Асосий қонунимиз баркамол авлодни тарбиялашда дастуруламал
Асосий қонунимиз баркамол авлодни тарбиялашда дастуруламал

 

Биз Конституция ҳақида гапирганда доимо уни “асосий қонун”, “бош ҳуқуқий ҳужжат” сифатида эътироф этамиз. Ҳар биримиз Конституциямизнинг мустақил Ўзбекистон давлатчилиги тикланиши ва ривожланишидаги беқиёс ўрни, аҳамиятини юксак қадрлаймиз. Мамлакатимизнинг Асосий қонуни барча соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш, юртимизнинг бугунги юксак тараққиётини таъминлаш, ҳар биримизнинг умуммиллий ҳамда умуминсоний ғояларни ўзида мужассам этган мақсадларимизни рўёбга чиқаришда дастуриламал бўлмоқда.

Конституциямизнинг 41-моддасига мувофиқ, ҳар кимнинг билим олиш ҳуқуқига эгалиги ва бепул умумий таълим олиши давлат томонидан кафолатланиши белгилаб қўйилган. Бугунги глобаллашув, айни пайтда дунёнинг қатор бурчакларида нотинчлик, жаҳолат ва бошқа иллатлар авж олаётган бир даврда Ўзбекистонда туғилиб ўсаётган ҳар бир бола бепул таълим олиши мамлакат Конституцияси билан ҳимоя қилинган.

Мамлакатимизда Бош қомусимизда белгиланган ушбу нормани амалга ошириш бўйича кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилаётганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Ҳозирги вақтда юртимизда аҳолининг асосий қисмини ташкил этаётган навқирон авлоднинг таълим олиши, замонавий касб-ҳунарни эгаллаши, ўз мутахассислиги бўйича ишлаши ва соғлиғини муҳофаза қилиши, шу билан бирга, оила қуриш, яшаш жойига эга бўлиш каби кўплаб ҳаётий талабларни давлат томонидан кафолатлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда.

Шу маънода олиб қарасак, Асосий қонунимизнинг баркамол авлодни тарбиялашдаги ғоявий-тарбиявий аҳамияти беқиёс. У ёшларда Ватанга садоқат, мардлик, ўзаро дўст-биродарлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.

Телевидение орқали давлатимиз раҳбарининг Конституция кунига бағишланган байрам табригини диққат билан эшитдик. Унда Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, ислоҳотлар жараёни ва мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳқам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифа экани таъкидланди.

Хусусан, юртбошимизнинг фарзандларимиз Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида майдонга чиқаётган бугунги кунда Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада ўз аксини топиши керак, деган фикрлари ҳар биримизни эзгу ғоялар ва мақсадлар сари чорлайди.

 

Зуҳра НОРХЎЖАЕВА,

Зангиота тумани халқ таълим бўлими ижтимоий фанлар йўналиши методисти.

“Ўзбекистон овози”, 8.12.2021, №49

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш