“Аёллар дафтари”дан тадбиркорликка
“Аёллар дафтари”дан тадбиркорликка

 

Халқ демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Бўстонлиқ тумани Нанай қишлоғида “Аёллар дафтаридан тадбиркорликка” лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова, ХДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Акмал Умаралиев, партия Бўстонлиқ туман Кенгаши раиси О. Бабаев ҳамда партия депутатлари, масъул ходимлари иштирок этдилар.

Тадбир доирасида Жаҳонобод қишлоқ оилавий поликлиникасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ногирон аёллар учун тиббий кўрик ташкил этилди. Шу билан бир қаторда, COVID-19 касаллигига қарши аҳоли ўртасида эмлаш ишларининг бориши ўрганилди ва эмлашнинг афзалликлари бўйича тадбир иштирокчиларига тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, Нанай қишлоғида истиқомат қилувчи, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган Сайёра Мирзараҳимовага кўрсатилган амалий ёрдам натижасида ташкил этилган “Нанай қизғалдоқ” оилавий болалар боғчаси фаолияти билан танишилди. Мазкур боғчада бугунги кунда Нанай қишлоғида истиқомат қилувчи 25 нафар болажон тарбияланмоқда. Муассаса ташкил этилиши туфайли 3 та иш ўрни яратилиб, 3 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди. Тарбияланувчиларнинг инглиз тилини ўрганиш бўйича эришаётган натижалари барчани қувонтирмоқда.

Шуниси қувончлики, “Аёллар дафтари”га рўйхатга киритилган нанайлик Дилнавоз Шораҳметова, Фарохат Рўзметова, Гулчеҳра Мирахметова каби хотин-қизлар касб-ҳунарга қайта ўқитилган ва ҳозирда улар асаларичилик, тикувчилик йўналишлари бўйича тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганлар. Тадбир иштирокчилари уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиб, аёллар тадбиркорлигини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш лозимлигини қайд этдилар.

“Аёллар дафтаридан тадбиркорликка” лойиҳаси доирасида эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган бир гуруҳ фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди.

 

ЎзХДП Тошкент вилояти Кенгаши

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш