Пленумда қурултойга делегатлар сайланди
Пленумда қурултойга делегатлар сайланди

 

Сайлов нафақат номзодлар, сиёсий партиялар учун, балки сайловчилар, халқимиз учун ҳам катта синов, улкан имкониятдир. Шу маънода мамлакатимиз сиёсий майдонидаги кучлар муҳим сиёсий жараёнга катта тайёргарлик кўрмоқдалар. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ҳудудий партия ташкилотлари бўлажак Президент сайловига тайёргарлик кўриш, Ўзбекистон Халқ демократик партияси XII қурултойига делегатлар сайлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқмоқдалар. Бугун Халқ демократик партиясининг Хоразм вилоят Кенгаши пленумида ҳам қурултойга делегатларни сайлаш масаласи муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар сайлов демократиянинг энг муҳим белгиси, фуқаролар хоҳиш-иродаси ифодаланишининг мустаҳкам кафолати эканлигини таъкидлашди. Агар таққослаб кўрадиган бўлсак, одамларнинг бугунги дунёқараши билан бундан 5-10 йил олдинги тушунча ва тасаввури орасида ер билан осмонча фарқ бор. Ҳозир фуқаролар сайлов тизими ва тартибини, ўзининг сайлаш, сайланиш ҳуқуқини яхши идрок этади. 2019 йил парламент ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловлар фуқароларда сиёсий ирода ва талабчанлик ўсганини яққол кўрсатди.

Сиёсий партиянинг жамиятдаги нуфузи ва роли унинг электорат манфаатларини қай даражада ҳимоя қилаётгани, жойлардаги муаммоларнинг ечими юзасидан қандай ташаббуслар билан чиқаётганига қараб белгиланади, албатта.

Шу маънода Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами, хусусан, жисмоний имконияти чекланган кишилар, вақтинча ишсиз ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Муҳокамаларда сўзга чиққан партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши раиси Рахимберган Юсупов сайлов кампаниясининг ҳар бир босқичида масъулият билан иштирок этиш, аввало, жамоатчиликка, электорат вакилларига партия ташкилотлари ҳамда депутатларимизнинг амалий ишлари ҳақида кенг ахборот бериб бориш муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди.

Пленумда Президент сайлови кампаниясининг ҳал қилувчи, энг қизғин жараёнларига янгича ғоя ва ташаббуслар, янгича қиёфа, кўтаринки кайфият билан кириб бориш зарурлиги таъкидланди. Пленумда партия Қурултойига делегатлар сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар асосида делегатлар сайланди.

 

ЎзХДП Хоразм вилоят Кенгаши

 

 

Теглар

Пленум sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш