Қонун олдида барча баробар: милиция ходими ҳам
Қонун олдида барча баробар: милиция ходими ҳам

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани «Амфитеатр» мажмуасида 28 август куни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирларини ўтказиш жараёнида туман ички ишлар органлари ходимлари ҳамда Ўрта Чирчиқ тумани халқ депутатлари кенгаши депутати Феруза Бабашева ва Чирчиқ шаҳар халқ депутатлари кенгаши депутати Жаҳонгир Тўлаганов ўртасида юзага келган зиддиятли ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилмоқда.

Воқеага ички ишлар идоралари масъуллари ҳамда депутатларнинг ўзлари томонидан берилган изоҳларда томонлар қонунбузарликка йўл қўймаганликларини маълум қилганлар. Расмий хабарга кўра, воқеа иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тўпланган материаллар прокуратура органларига юборилган.

Албатта, прокуратура томонидан мазкур ҳолатга одилона, қонуний баҳо берилади. Бироқ, очиқ-ойдин кўриниб турган, депутатлик дахлсизлиги ҳолатига тажовуз қилингани хусусида ИИБ идораларининг расмий жавобларида лом-мим дейилмаган.

Маълумот учун эслатиб ўтамиз, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунга кўра, депутат ўзининг ваколатлари муддати мобайнида дахлсизлик ҳуқуқига эга. Тегишли халқ депутатлари кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Муаммо қонун доирасида ҳал қилиниши керак. Ваҳоланки, кейинги пайтларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг мансаб ваколати доирасидан чиқиб кетаётгани ҳолатларига тез-тез учраб турибмиз.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш