Мономарказлар қачон фаолият бошлайди?
Мономарказлар қачон фаолият бошлайди?

 

Мамлакатимизга кучли салоҳиятга эга билимли ёшлар ва кучли иқтисодиёт керак. Айни пайтда дунёда келажак иқтисодиёти талабларига тўлиқ жавоб берадиган янги ўқув маданияти шаклланмоқда. Шу сабабли 2020 йилги Давлат дастурида бутун мамлакат бўйлаб «Ишга марҳамат» моно-марказлари ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил этиш вазифалари белгиланган. Мазкур марказларда ишсизлар ва камбағал оилалар аъзолари тадбиркорлик ва касбга ўқитилади, шунингдек, банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилиш, фуқароларга психологик ва юридик хизмат кўрсатиш йўналишларида ҳам фаолият олиб боради. Дастур бешта ташаббус доирасида рақамли технологиялар марказларини, ёшлар ва IТ-паркларни яратишни ҳам назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарор имзоланди. Ҳужжатга мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда тегишли ҳудудларда «Ишга марҳамат» мономарказларини, касб-ҳунарга ўқитиш марказларини, Тошкент шаҳри туманларида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Энг аҳамиятлиси, мазкур Қарор билан биринчи марта қонунчилик даражасида ушбу соҳада хусусий секторни қўллаб-қувватлаш назарда тутилиб, имтиёзлар рағбатлантириш чоралари сифатида киритилди. Шундай қилиб, нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этиш учун бўш турган бинолар ёки уларнинг бир қисми оператив бошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади. Ўқув дастури ва ўқитувчиларни мустақил танлаш ҳуқуқи тақдим этилади.

Бухоро вилоятида мазкур карор ижроси юзасидан ўрганишлар ташкил этилди. Шаҳар ва туманларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари ҳамда Бандлик бўлими ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари мутасадди ходимларидан иборат таркибда Ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, мазкур ишчи гуруҳи аъзолари томонидан «Аёллар дафтари»га киритилган ишсиз аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ташкил этилган Марказлар фаолияти, уларнинг мутахассислар билан таъминланганлиги, хотин-қизларнинг касб-ҳунар ўрганиши ва амалиёт ўташи учун яратилган шароитлар, сертификат олгандан кейинги меҳнат фаолияти, бандлиги таъминланганлиги ҳолатлари ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар чоғида аниқландики, ҳар бир туманда «Темир дафтар»га киритилган аёллар касбга ўқитиш марказларига жалб қилиниб, касб-ҳунарга ўқитилган. Ўқувлар жараёнида хотин-қизларга мос равишдаги касб-ҳунарлар танланиб, миллий ҳунармандчилик асосида ташкил этилган. Жумладан, тикувчилик, зардўзлик, асаларичилик, тунукадан турли буюмлар ясаш, гул босилган газламалар ва чокли буюмлар тикиш, чорвачилик, паррандачилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги, иссиқхоналарда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, бизнес кўникмаларини йўлга қўйиш ва бошқа йўналишлар бўйича ўқитилган. Ўқитилган хотин-қизлар 20 ёшдан 35 ёшгача бўлганларни ташкил этади.

Туманлар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан ишсиз хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун зарур шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш мақсадида ҳар бир марказ ўқувчисига ойига 560475 сўмдан тўлов амалга оширилиб келинган. Шу билан бир қаторда камчиликлар хам мавжуд, пишириқларни тайёрлашда озиқ-овқат масаллиғларини хотин-қизлар уйларидан олиб келмоқдалар. Баъзи марказларда электр газ плита ишдан чиққан. Тикув цехларида шароит етарли эмас. Аммо шунга қарамай вилоятда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш жараёни намунали тарзда ташкил этилмоқда.

Шу асосда жами 4862 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминлангани эътиборга молик. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, вилоятда фақат юқорида айтганимиздек аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолияти яққол кўзга ташланади. Афсуски, «Ишга марҳамат» мономарказлари эндигина фаолиятини бошлаяпти. Тегишли идоралардан бу ҳақда маълумот сўраганимизда мутасаддилар мономарказ биносини таъмирлаш жараёни узоқ давом этгани билан изоҳлашди. Таъмир битиб фаолиятини бошлаган мономарказлар эндиликда депутатлар эътиборида бўлади: Мономарказлар ишлармикан ёки баҳона излармикан?!.

 

Шохиста Набиева,

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари.

 
← Рўйхатга қайтиш