Ички ишлар ходимлари қачонгача зуғум ўтказади?
Ички ишлар ходимлари қачонгача зуғум ўтказади?

 

Шу йилнинг 11 августида Ижтимоий тармоқларда “Қаршида уйи бузилган аёлни ИИБ ходимлари судради” сарлавҳаси остида видео лавҳа жойлаштирилди. Маълум бўлишича, Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Санобар Йўлдошеванинг Қарши шаҳар “Қарлиқхона” маҳалласида жойлашган 12 сотихли уй-жойи 2011 йил “снос”га тушган. Фуқаро яшаб турган худудга кўп қаватли уйлар қурилган. Аммо маҳаллий ҳокимият вакиллари фуқарони уй-жой билан таъминламасдан, янги уй берилиши ҳақида кафолат хати бериб, фуқаро ва унинг оиласини Қарши шаҳридаги Қурилиш коллежининг ётоқхонасига жойлаштиришган. Уларга Қарши шаҳар ҳокимлиги қарори асосида 2016 йилга келибгина уй ажратилади. Бироқ, 2019 йили аёл ва унинг қизи учун Ислом Каримов кўчасидаги кўп қаватли уйлардан ажратилган уйнинг яна бир эгаси борлиги маълум бўлган. Шундан буён аёл судма-суд юриб сарсон бўлгани етмагандай, уни яшаб турган уйидан ИИБ ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари мажбурий тартибда, аёл киши бўлишига қарамасдан судраган ҳолатда чиқариб ташламоқда.

Бу ҳолат қайси одоб-аҳлоқ, инсонийлик меъёрларига тўғри келади? Ички ишлар ходими фуқарога, хусусан, аёл кишига, яна у жиноятчи эмаслигини била туриб қўпол муносабатда бўлишга ҳаққи йўқ. Нега давлат хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўз хизмат вазифасини ўташ вақтида ўзини тутиш одобига амал қилмаслик, фуқароларга нисбатан қўпол муомала, куч ва босим ишлатиш ҳолатлари ортиб бораяпти?

Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу каби ҳолатларни кескин қоралайди. Инсон ҳуқуқлари олий қадриятга айланиб бораётган мамлакатимизда инсонни хўрлаш, унинг ҳуқуқларини оёқости қилишга қарши чиқади.

Аввалроқ Санобар Йўлдошева муаммосини ечишда ёрдам сўраб Ўзбекистон ХДП мурожаат қилган. Аҳвол ўрганилганда аризада баён этилган барча муаммолар мавжудлиги аниқланди. Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши ва халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгашидаги депуталик гуруҳи ишчи гуруҳ тузиб, фуқаро Санобар Йўлдошеванинг масаласини ўз назоратига олди. Фуқаронинг уй билан боғлиқ муаммоси атрофлича ўрганилгандан сўнг, уни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилади. Муаммо юзасидан кўрилган чоралар ҳақида қўшимча ахборот берилади.

Шунингдек, бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги, “снос” билан боғлиқ ишлар тизимли ва тартибли равишда амалга оширилиши юзасидан ХДП вилоят кенгаши ва депутатлик гуруҳлари жамоатчилик назоратини кучайтиради.

 

ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши

 

 

← Рўйхатга қайтиш