Қачон халқ дардини тинглашни ўрганамиз?
Қачон халқ дардини тинглашни ўрганамиз?

 

Бугун халққа хизмат қилиши керак бўлган давлат идоралари масъулларнинг бепарволиги, лоқайдлиги фуқароларни сарсон қилаётгани оқибатида ўз саволига жавоб ололмаётган, амалдорларнинг қабулхонасида сарғайиб кунларини беҳуда ўтказаётганлар дардларини ижтимоий тармоққа олиб чиқишга мажбур бўлишмоқда. Кундалик ҳаётимизда бундай шикоятларга ўнлаб маротаба дуч келаямиз. Хусусан, 2021 йил 28 июль куни телеграм ижтимоий тармоғида Қашқадарё вилояти, Қарши туманидаги “Шойхўжа”, “Мустақиллик”, “Тинчлик” ва “Ғубдин” маҳаллаларида табиий газ, ичимлик ва оқова сув йўқлиги, шунингдек, ишсизлик авж олиб кетганлиги юзасидан аҳоли мурожаати жойлаштирилди. Фуқаро Гулбаҳор Акрамованинг таъкидлашича, туманда 2550 дан ортиқ оила истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти тоза ичимлик ва суғориш суви танқислигига дуч келган, табиий газ қувурлари мутасадди ташкилотлар томонидан кесиб ташланганлиги натижасида қишнинг совуқ кунларида уй иситишда муаммога дуч келишади, туманда ишлаб чиқариш корхоналари йўқлиги сабаб фуқароларнинг кўп қисми ишсизликдан азият чекади. Маҳаллий ҳокимиятга йўлланаётган ариза ва шикоятлар жавобсиз қолмоқда.

Ҳақиқатда, ЎзХДП Қашқадарё вилояти ва шаҳар кенгаши аъзолари ва маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда муаммони жойида ўрганганилганида аҳоли томонидан кўтарилган масалалар ўринли экани аниқладни. “Hududgaz Qashqadaryo” газ таъминоти филиали томонидан берилган маълумотда қайд этилишича, туманнинг “Шойхўжа”, “Мустақиллик”, “Тинчлик” ва “Ғубдин” маҳаллалари бундан олти йил илгари туман ҳокимининг 2015 йил 8 майдаги Х 435/5 сонли қарорига асосан, суюлтирилган газ таъминотига ўтказилган. Айни кунда ушбу маҳаллаларда 3555 та аҳоли хонадонлари суюлтирилган газ истеъмолчилари сифатида рўйхатга олинган. Жумладан “Шойхўжа” маҳалласида 510 та, “Мустақиллик” маҳалласида 903 та, “Тинчлик” маҳалласида 924 та ва “Ғубдин” маҳалласида 1218 та аҳоли хонадонлари мавжуд бўлиб, ҳар бир хонадон туман бўлими томонидан белгиланган режага мувофиқ, суюлтирилган газ билан таъминланиб келинмоқда. “Hududgaz Qashqadaryo” газ таъминоти филиалининг яна қўшимча қилишича, истеъмолчилар хонадонида энергия тежамкор газ жиҳозларини, шунингдек, табиий газ таъминотида барча тоифадаги истеъмолчилар орасида табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (ГНҲАТ/АСКУГ) кенг жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида, мавжуд газ истеъмолини иқтисод қилинишига қараб ва шундан сўнг бор имкониятларни инобатга олиб, ушбу маҳаллаларнинг табиий ва суюлтирилган газ истеъмолчилари қайта кўриб чиқилади.

Маълумотларга кўра, бугун, 30 август куни туман ҳокими Махсуда Мустафаева иштирокида туман ҳокимлигида ҳам фуқаролар мурожаатларини ҳал этиш борасида ишлар олиб борилди. Албатта, муаммога расмий муносабатлар билдирилаётгани, учрашувлар ўтказилаётгани яхши. Аммо муаммо газак олиб кетмасдан, ижтимоий тармоқларга чиқмасдан олдин шикоятчилар дарди тингланса мақсадга мувофиқ бўларди.

Афсуски, Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманларда аҳоли яшаш шароитини яхшилашга қаратаётган эътиборига қарамасдан кўплаб вилоятларнинг чекка қишлоқ ҳудудларида маҳаллий аҳолини тоза ичимлик суви, электр энергияси билан таъминлаш, аҳолини иш билан таъминлаш ишига “панжа ортидан” қараш, ишни пайсалга солиш ҳолатларининг кети кўринмаяпти.

Ўзбекистон имкониятлар мамлакати. Агар ҳохиш ва истак бўлса, ҳар қандай муаммога ечим топиш мумкин. Мамлакатимизда ҳеч ким эътибордан четда қолиши мумкин эмас. Шу нуқтаи назардан ХДП Қашқадарё вилоят Кенгаши масалани жойига чиққан ҳолда аҳолининг фикр ва таклифларини ўрганди, ушбу ҳолат назоратга олинди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

 
← Рўйхатга қайтиш