Мақсуда Ворисова қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди
Мақсуда Ворисова қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди

 

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг қашқадарёлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди. Қарши шаҳридаги “Ўзбекнефтгаз” АЖ катта мажлислар залида бўлиб ўтган учрашувда вилоятдаги туман ва шаҳарлар сайловчилари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов олиб борди. Сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумот берилди.

Учрашувда сўзга чиққан Президентликка номзод Мақсуда Ворисова сайловолди дастуридаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, мамлакатда ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш мақсадида, аҳолининг барча қатламларининг давлат ва жамият ҳаёти, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини таъминлаш, пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимини шакллантириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинлаш масалалари устувор мақсадлар сифатида белгилаб олинганини таъкидлади.

Шунингдек, номзод оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, асосий озиқ-овқатлар нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш, қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш Сайловолди дастурдаги асосий йўналишлардан экани хусусида тўхталиб ўтди.

Маърузада Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболдаги имкониятлари ҳақида тўхталди. Хусусан, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун барқарор иш ўринлари яратиш, инфратузилмани яхшилаш, ичимлик суви, электр, табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш зарурлигига эътибор қаратди.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашларини, жиззахликларни сайловда ушбу номзодга овоз беришга даъват қилдилар.

Тадбирдан сўнг Мақсуда Ворисова вилоятдаги тиббиёт, ижтимоий муассасаларида бўлиб, муассаса ходимлари, фуқаролар билан самимий, очиқ мулоқот ўтказди. Уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари юзасидан самимий ўртоқлашди.

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш