Боқий қадриятлар
Боқий қадриятлар

 

Наврўз минг йиллардан бўён халқимизнинг боқий қадриятларидан бири сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Наврўз-шарқ мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон халқи учун қадимий ва анъанавий халқ байрами бўлиб, табиатнинг уйғониш тимсоли, яшариш ва янгиланиш рамзи сифатида бу азалий айём кўтаринки руҳ ва катта хурсандчилик билан нишонланади.

Башарият тарихида Наврўздек қадимийроқ байрамни топиш қийин.

Ўзбекистон худудида Наврўз асрлар давомида мазмунан чуқурлашиб, шаклан бойиб борган. Наврўз байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилган, янги унган кўкатлардан тансиқ таомлар пиширилган, баъзи экинларни экиш бошланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 февралдаги “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни утказиш тўғрисида” ги Қарорига мувофиқ бу йил Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Ассалом Наврўз-янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида ўтказилишида боқий қадриятларни тарғибот-ташвиқот қилишда, уларни ёшлар онгига сингдиришда дастурил-амал вазифасини бажаради.

Ҳақиқатан ҳам Наврўз инсон қалбида эзгу интилишларни уйғотиб, унга умид ва ишонч, шукрона туйғуларини бағишлайдиган ардоқли байрамдир.

Наврўз шукуҳи меҳр-оқибат, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни тараннум этади. Наврўз-азалдан кишиларга шодлик, бахт, ризқ-насиба, омад, келажакка ишонч бахш этиб келган, эгуликларга йўл очган айёмдир.

Байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари,кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, “Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари”, Саховат уйларида яшаётганлар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Меҳр дафтари” га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг холидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш мазкур Қарорда белгиланган.

Шунингдек “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни уюштириш, байрам арафасида барча худудларда, ҳар бир кўча, маҳалла,т уман ва шаҳарларда ободончилик ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган умумхалқ ҳашарларини ўтказиш, миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаши бўйича амалга оширилаётган тизимли ишларнинг амалий натижалари, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг Наврўз умумхалқ байрамини нишонлашга оид урф-одатлари, анъана ва қадриятларини кенг намойиш этиш Қарорда вазифа сифатида белгилаб берилган.

Мазкур хайрли ва савоб ишларни амалга оширишда Яккабоғ туманидаги Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг икки мингдан ортиқ партия аъозлари ҳамда партиядан халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган 5 нафар депутатлари фаол иштирок этишади. Кўп миллатли халқимиз улкан умидлар ва шижоат билан Янги Ўзбекистонни қурмоқда. Юртимизга ташриф буюраётган Наврўзи олам бу йўлда барчамизга қўшимча куч ва ғайрат бағишлаши шубҳасиздир.

 

Назира Элмуродова,

Ўзбекистон ХДП Яккабоғ туман кенгаши раиси,

халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гурухи раҳбари.

 

 

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш