“Партия – ҳаётимнинг бир бўлаги”
“Партия – ҳаётимнинг бир бўлаги”

 

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов билан суҳбат

– Аввало, сизни Халқ демократик партиясининг 30 йиллиги билан, шунингдек, партиянинг нуфузли "Эҳтиром китоби"га ҳам номингиз киритилгани билан табриклаймиз. Ортга қаралса, 30 йил кичкина муддат эмас. Партия сизнинг ҳаётингизда қандай ўринга эга?

– Саволингиз жуда оддий кўринса-да, аммо бунинг таг замирида бир инсоннинг бутун бир ҳаёти ушбу партия, яъни сиёсат билан боғлиқлигини юракдан ҳис этиб, англагандан сўнг унга жавоб бериш бироз қийинчилик туғдиради. 1995 йил... Энди 24 ёшга кирган йигитман. Ўша кезларда Қарши давлат педагогика институтининг филология факультетида ўқитувчи бўлиб ишлардим. Бир куни яқин инсонлар даврасида ўзаро суҳбатлашиб ўтиргандик. Мен гап орасида ижодий таътил (стажировка) га чиқаётганимни, энди талабаларга дарс машғулотлари ўтмаслигимни ва бўш вақтим кўпроқ бўлишини айтдим. Шунда, даврада ўтирганлардан бири, бизга ишлагани келмайсизми, деб қолди. Мен, қанақа иш, фаолиятим нимадан иборат бўлади, деб сўрадим. У киши фақат ёзиш, қарорлар тайёрлаш керак, маоши ҳам яхши, деди. Қандай ташкилот экан, деб сўрадим. У Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши эканин айтди. Раҳбари Олий Мажлис депутати Фармон Омонов эканини, суҳбатга боришимни айтди. Вилоят партия кенгаши билан суҳбатимиз анча давом этди. Шундан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партиясига ишга олиндим ва шу тариқа партия ҳаётимнинг ажралмас бўлагига айланди. Мана, партияда ишлаётганимга ҳам 29 йил бўлди. 2009 йилдан буён Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси вазифасида ишлаб келмоқдаман.

Сўнги уч йилда маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада такомиллаштириш борасида тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда фаолиятга татбиқ этилиши натижасида улар томонидан 280 та масала сессия ва доимий комиссиялар кун тартибига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

– Вилоят партия ташкилотининг фаолияти ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

– Вилоят партия кенгаши ўз фаолиятини бугунги кун талаблари асосида кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ҳудудда партиямизнинг 40783 нафар аъзоси 792 та бошланғич ташкилотга бирлашган. Улар сафи кундан кунга кенгайиб бормоқда. Партия аъзоларининг 16364 нафари аёллар ва 13786 нафари ёшлардир. Бошланғич партия ташкилотлари фақат аъзоларни бирлаштирувчи, аъзолик бадалларини тўпловчи, тадбирларни ташкил этувчи тузилма бўлибгина қолмасдан, балки у партиянинг дастурий мақсадларини аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғиб қилиш бўйича ишларни ҳам бевосита олиб бормоқда. Шу боисдан вилоят партия кенгаши томонидан қуйи бўғинлар ишини тизимли ташкил этиш, уларнинг етакчилари фаолликларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Бундан ташқари, 2019 йил, 22 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда ҳам вилоят партия ташкилотлари унинг раҳбарлигида ҳамжиҳат фаолият юритиб, ижобий натижаларга эришди. Тарғибот-ташвиқот ишларининг юқори савияда ташкил этилиши ҳисобига 2 нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, 14 нафар вилоят Кенгашига ва 104 нафар туман ва шаҳар Кенгашларига депутатлар сайланди.

Қолаверса, партия ташкилотлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига ўтган даврда 550 тага яқин мурожаат тушди. Уларнинг катта қисми коммунал хизмат, ўз ишини йўлга қўйиш, ишга жойлашиш, соғлиғини тиклаш, ер ажратиш масалалари билан боғлиқ бўлмоқда. Шу пайтга қадар мурожаатларнинг 62 фоизи ижобий ҳал этилди. Қолганлари бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

– Электорат ишончини оқлаш, дастурий вазифалар ижросини таъминлаш бўйича қандай лойиҳалар амалга ошириляпти?

– Партиямиз томонидан давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари, жумладан, пенсионерлар ва ногиронлар, кам таъминланган оилалар вакиллари манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида ўндан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилган. Масалан, “Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш бурчимиз!” лойиҳаси ҳамда “Ижтимоий кўмак –ташаббускорликка йўл очмоғи керак”, “Аёллар ижтимоий ҳимояси –ижтимоий фаоллик пойдевори” форумлари доирасида 160 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг ҳолидан хабар олиниб, 100 дан ортиқ муаммолари аниқланди ва уларга тегишли ёрдам кўрсатилди.

Юқорида таъкидланганидек, партиямизнинг асосий мақсади – давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Олдимизга қўйилган ана шу масъулиятли вазифаларни бажара олсакгина халқимиз, партиямиз электорати ишончини оқлаймиз.

Халқ демократик партияси давлат ҳамда жамият ҳаётини ҳар томонлама ривожлантириш, юртимизда ҳар бир инсон ва оила учун фаровон турмуш яратиш бўйича ўзининг аниқ мақсадлари ҳамда ғояларига эга сиёсий кучдир.

 

Олим Равшанов бугун 3 нафар фарзанднинг отаси бўлиш билан бирга 2 нафар набиранинг суюкли бобоси ҳамдир. Бундан ташқари суҳбатдошимиз “Ахлоқ рисоласи”, “Туркий Юсуф Зулайҳо”, “Ҳофиз Рўзибой Машраб”, “Шоир Маҳзун Шаҳрисабзий”, “Эътироф”, “Янги алифбо ва имло”, “Хаёлий адабий мероси”, “Темурий ижодкорлар”, “Мумтоз адабиёт сарҳадларида” “Қашқадарё воҳаси адабий манбалари” номли китоблар муаллифидир. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, партия бу инсоннинг ҳаётида шундай ёрқин из қолдирган.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ суҳбатлашди.

“Ўзбекистон овози”, 10.11.2021, №45

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш