Ишончли вакил пайариқлик сайловчилар билан учрашди
Ишончли вакил пайариқлик сайловчилар билан учрашди

 

Пайариқ туманидаги 17-сон мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили Бадриддин Насриевнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилаётгани, сиёсий партиялар қаторида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурини мазмун-моҳиятини тушунтиришга ҳамда аҳоли орасида кенг тарғиб қилишга эътибор қаратилди.

Йиғилишда ишончли вакил Б.Насриев сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини номзоднинг сайловолди дастури билан таништирди ҳамда сайлов жараёни, партия фаолияти тўғрисида маълумотлар берди. Маърузада дастурнинг асосий мақсади – мамлакатимизда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этишдан иборатлигига эътибор қаратилди.

Учрашувда сўз олган партия фаоллари номзод фаолиятига назар солиб, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсонлар учун, халқ учун, уларнинг обод юртда эркин ва фаровон яшашлари учун ҳаётга тадбиқ этилаётганлигини эътироф этишди.

– Номзоднинг дастури билан обдон танишиб чиқдим, дастурда ижтимоий тенглик, ижтимоий адолат, аҳолининг барча қатламларига бирдек хизматлар кўрсатиш, барчага ғамхўрлик қилиш давлатнинг бурчи каби эзгу ғоялар илгари сурилган. Айниқса, қарияларга ғамхўрлик қилишни таъминлаш борасидаги таклифларни жуда ўринли деб биламан ва йиғилганларни Мақсуда Ворисовага овоз беришга чақираман, – дейди партия фахрийси Облоқул Эрназаров.

Ишончли вакил иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди ва жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзод Мақсуда Ворисовага овоз беришга чақирди.

 

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши

Ахборот хизмати

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш