Юрт ифтихорига айланган мадҳия
Юрт ифтихорига айланган мадҳия

 

Серқуёш мамлакатимиз ўзбек халқининг сурати ва сийратини мужассам этган давлат рамзларига эга. Улардан бири Давлат мадҳиясидир.

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси” тўғрисидаги қонун 1992 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган. Буюк шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов қаламига мансуб фахр-ифтихор туйғуларига тўла мадҳия матнига машхур бастакор Мутаваккил Бурхонов куй басталаган.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси:

1) Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш чоғида — у қасамёд қабул қилганидан сўнг;

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сессияларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисларининг очилиши ҳамда ёпилиши чоғида;

3) Ўзбекистон Республикасида нишонланадиган умуммиллий байрамларга бағишланган тантанали йиғилишлар ва мажлисларнинг очилиши чоғида;

4) давлат телевидение ва радиоэшиттириш компаниялари томонидан ҳар куни — кўрсатув ва эшиттиришлар бошланишидан аввал ва тугаганидан сўнг, кўрсатув ва эшиттиришлар кечаю кундуз олиб борилганида эса соат 6 да ва соат 24 да, янги йил кечасида — соат 24 да;

5) республика ҳаётидаги муҳим тарихий воқеаларни нишонлаш юзасидан, атоқли сиёсий, давлат, ҳарбий арбоблар, халқ қаҳрамонлари, фан, адабиёт ва санъат арбоблари шарафига ўрнатилган ҳайкаллар, шунингдек монументлар, ёдгорликлар ва бошқа иншоотларнинг очилиши чоғида;

6) давлат органлари, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган маросимлар ва бошқа тантанали тадбирлар вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини кўтариш чоғида;

7) расмий сафар билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш чоғида — тегишли хорижий давлатнинг давлат мадҳияси ижро қилиб бўлинганидан кейин;

8) ҳарбий маросимларни ўтказиш вақтида — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ;

9) умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида — янги ўқув йили бошланиши ва ўқув йили тугаши маросимлари чоғида;

10) спорт майдонларида — Ўзбекистон Республикаси чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказиш вақтида ижро этилади.

 

Бугун фахр-ифтихоримизга айланган қўшиқ ижро этилаётганига 29 йил тўлди. Мадҳиямизга ҳурмат ва эҳтиром билан қараш ҳар бир ўзбек фуқаросининг ватанпарлик бурчидир.

Қулоғимизга она алласи каби муҳрланган қўшиқ ва шеър матни мамлакатимизнинг тинч ва осойишта осмони, гўзал боғлари, бағри кенг ўзбек халқи, аждодларни авлодлар билан боғловчи кўприкдек ифтихор туйғуларини жуш ўрдиради.

Юртимиз ёшлари бугунги кенг имкониятлар замонида Ватанимиз шон-шарифини кўкларга кўтариб, ҳар соҳада ўз иқтидорларини кўрсатиб, муқаддас рамзларимизнинг янада баланд чўққиларга чиқишида ўз муносиб ҳиссаларини қўшишига ишончимиз комилдир.

 

Шаҳло Худойқулова,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши Ёшлар ва хотин-қизлар масалалари сектор мудири.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш