидан бўлмайди. Ушбу пулларни тўлаш учун йил якунига қадар бюджетдан қўшимча равишда 17 миллиард сўм харажат қилиниши белгиланди. Албатта, бу билан жараён тўхтаб қолмайди. Аҳоли турмуш тарзини яхшилаш борасидаги ишлар кундан кун такомиллаштириб борилади. Асосийси, ушбу чоралар бироз бўлса-да ҳамюртларимиз турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсатади.

 

Шоҳруҳ ЎКТАМОВ, ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

– Жамиятнинг ривожланганлик даражаси одатда кексалар ва болаларнинг аҳволига, уларнинг ўзини қандай ҳис этишига ва қўллаб-қувватлашга муҳтож одамлар тоифасига давлат қай муносабатда бўлишига қараб ҳам белгиланади. Ижтимоий заиф кишиларга, яъни кексалар, ногиронлиги бўлганлар, ёлғиз, ночор кишилар ва аҳолининг бошқа тоифаларига ёрдам бериш давлатнинг бурчидир.

Жорий йилнинг биринчи чорагида давлат бюджетининг жами харажатлари 34,1 триллион сўмни, шундан ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар 18,2 триллион сўмни ташкил қилди. Ушбу харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,6 фоиз ошди. Пенсия ва нафақаларни оширишга республика бўйича 17 миллиард сарфланаётган экан. Бу фикрни эшитган кишининг фикрига биринчи бўлиб бу миқдор кам эмасми, бошқа имкониятимиз йўқмикан, деган саволлар келади.

ЎзХДП Сайловолди дастурида ҳам пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар ва аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш, ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имкониятлари ва ҳуқуқларини кенгайтиришга кўмаклашиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

Шу боис партия ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан пенсия тизимини ислоҳ этишга қаратилган қонун ҳужжатлари, қарор ва фармонлар ижросини мониторинг қилиб бориш, пенсия ва ижтимоий нафақалар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ишларни кучайтиришга янада кенгроқ эътибор қаратади.

Бизнинг фикримизча, пенсия ва нафақалар миқдори оширилиши реал эҳтиёжга нисбатан секинроқ кетмоқда.

 

Жўрабек ИБОДУЛЛАЕВ, Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани:

– Ёшим 27 да. 2 гуруҳ ногирониман. 2 йилдан бери ногиронлик нафақаси оламан. Июль ойидан бошлаб бериладиган нафақа 565 минг сўмга кўтарилди. Бу пулларни рўзғорга сарфлаймиз. Керакли дори-дармонлар оламан. Нафақа оширилиши яхши, албатта. Аммо бунда кундалик сарф-харажат, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар нархига, уларнинг тез-тез кўтарилиб боришига ҳам эътибор қаратилса маъқул бўларди. Бир ойлик миқдорга қўшилаётган қарийб 50 минг сўм айрим ҳолларда бир кунлик маҳсулот хариди учун етарли бўлмаслиги мумкин.

Аммо фақат давлат томонидан бериладиган ёрдамга қараб яшашни ҳамма ҳам хоҳламайди, оиламга, жамиятга нафим тегса дейман, ишлашни, ота-онамга қарашишни истайман. Меҳнат қилишга лаёқатим бор. Аммо иш топишда қийналяпман. Шунинг учун ўзим мустақил иш бошламоқчиман. Банкдан кредит олиб, паррадандачилик билан шуғулланишни истайман. Шунда менинг ҳам доимий даромадим бўларди. Келаси ойда банкка кредит олиш масаласида мурожаат қиламан. Ўйлайманки, мурожаатим сарсонгарчиликларсиз ижобий ҳал этилади.

 

Гулчеҳра САЪДУЛЛАЕВА, Тошкент шаҳар, Учтепа туман Ногиронлар жамияти раиси, 1 гуруҳ ногирони:

– Эртадан оширилган миқдорда нафақа оламиз. Фармонга кўра, I гуруҳ бўйича ногиронлик нафақаси миқдори 430 минг 647 сўмдан 465 минг 618 сўмга оширилиши белгиланди.

Туманимизда 2 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бор фуқаро истиқомат қилади. Ҳар бирининг ўзига яраша ўй-ташвиши, режа-мақсадлари бор. Уларни амалга ошириш кўп ҳолларда даромад, моддият билан боғлиқ бўлади. Ногиронларнинг кўпчилиги ишлай олмайди, меҳнат қилиш имкониятига эга эмас. Фақат бюджетдан бериладиган моддий таъминот ҳисобигагина кун кўрадиганлари ҳам бор. Пенсия ва нафақалар миқдори ҳисобланишида шу масалалар ҳам инобатга олиниши зарур, деб ўйлаймиз.

 

Матлубахон ХОЛИҚОВА, Андижон вилояти, Андижон тумани, 1 гуруҳ ногирони:

– Мен акам, унинг оиласи билан яшайман. Кўзлари кўрмайди. Акам ҳам 2-гуруҳ ногирони. Унинг 2 нафар фарзанди бор. Тўғриси, оилада ҳеч биримиз ишламаймиз, нафақадан ташқари даромадимиз йўқ. Акамнинг нафақаси баъзида ўзининг оиласига, рўзғорига етмайди. Фарзандларининг ҳам ҳаражатлари бор. Июль ойидан ошириладиган пенсия ва нафақалар миқдоридан хабарим бор. Лекин фақатгина нафақа ҳисобига рўзғор тебратадиган оилалар учун бу етарлимикин, деб ўйлаб қолдим. Акам каби фақатгина ўзини эмас, балки фарзандларини ҳам боқиши керак бўлганлар талай бўлса керак. Ҳисоблаб қаралса, оширилаётган миқдор неча кишининг неча кунлик ҳаражатига реал мос келади? Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ногиронлик учун олинадиган нафақалар оила, турмуш ташвишларини елкасига ортган, ўзи ногирон бўлса-да, рўзғор тебратишга мажбур одамлар эҳтиёжларини қанчалик қоплайди? Тўғри, қўлдан берганга қуш тўймас, деган гап бор. Шунинг учун менинг ҳам ишлагим келади. Бошқаларга оғирлигим тушмасин, дейман. Аммо кўзим кўрмагани боис ишлаш имкониятим камроқ. Шундай бўлса-да, тўқишни ўрганмоқчиман. Оладиган нафақамга бирозгина даромад қўшмоқчиман.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 30.06.2021, №25

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш