Бугунги кунда хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда, опа-сингилларимизни жамиятнинг тенг ҳуқуқли, фаол ва бунёдкор аъзосига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг бешинчи йўналиши хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилгани, бундан ташқари, “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилингани бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори эса партиямиз электорати вакиллари бўлган хотин-қизларнинг имтиёзли ва ҳатто бепул уй-жойлар билан таъминлашга хизмат қилаётир.
Юқорида таъкидланган ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида хотин-қизлар билан ишлашни мутлақо янги даражага олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш ишларини самарали ташкил этиш, уларнинг интеллектуал, ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган саъйи-ҳаракатлар опа-сингилларимизнинг оила ва жамиятдаги мавқеи юксалиб боришига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Бу муҳим масалалар, албатта, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолиятида ҳам етакчи ўринда туради. Жумладан, партиянинг Бухоро вилоят кенгаши “Фаол аёллар” қаноти томонидан жойларда ўтказилаётган учрашувларда, лойиҳаларда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, оила даромадини ошириш, "Темир дафтар"да қайд этилган оилалар сонини қисқартириш эвазига камбағалликни йўқотиш, аёллар ва ёшларни ҳар томонлама моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бунинг учун эса аввало хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан алоҳида ишлаш йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг муаммоларига депутатлар билан биргаликда ечим изланмоқда.
Мулоқотларда хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари, «Ишга марҳамат» мономарказларида ташкил қилинаётган тўловсиз, қисқа муддатли ўқув курслари ҳақида хотин-қизларга маълумот бериб ўтиляпти. Мазкур марказлар томонидан ташкил қилинадиган миллий ҳунармандчилик, тикувчилик, гўзаллик салони, компьютер саводхонлиги, миллий пишириқлар тайёрлаш бўйича ўқув курсларида ҳунар ўрганмоқчи бўлган хотин-қизлар ўқув курсларига жалб қилинмоқда ва уларнинг бандлиги таъминланишига эришилмоқда.
Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида партия вилоят Кенгашининг “Фаол аёллар” қаноти томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ва ногиронлиги бўлган 546 нафар аёл аниқланди. Эрта никоҳ ва оилавий ажримлар олдини олиш борасида 89 та тадбир ўтказилиб, 3715 та оила яраштирилди. Хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида 76 та тадбир ўтказилиб, 491 нафар аёл ишга жойлаштирилган бўлса, улардан 264 нафари касб-ҳунар ўрганишга жалб этилди. 117 нафарига оилавий тадбиркорлигини юритишда кўмаклашилди.
“Аёллар соғлиги – келажак бойлиги” лойиҳаси доирасида ҳам кенг кўламдаги ишлар олиб борилди. Жорий йилнинг шу даврига қадар 30644 нафар аёлга бепул даволаниши учун имтиёзли ордер олишга ёрдамлашилди. 1032 нафарига даволаниши учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилди, 32 нафар аёл уй-жой билан таъминланди. 24 нафар аёлга ногиронлик аравачаси ва 28 нафарига эшитиш аппаратлари етказиб берилди.
Маҳаллий ҳокимлик, маҳалла раислари билан яқин ҳамкорликда оғир вазиятда яшайдиган хотин-қизлар билан уйма-уй юриб, учрашиб, манзилли ўрганишларидан сўнг уларни имтиёзли тартибда, кам фоизли кредит сармояси билан қўллаб-қувватлашга қарор қилинган. Дастлабки қадам сифатида тадбиркорлик фаолиятини бошлашда қийналаётган 2 минг 103 нафар хотин-қиз ҳамкор ташкилотлар томонидан беш кунлик тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди.
Вилоятда ишлаб чиқилган лойиҳалар асосида биргина “Халқ банки” вилоят филиали томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида шу йилнинг ўтган даврида жами 9 минг 733 минг нафар хотин-қизга 12 та йўналишда тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун 163,8 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган. Кредит маблағлари асосан тикувчилик, ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш, иссиқхона, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик хўжаликлари ташкил этиш ва шу каби йўналишлар учун ажратилиб, юзлаб оилалар доимий даромад манбаига эга бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, аёллар бандлигини таъминлаш уларни касб-ҳунарга ўргатиш борасида ЎзХДП Бухоро вилоят туман ва шаҳар кенгашлари томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган. Мазкур йўналишдаги чора-тадбирлар доимий тарзда амалга оширилади.
Шоҳиста Набиева,
Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари.