Март ойидан 36,4 миллиард
Март ойидан 36,4 миллиард

 

Янги йилнинг янги ойлари яхши хабарлар, аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган фармон ва қарорлар қабул қилиниши билан бошланди. “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони янгилик ва яхшилик келтирадиган ҳужжатлардан бири бўлди. Унга кўра, жорий йил 1 мартдан имтиёзли тоифага кирувчи, лекин расмий ишда ишламайдиган ва нафақа олмайдиган шахслар ҳам компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлди.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Даврон Позиловнинг маълум қилишича, 2022 йил 1 мартдан бошлаб барча имтиёзли тоифага кирувчи (қўшимча равишда 30 минг нафар) шахсга, уларнинг пенсия (нафақа) олиши ёки меҳнат фаолиятини олиб боришидан қатъи назар, пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида, яъни 130 минг сўм миқдорда компенсация пулини олиш ҳуқуқи берилади.

Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз нафақа олувчи шахсларга 130 минг сўм компенсация тўлови жорий этилади. Ёши 100 га тўлган ва ундан ошган нафақа олувчи шахсларга ҳар ойда пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорида, яъни 289 минг сўм миқдорда қўшимча тўлов тўлаб борилади. Барча имтиёзли тоифадаги шахслар сони 100 минг кишидан оширилади. Мазкур тўловларни молиялаштириш учун бюджетдан қўшимча 36,4 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилади.

 

МАДАД ИФОДАСИ

Абдулазиз ПАРПИЕВ,

Ўзбекистон ХДП Фурқат туман кенгаши раиси:

— 2022 йилнинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб номланишида жуда катта рамзий маъно, кўп жиҳатдан тўкин ризқ-рўз, файз ва барака мужассам. Инсон қадри улуғланган элда доимо тинчлик, хотиржамлик, соғлик, ривожланиш собитқадам бўлади. Янги йилнинг дастлабки ойи хайрли амаллар билан бошланди. Бундай амаллар ниятларга боғлиқ, деган пурмаъно ҳикматнинг рўй-ростлиги аён бўлди.

Қувонарлиси, қабул қилинган муҳим фармон ортида “Инсон қадри учун”, деган тамойил жаранг сочиб турибди. Жамиятнинг турли ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини Ватан ичра кичик ватанда яшаб келаётган фуқаролардан билиб оласиз. Ҳаётнинг турли паст-баланд сўқмоқларидан мардона ўтиб келаётган, жисман заифлашиб қолган бўлса ҳам, маънан бутунлигини йўқотмай келаётган инсонларни муносиб қўллаб-қувватлаш мазкур ҳуқуқий асос билан амалга ошади. Бунда халқчил ижтимоий давлатга хос бўлган белгилар яққол кўринди.

2003 йил март ойидаги уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнига компенсация пул тўловларини жорий этиш тўғрисидаги фармонга мувофиқ имтиёзли тоифадаги шахсларга пул тўловлари жорий этилиши бошланган эди. Мазкур фармон билан энди ижтимоий ҳимояга муҳтож имтиёз тоифасига кирувчи шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштириладиган бўлди. Бу, албатта, партиямиз электорати ҳисобланган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли вакиллари учун яна бир хушхабар бўлди.

 

БИЗ ЁЛҒИЗ ЭМАСМИЗ

Тожихон МАТХОЛИҚОВА,

Андижон вилояти, Избоскан тумани:

— 2006 йил турмуш ўртоғим вафотидан сўнг ҳаёт йўлларидан бир ўзим ўтишга тўғри келди. 11 йил давомида мактабгача таълим ташкилотида ишладим. Меҳнат ортидан уч қизимни тарбияладим, турмушга узатдим. Улар набираларимни олиб, ёнимга тез-тез келиб туришади. Маҳалла-кўй ҳолимдан хабар олади. Қўни-қўшнилар-ку оға-ини, опа-сингилдек. Айни пайтда пенсиядаман, 400 минг сўмдан ортиқ нафақа оламан.

Март ойидан ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз нафақа олувчиларга ҳар ой компенсация пул тўланишини эшитиб, янаям хурсанд бўлдим. Тўғри, пенсиям тирикчилигимга етади. Аммо ҳовлининг ўзига яраша солиқ, коммунал тўловлари ҳам бор.

Юртимизда кексалар ҳамиша қадрланади. Айниқса, ёлғизлар ҳечам ёлғизланиб қолмайди. Халқимиз меҳрли, оқибатли.

 

ЯНА БИР ЯНГИЛИК

Муқаддас САТТОРОВА,

халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати:

— Март ойидан имтиёзли тоифага кирувчи, лекин расмий ишда ишламайдиган ва нафақа олмайдиган шахслар ҳам компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлди.

Биз ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамма янгиликларни электорат ва кенг аҳоли қатламига етказиш, тарғиб қилишга ҳаракат қиламиз. Унга кўра, партия фаоллари, депутатлар аҳоли билан учрашувлар, турли тадбирларда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришмоқда. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, бюджетдан ташқари пенсия таъминоти ва бошқа тегишли идоралар билан биргаликда ҳудудлар кесимида имтиёзли тоифага кирувчи шахслар рўйхати шакллантирилди. Тарғибот билан шуғулланаётган партия фаоллари зарур қўлланма ва материаллар билан таъминланди ҳамда ахборот-ҳисобот алмашуви йўлга қўйилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА.

“Ўзбекистон овози”, 9.02.2022, №6

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш