Ер соҳасидаги қонунчиликка киритилаётган айрим ўзгартишларга ЎзХДП фракцияси эътироз билдирди
Ер соҳасидаги қонунчиликка киритилаётган айрим ўзгартишларга ЎзХДП фракцияси эътироз билдирди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида кун тартибидаги бир қатор масалалар қаторида «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида “Қишлоқ хўжалигига мўлжаллаланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 29 та моддасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда 2 та янги модда киритиш кўзда тутилган.

Шунингдек, ерни хусусийлаштириш бўйича аризаларни инсон омили таъсир қилмайдиган тарзда топшириш ва кўриб чиқиш бўйича автоматлаштирилган тизимни жорий этиш, якка тартибдаги тадбиркорларга, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун уларга тегишли ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқини бериш, кичик саноат зоналари, хусусийлаштирилиши мумкин бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан боғлиқ бир қатор ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш кўзда тутилган.

Қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди. Депутатлар қонун лойиҳасининг айрим моддаларига нисбатан қатъий эътирозлар билдирилди. Хусусан, фракция аъзоларидан М.Варисова, Ш.Назаров, Д.Мамажонова, Д.Имамова ва З.Шадиевалар қонун лойиҳасидаги бир қанча баҳсли масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини баён қилди.

Жумладан, депутатлар бундай муҳим қонунни қабул қилишда шошма-шошарлик қилиб бўлмаслигини, унинг ҳар бир модда, банди фақат халқимиз манфаатига хизмат қилиши кераклигини, у аҳоли ўртасида кескин табақаланишга, бунинг ортидан жамиятда норозилик пайдо бўлишига йўл қўймаслик зарурлигини таъкидладилар.

Фракция аъзолари берган саволларига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари И.Норқулов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Р.Мамутов ва бошқа мутасаддилар томонидан берилган жавоблардан қониқмади.

Шу боисдан қонун лойиҳаси фракциянинг навбатдаги йиғилишда яна бир бор муҳокама қилинишига келишиб олинди.

Йиғилишда фракция аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқиб, партия электорати манфаатларига мувофиқ равишда муносабат билдирилди.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП фракцияси фаолиятига доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш