Давлат қарзи тараққиётга хизмат қилади
Давлат қарзи тараққиётга хизмат қилади

 

Ўзбекистонда давлат қарзи ва ташқи қарз билан боғлиқ ҳолатни мунтазам назорат қилиш, унинг хавфсиз чегарасини белгилаш ҳамда бу борадаги хавф-хатарларнинг олдини олиш каби масалалар доимий эътиборда. Хусусан, Президентимиз яқинда Тошкентнинг Сергели ва Янгиҳаёт туманларига ташрифи доирасида фаоллар билан бўлиб ўтган учрашувда ушбу масалага аҳамият қаратиб, ташқи қарз халқимизнинг фаровонлигига хизмат қилаётганлиги, унинг миқдори бошқа давлатлар билан солиштирганда анча паст эканлигини халқимизга оддий ва содда қилиб тушунтириб берди. Давлатимиз раҳбари ташқи қарз ҳаммага ҳам берилавермаслигини, бунинг учун мамлакатнинг ташқи дунёдаги нуфузи ва унга нисбатан ишонч бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Бир қарашда оддийгина ифодаланган бу сўзлар мазмун-моҳиятига кўра, давлат қарзи ва давлат ташқи қарзига оид тушунча ҳамда фикрларимизни анча теранлаштиришимизни талаб этади.

Дарҳақиқат, ҳар қандай мамлакатда иқтисодий ҳолатга қараб қарз олишга бўлган эҳтиёж туғилиши табиий. Унга ­талаб нафақат иқтисодий инқироз ёки тур­ғунлик ҳолати, балки айрим стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар ёки дастурларни амалга ошириш учун ҳам бўлади. Масалан, мамлакат инфраструктурасини равнақ топтириш, камбағалликни қисқартириш, кичик ва ўрта бизнесни ривож­лантириш, мудофаа қобилиятини ку­чайтириш ва ҳоказо. Давлат бюджети бундай юкни кўтара олса яхши, акс ҳолда кўзда тутилган муҳим вазифалардан воз кечиш керак бўлади ёки Давлат бюджетининг юзага келган тақчиллигини қарз ҳисобига ёпиш зарурати туғилади. Тақчилликни ёпишнинг ҳам иккита манбаси бор: биринчиси — солиқларни ошириш, иккинчиси — қарз жалб қилиш.

Дунёда бирорта мамлакат йўқки, давлат қарзи муаммосига дуч келмаган бўлса. Ички ва ташқи манбалар ҳисобига жалб қилинган қарз маблағлари, агар у самарали бошқарилмаса, ҳар қандай мамлакатнинг молиявий барқарорлиги ва инвестициявий муҳити учун жиддий муаммолар келтириб чиқариши та­йин. Бу ҳақда кўп ёзилган бўлса ҳам айтиш жоизки, 2008-2009 йилларда дунё иқтисодиётида юзага келган иқтисодий бўҳроннинг асосий сабабларидан бири сифатида қарз билан боғлиқ таҳлика ҳамда таҳдидларни ҳисобга олмаслик ва давлат қарзини бошқаришда ушбу таҳдидларни тез илғаб, унга қарши чоралар кўра оладиган тизимнинг йўқлиги тан олинган.

Четдан олинган қарз бир қанча хатарларни келтириб чиқаради. Чет эл валютасида катта миқдорда олинган қарз валюта курсининг кескин ўзгаришига ҳамда молиявий босим ортишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу муаммо, айниқса, ривожла­наётган ва иқтисодиёти ўтиш даврида бўлган мамлакатларни хавотирга солади. Лекин, шунга қарамасдан, дунё иқтисодиётида қарзга бўлган талаб борган сари ошиб бормоқда. Ва ­бундай ҳолат бир қанча саволларни келтириб чиқариши табиий.

Қуйида уларни муҳокама қилиш ­орқали давлат қарзи борасида Ўзбекистондаги ҳолат бўйича айрим ижтимоий тармоқларда билдирилаётган саволлар, шубҳа ва хавотирларга жавоб топишга ­ҳаракат қиламиз.

 

Бой давлатлар нега кўп қарз олади?

Европа Иттифоқи давлатларининг 1992 йилдаги Маастрихт келишувига кўра давлат қарзининг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбати 60 фоиздан ошмаслиги мезон сифатида қабул қилинган. Халқаро валюта жамғармаси эса давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти кучли давлатларга нисбатан, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам номинал қийматда давлат ташқи қарзини ­ЯИМга нисбатан 55 фоиз, давлат ялпи қарзини эса ЯИМга нисбатан 75 фоиздан оширмасликни тавсия қилган. Лекин Европа ­Иттифоқининг кўпгина давлатлари, АҚШ, Япония каби мамлакатлар ушбу чегарадан аллақачон ўтиб бўлган. Масалан, ­Япониянинг давлат қарзи ЯИМга нисбатан 250 фоиздан ортиб кетган.

Шу кунларда АҚШнинг давлат қарзи ­рекорд даражага етганлиги ва тарихда ­биринчи марта 30 триллион доллардан ­ошганлиги ҳақида АҚШ Ғазначилиги ­маълумотлари тарқалди.

Экспертлар фикрича, қарз миқдорининг ўсиб бориши федерал ҳукумат томонидан коронавирус пандемиясига қарши кураш, ишсизлик нафақалари, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ва рағбатлантирувчи тўловлар билан боғлиқ. Иқтисодчилар эса пандемияга қарамай, АҚШ иқтисодиёти ривожланиб бораётганлиги ҳолатида ташвишланишга ўрин йўқлигини айтмоқда.

Агар АҚШ аҳолиси Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда икки баробар кўпайган бўлса, мамлакатнинг ташқи қарзи 120 мартага ортганлигини кўришимиз мумкин. Бошқача айтганда, АҚШнинг қарзи секундига 14-15 минг долларга ошиб боряпти.

Юқоридагилардан иккита савол туғилади: нега АҚШдек бой давлатлар четдан қарз олишга муҳтож? Миллатнинг қарзи келгуси авлод учун оғир мерос бўлмайдими?

АҚШ иқтисодиётининг ўзига хос жиҳати шундаки, мамлакатнинг иқтисодий ўсиш суръатлари ички истеъмолга боғлиқ ва давлат доимий талабни рағбатлантириш чораларини кўриб боради. Умуман олганда, ҳар бир америкалик уй-жой, машина, таълим олиш, маиший техника буюмлари ва бошқа эҳтиёжлари учун кредит олади ва кредитга яшаш уларнинг ҳаёт тарзига айланган. Бундан хулоса шуки, АҚШда талабни ­(истеъмолни) рағбатлантирмасдан иқтисодий юксалишни таъминлаш қийин. Бунинг учун маблағни АҚШ Молия вазирлиги ­ташқи ва ички қарзларни ғазначилик векселлари, облигациялар ва бошқа қимматли қоғозларни сотиш орқали жалб қилади.

АҚШнинг давлат қарзи мамлакат ЯИМнинг 139 фоизини ташкил этишига қарамасдан, қарз бўйича юзага келиши мумкин бўлган дефольт ҳолатини бемалол ҳазм қилиб юбора оладиган жаҳоннинг йирик иқтисодий ва молия маркази ҳисобланади. Доллар дунёнинг захира валютаси ҳисобланганлиги туфайли халқаро кредиторлар ҳам АҚШ иқтисодиётининг “шилқиллаб” қолишидан хавотирланиши табиий. Шунинг учун ҳам иқтисодчи-таҳлилчилар АҚШда қарз бўҳрони юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларни жиддий кузатиб боради ва прогноз қилишади.

Айни пайтда Россиянинг давлат қарзи ЯИМга нисбатан 19 фоизни, давлат ташқи қарзи эса 5,7 фоизни ташкил қилмоқда. Россия Федерациясининг умумий ташқи қарзи 2014 йилгача тез суръатларда ўсиб бориб, 700 млрд. АҚШ долларига етган эди ва худди шундай суръатларда сўндирила бошланди ҳамда айни пайтда 478 млрд. АҚШ долларини ташкил қилмоқда. Экспертлар фикрича, ушбу жараён иқтисодий ўсишга эришишдаги муаммолар ва рубль курсининг пасайиши билан бирга кечди. Бир қатор иқтисодчи-экспертлар ташқи қарз билан боғлиқ ушбу жараёндаги бундай кескин бурилишни Россия миллий компанияларининг мамлакатга қўйилган иқтисодий санкциялар туфайли ўарбнинг арзон кредит манбаларидан маҳрум этилганлиги билан боғлашади. Агар бундай кескин чекловлар ўрнатилмаганда эди Россия банклари ва фирмаларининг корпоратив қарзлари ошишда давом этган бўларди. Бу эса катта эҳтимол билан иқтисодий ўсиш суръатларига ижобий таъсир кўрсатган бўлар эди, деб тахмин қилишимиз мумкин.

Қозоғистоннинг давлат қарзи ЯИМга ­нисбатан 26,3 фоизни, ташқи қарзи эса 9,1 фоизни ташкил этаётганлиги мамлакат иқтисодиётининг бу борада барқарор ҳолатда эканлигини англатади. Лекин кейинги беш йилда давлат қарзи икки баробар ортганлигини ҳисобга олиб ва бу жараён тез суръатларда давом этиши мумкинлигига оид тахминлар ҳам йўқ эмас.

Россиядаги сингари Қозоғистонда ҳам хавотирлар кўпроқ умумий ташқи қарз ­билан боғлиқ. Унинг ҳажми айни пайтда 167 млрд. АҚШ доллари миқдорида ёки мамлакат ЯИМ ҳажмига деярли тенглашиб қолган. Бу ­қарзларнинг катта қисми корпоратив ва хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади ва давлат бу қарзлар учун мажбурият олмаган. Бироқ бу қарзлар таркибида мамлакатнинг шартли мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.

Умуман айтганда, Россия ва Қозоғистоннинг давлат қарзи ва давлат ташқи қарзи билан боғлиқ ҳозирги ҳолатини ЯИМга нисбатан баҳолаганда етарли даражада бар­қарор дейишга асос бор. Лекин масалага бошқа томондан қараганда айрим таҳликали ҳолатлар ҳам юзага чиқиши мумкин. Масала Россия ва Қозоғистондаги умумий ­ташқи қарзнинг 90 фоиздан ортиғи иқтисодиётнинг корпоратив ва хусусий секторларига тўғри келишида. Агар макроиқтисодий барқарорлик нуқтаи назаридан дунё иқтисодиётидаги ҳолат ёмонлашса, бу албатта, Россия ва Қозоғистон иқтисодиётини ҳам четлаб ўтмаслиги аниқ. Бундай ҳолатда корпоратив сектор ва банклар учун олинган қарзларга хизмат кўрсатишни қийинлаштиради. Бундай ҳолат миллий иқтисодиётнинг барқарорлиги нуқтаи назаридан хавф-хатарлар келтириб чиқариши мумкин.

 

Ўзбекистонда ҳолат қандай?

Юқорида келтирилган таҳлиллардан кўриниб турибдики, давлат қарзи, айниқса, ­ташқи қарз хавф-хатарлар билан боғлиқ бўлишига қарамасдан ривожланган ва ривожла­наётган мамлакатлар ушбу маблағлардан иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим манба сифатида фойдаланиб келмоқда. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Мамлакатимизда кейинги беш йил ичида давлат қарзи, шу жумладан, ташқи қарз сезиларли даражада ошганлигини кўрамиз. 2021 йилнинг 9 ой якунларига кўра, давлат қарзининг қолдиғи 25 млрд. АҚШ доллари миқдорини, ёки ЯИМга нисбатан 38,4 фоизни ташкил қилмоқда. Унинг 90 фоизга яқини ташқи қарзлардир.

Айни чоғда ижтимоий тармоқларда “Қарз ошиб кетяпти, бунга эҳтиёж бормиди, ҳукумат бизни ва келажак авлодларимизни ­қарзга ботирмоқчими?” каби саволлар оқими тўхтамаяпти. Бу саволларга иқтисодчиларимиз, экспертлар ва сиёсатчилар ҳам жавоб беришга ҳаракат қилишди, лекин айрим “танқидчилар” қониқиш ҳосил қилмасдан, одамлар орасида ислоҳотларга бўлган ишончсизлик кайфиятини ­уйғотишга уринишмоқда.

Ушбу масалага холисона ойдинлик киритиш мақсадида қуйидаги саволларга жавоб қидирамиз.

Демак, бизга (Ўзбекистонга) четдан қарз нимага керак? Ўзбекистон 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатда ўша пайтда юзага келган бир қанча ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ечишни олдига мақсад қилиб қўйган эди. Ушбу мақсадга элтувчи вазифалар қўшимча маблағ талаб этарди. Ички маблағларни давлат бошлаб берган ислоҳотларни амалга оширишга жалб қилиш имкониятлари кескин чекланган (деярли йўқ деса ҳам бўлади) шароитда бирдан-бир умид четдан қарз кўтариш эди. Бизда ҳам Япония сингари қарзга ички манбаларни жалб қилиш имконияти бўлганда эди, энг аввало, ундан фойдаланиларди. Лекин афсуски, японлардек тежамкор эмасмиз — катта-катта тўйлар қилишни, қават-қават уйлар қуришни, қўша-қўша машиналар минишни хуш кўрамиз. Қисқача айтганда, орзу-ҳавасларимизнинг чеки-чегараси йўқ. Аксига олиб, бозор муносабатларига ўта бошлаганимизнинг дастлабки чорак асри давомида қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришни ҳам пайсалга солиб келганмиз. Бундай шароитда четга очилиб, халқаро молия ташкилотлари ва ҳамкорларимиз ишончини қозониб, четдан жалб этилган маблағларни иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш ва долзарб ижтимоий муаммоларни ечишга йўналтириш энг тўғри йўл бўлганлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Шу ўринда айтиш жоизки, четдан қарз ўз-ўзича оқиб келгани йўқ. Бунинг учун Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини тиклаш, қарз берувчилар ишончини қозонишнинг ўзи бўлмаган. Агар бундай имконият авваллари ҳам бўлганда четдан қарз, албатта, олинган бўлар эди. Ўшанда 7-8 фоизлик иқтисодий ўсиш суръатларимиз фақат қоғозларда эмас, балки амалда ҳам кузатилган бўларди. Бу энди алоҳида мавзу.

Мавриди келди, “Давлат қарзларни тўғри келган “туйнукларга” йўналтиряпти”, деган айбловларга жавоб излайлик. Демак, Молия вазирлигининг 2021 йил 1 октябрь ҳолатига берган маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 9 ойида Ўзбекистон Республикаси номидан ва кафолати остида умумий қиймати 2 740,9 млн. доллар миқдоридаги 19 та ташқи қарз битими имзоланган. Шундан, 1,2 млрд. доллар бюджетни қўллаб-қувватлашга, 1 349,3 млн. доллар соғлиқни сақлаш, аҳолини тоза ичимлик суви ҳамда канализация билан таъминлаш, чорвачилик, кимё саноатини ривожлантириш ва бошқа муҳим ижтимоий ҳамда стратегик аҳамият касб этувчи лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида имзоланган ташқи қарз битимлари —191,6 млн. долларни ташкил қилган.

Шундай қилиб, 2021 йилнинг III чораги якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 24,5 фоизи ёки 5,6 млрд. доллар Давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 13,6 фоизи ёки 3,1 млрд. доллар электр энергетикаси соҳасига, 12,3 фоизи ёки 2,8 млрд. доллар энергетика йўналишига, 11,3 фоизи ёки 2,6 млрд. доллар транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 8,9 фоизи ёки 2,0 млрд. доллар уй-жой коммунал хўжалиги тизимига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келганлигини кўришимиз мумкин.

Мақоламизнинг бошида бежиз АҚШ, Россия ва Қозоғистон мисолида ташқи қарзнинг иқтисодий ўсишга таъсирини қисқача бўлса-да, баҳоли қудрат таҳлил қилмадик. Хулоса шуки, АҚШдек бой давлат, асосан, жорий харажатларни кўзлаб қарз кўтараётган, Россия эса ўзининг чексиз ресурсларини юзага чиқариш мақсадида жорий ­харажатлар, технология ва инвестицияларга четдан қарз маблағларини жалб қилишда чекловларга учраётган бир пайтда Ўзбекистон ҳам бугунги куннинг талаби учун, ҳам келажак лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида қарз маблағларидан фойдаланяпти, десак, ўринли бўлади.

Аҳолини тоза ичимлик суви, барқарор электр энергияси ва арзон уй-жой билан таъминлаш борасидаги кечиктириб бўлмайдиган лойиҳалар халқимизнинг асосий эҳтиёжларини қондириш ва бирламчи яшаш шароитини яратиш билан биргаликда иқтисодий ўсиш суръатларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Бу борада 2021 йил якунлари бўйича эришилган натижа ислоҳотлар самарасини, шу жумладан, давлат қарзини бошқариш борасида тўғри йўл танланганлигини яққол кўрсатиб турибди.

Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2021 йилда пандемияга қарамасдан ЯИМнинг ўсиш суръати 7,4 фоизни ташкил қилган. Саноатда ўсиш — 8,7, хизматлар соҳасида —19,2, қишлоқ хўжалигида — 4, қурилишда 6,8 фоизга етган. Асосий капиталга киритилган инвестициялар 5,2 фоиз ошган, инфляция даражаси эса 10 фоиздан паст бўлган.

Президентимиз ташаббуси билан ­ишлаб чиқилган, кенг халқ муҳокамасидан ўтган ва қабул қилинган Тараққиёт стратегиясида қўйилган мақсад ва вазифалар қамрови жиҳатидан Ҳаракатлар стратегиясидан анча кенг ва амалга оширишнинг аниқ механизмларига эга. Стратегия доирасида биргина саноатни ривожлантириш ва у билан боғлиқ ишлаб чиқариш инфраструктурасини равнақ топтириш борасида катта-катта лойиҳалар устида иш олиб борилади. Масалан, биргина, стратегияда белгиланган 22 мақсадда саноатнинг етакчи тармоқларини кенгайтириш, энергия ресурслари ва табиий газга бўлган талабни қондириш, мис саноати кластерини ташкил этиш, кимё ва газ кимёси соҳаларини ривожлантириш каби вазифалар белгиланган. Шунингдек, Чирчиқ шаҳрида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ишлаб чиқаришини ягона саноат кластери усулида йўлга қўйиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва тўқимачилик саноати маҳсулотлари ҳажмини 2 баравар кўпайтириш, чарм-пойабзал соҳаси ва фармацевтика саноатидаги ўсишни 3 баравар кўтариш, электротехника саноатида юқори қийматли анжомлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2 баравар ва экспортини 3 баравар ошириш кўзда тутилган. Булардан ташқари, мамлакатимизда мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2,8 баравар кўпайтириш, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш дастури каби яратувчилик ишларини бажариш ­белгиланган.

Умуман олганда, иқтисодий ўсишни яқин беш йил ичида 1,6 марта, саноат ишлаб чиқаришни эса 1,4 марта ошириш, жон бошига ялпи ички маҳсулотни (аҳолининг реал даромадларини) қарийб 1,5 марта кўпайтириш вазифалари мақсад қилинган. Бундай юксак марраларга эришиш учун давлат томонидан ижтимоий соҳани ривожлантириш, ишлаб чиқариш билан боғлиқ инфраструктурани шакллантириш талаб этилади. Бунинг учун, албатта, ички ва ташқи қарз маблағларидан ҳам фойдаланилади.

Агар ташқи ва ички қарз белгиланган мезон кўрсаткичларидан ортиб кетмаган ҳолда мамлакатнинг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмаса ҳамда ривожлантириш давлат дастурлари доирасида энг долзарб ва натижадор лойиҳаларга йўналтирилса, бундай харажатлар иқтисодий хавфсизлик нуқтаи назаридан муаммо келтириб чиқармайди. Бунинг учун давлат қарзини самарали бошқаришнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари такомилга етказилган бўлиши керак.

 

Хавфсиз чегара қаерда?

Мамлакатимизда давлат қарзини хавфсиз чегарада ушлаб туриш учун унинг чекланган миқдорларини қонун билан белгилаш амалиёти жорий этилди. “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунда 2020 йилда давлат ташқи қарзи шартномаларига лимит 5,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида қатъий белгилаб қўйилди. Бунинг мантиқий давоми сифатида “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунда давлат қарзининг хавфсиз даражаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоиз ҳамда давлат қарзига йиллик ­лимитларнинг соф ҳажми 5,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида қайд этилди. Шундан давлат қимматли қоғозлари — 5 трлн. сўмга етди. 2022 йил учун қонун кўринишида қабул қилинган Давлат бюджети параметрларида эса давлат қарзига йиллик лимитлар 4,5 млрд. АҚШ доллари, соф давлат ­қимматли қоғозлари миқдори эса 6 трлн. сўм даражасида белгиланди.

Мазкур чоралар туфайли давлат ташқи қарзи жорий йилда 2019 йилдагига нисбатан қарийб 2 баравар камроқ жалб этилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, мамлакат учун, халқимиз учун зарур инвестициялар энди хусусий сектордан давлат-хусусий шериклик тамойиллари, ички молия бозорини ривожлантириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнини тезлаштириш орқали йўналтиришга ўтилмоқда.

Бундан ташқари, 2021 йилдан бошлаб қарз маблағлари учун ички давлат кафолати берилиши тўхтатилди ва устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда бўлган юридик шахсларнинг (ижтимоий соҳа объектлари ва инфратузилма лойиҳалари бундан мустасно) инвестиция лойиҳалари давлат кафолатисиз бозор шартларида молиялаштиришга ўтказилмоқда. Бу эса корпоратив ва ху­сусий секторнинг қарз маблағларига масъулиятини янада оширади.

Давлат қарзини диверсификациялаш ҳамда ички қарз бозорини жонлантириш мақсадида 2018 — 2021 йиллар давомида давлат қимматли қоғозларини жойлаштиришнинг йиллик ҳажми қарийб 19 баробар (600 млрд. сўмдан 5 трлн. сўмгача) кўтарилди ва муддати 10 йилгача бўлган давлат қимматли қоғозлари чиқарила бошланди. Шу билан бирга, 2021 йилдан капитал бозори иштирокчиларида кўникма ҳосил қилиш мақсадида давлат қимматли қоғозлари аукционларини жадвал асосида олдиндан эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги “Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2021-2022 йилларда капитал бозорини ривожлантириш ­дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл ­харитаси”да давлат қимматли қоғозлари бозорини равнақ топтириш чоралари белгиланди ва ижроси юритилмоқда. Шунингдек, давлат қарзини бошқаришнинг ўрта муддатли стратегияси лойиҳаси Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси экспертлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилди.

