Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловда иштирок этади!

Бугун Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши видеоселектор тарзида бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этган йиғилишда “Сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида қатнашишига ижозат бериш тўғрисида”ги ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ваколатли вакили томонидан Марказий сайлов комиссиясига партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи имзолар қўйилган имзо варақалари тақдим этилган эди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилган Эксперт гуруҳи имзо варақаларини текшириб чиқиб, ижобий хулоса берди.
Бугунги йиғилишда Марказий сайлов комиссияси томонидан Эксперт гуруҳининг ижобий хулосаларига мувофиқ “Сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида қатнашишига ижозат бериш тўғрисида” қарор қабул қилинди.
Яъни, Ўзбекистон Халқ демократик партиясига жорий йилги сайловларда иштирок этиш учун расман ижозат берилди.

Бу ҳақдаги ҳужжат Марказий Сайлов комиссияси раиси томонидан партиямиз ваколатли вакили Улуғбек Вафоевга тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш