Ҳарбийлар билан учрашув
Ҳарбийлар билан учрашув

 

"Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида жойларда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Нишон туман бўлинмаси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси туман Кенгаши, Нуристон гарнизони билан ҳамкорликда Нуристон шаҳарчасида "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила-аъзолари иштирокида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Уни Республика Маънавият ва маърифат маркази Нишон туман бўлинмаси раҳбари Хўжамқул Давронов очиб, барчани тобора яқинлашаётган Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан табриклади.

Тадбирда шоир Усмонқул Примов, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, ижодкор Шерхон Қораевлар Мустақиллигимизни тараннум этувчи шеърларидан намуналар ўқидилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мурод Ҳазратқулов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси туман Кенгаши раиси Асқар Беккамов, Нуристон гарнизони ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, подполковник Шодиёр Абдулакимовлар юртимизда мустақиллик йилларидаги бунёдкорлик ишлари, истиқлол берган неъматнинг қадри ҳақида таъкидладилар.

Туман ҳокимининг маънавий маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйрча маслаҳатчиси Орзигул Абдурахмонова "Давлат тили тўғрисида"ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг мазмун-моҳияти ва қарор ижроси бўйича туманда амалга оширилаётган ишлар, "Қадринг баланд бўлсин, она тилим!" танловини ўтказиш ва унинг мазмун моҳияти тўғрисида гапирди.

— Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатар стратегиясини ҳаётга жорий этиш асосида мамлакатимизнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётини тубдан янгилаш, "Миллий тикланишдан-миллий юксалиш сари" ғоясини реал воқеликка айлантириш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда, дейилади қарорда, — деди тадбирда иштирок этган Нишон туман халқ таълими бўлими она тили ва адабиёти, қардош тиллар ҳамда Давлат тили бўйича методисти Ботир Алиқулов. — Ўтказилаётган бу каби маънавий-маърифий тадбирлар халқимизнинг фикрини, дунёқарашини янада бойитишга хизмат қилади.

Маънавий-маърифий тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, Толимаржон шаҳарчаси, маҳаллаларда давом эттирилади.

 

Шавкат СУЛТОНОВ,

"Нуроний" мухбири.

 

← Рўйхатга қайтиш