30 га тўлган партиянинг 30 йиллик аъзосиман
30 га тўлган партиянинг 30 йиллик аъзосиман

 

Мен Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил этилган 1991 йилдан буён унинг аъзоси эканимдан чексиз фахрланаман. Ўтган даврда даврда неки ютуқ, муваффақиятларга эришган бўлсам, буларнинг барчаси партиядаги фаолиятим билан чамбарчас боғлиқ деб ҳақли равишда айта оламан.

Ўтган давр мобайнида тумандаги 17-Учтепа сайлов округидан уч марта депутат этиб сайландим. Бугунги кунда ҳам партия Яккабоғ туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари Яккабоғ туман Кенгаши депутати сифатида партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқариш, халқ орасида партиямизнинг обрў-эътиборини кўтариш борасида самарали меҳнат қилиб келмоқдамиз. Шунинг билан бирга, ёшларни буюк аждодларимизнинг муносиб давомчиси бўлишга, мустақиллик берган кенг имкониятлардан унумли фойдаланишга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиб келмоқдамиз.

Партиямиз электорати – ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотганлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ, манфаатларини ҳимоя қилиш доимий эътиборимизда бўлиб турибди. Бундан ташқари, аҳолини ўйлантираётган муаммолар, хусусан, тоза ичимлик суви, электр таъминоти ва носоз йўллар борасида ҳақли эътирозлар билдирилган мурожатларни ҳал этишда ўз ҳиссамизни қўшиб келмоқдамиз.

Туман хотин-қизлар қўмитаси, Реабилитация маркази, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари билан доимий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз. Ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятимиз натижаси ўлароқ, тумандошларимизни ўйлантириб келаётган кўплаб муаммоларни ҳал этилмоқда.

Камтарона  меҳнатларим эътироф этилиб, 2011 йилда “Шуҳрат” медали билан, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллиги ва 25 йиллиги кўкрак нишонлари билан тақдирландим. Бу каби рағбат ва эътирофлар янада фаол, янада самарали меҳнат қилишга ундаши шубҳасиз.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Яккабоғ туман Кенгаши жамоаси фаоллари номидан барча партиядошларимизни Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 30 йиллик байрами билан чин юракдан муборакбод этаман.

 

Назира Элмуродова,

Ўзбекистон ХДП Яккабоғ туман кенгаши раиси.

 

 

← Рўйхатга қайтиш