 

Қонун билан мувофиқлаштирилади

Ўзбекистонга ички ва ташқи манбалардан қарз маблағларини жалб қилиш ва давлат кафолатини бериш борасидаги ҳолат ушбу жараённи қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиш эҳтиёжини юзага чиқармоқда. Чунки тез суръатларда ўсиб бораётган давлат қарзи самарали бошқарувни талаб этади. Ваҳоланки, давлат қарзи бўйича зарур маблағларни ўз вақтида тўлаш ҳамда келгусида давлат қарзи ва шартли мажбуриятлар ҳажмининг макроиқтисодий барқарорликка нисбатан туғдириши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш борган сари долзарб вазифа сифатида намоён бўлмоқда.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда ҳукумат ташаббуси билан “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди ва депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди. Айни пайтда ушбу лойиҳа Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан ишчи гуруҳ билан биргаликда иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши — қонун даражасида давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлигини таъминлаш, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари ҳамда давлат ҳокимияти ва ­бошқаруви органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларини белгилаш имконини беради. Шунингдек, давлат ­қарзини бошқаришда парламент ва ­жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали ва яхлит тизимнинг қонуний асослари яратилади.

Қонунда давлат қарзини бошқаришнинг асосий принциплари ва давлат қарзини ­бошқариш мақсадларининг аниқланиши, уни бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш жараёнларининг қонуний белгиланиши ҳамда давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли органнинг қонун даражасида “михлаб” қўйилиши бу борадаги бошқарув ҳолатлари фрагментациялашувининг олдини олади. Шунингдек, давлат қарзи ва давлатнинг шартли мажбуриятлари бўйича хатарларни бошқаришга, мажбуриятлар ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлашга, давлат қарзини барқарор даражада сақлашга қаратилган қонуний механизмларнинг амал қилишига эришилади.

Қонунда, шунингдек, давлат қимматли қоғозлари турлари сифатида давлат ғазначилик облигациялари ва Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро облигациялар чиқариш ва сўндириш, давлат кафолатини беришнинг қонуний асосларини такомиллаштирувчи нормалар акс эттирилган.

 

Бошқариш стратегия асосида амалга оширилади ва парламент назорати кучайтирилади

Қонунга кўра, давлат қарзини самарали бошқариш учун давлат қарзи бўйича стратегия ишлаб чиқилади. Унда қарзнинг жорий ҳолати, давлат қарзи портфелининг харажат ва хатар кўрсаткичлари ҳамда давлат қарзига хизмат кўрсатиш ҳолати акс эттирилади.

Стратегияда, шунингдек, қарз барқарорлиги кўрсаткичлари, унинг чекланган ҳажмлари ва давлат томонидан бериладиган кафолатлар бўйича йиллик лимитлар белгиланади.

Давлат қарзини стратегик бошқариш орқали давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан молиялаштиришга бўлган эҳтиёж ва уни ўз вақтида энг мақбул харажат ва хатар даражаси эвазига таъминлаш режаси амалга оширилади ва назорат қилинади. Бу эса, ўз навбатида, бу билан боғлиқ хатарларни бошқариш имконини беради.

Давлат қарзини бошқариш стратегияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан уч йил муддатга фискал стратегия билан биргаликда тасдиқланиши ҳамда кўриб чиқиш учун Олий Мажлис палаталарига тақдим этилиши кўзда тутилмоқда.

Қонунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига давлат қарзининг чекланган ҳажмлари ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим доирасида ху­сусий шерикка бериладиган кафолатлар бўйича йиллик лимитларни белгилаш ҳамда давлат қарзини бошқариш стратегиясининг ижроси бўйича ҳисоботларни кўриб чиқиш ваколатларини бериш кўзда тутилган.

Шунингдек, қонунда давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши, давлат томонидан жалб қилинган маблағнинг мақсадли ишлатилиши ва самарадорлиги, жумладан, бу борада амалга ошириладиган лойиҳаларнинг ва ­бошқа инвестиция лойиҳаларининг ижроси жараёни ва натижадорлиги тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш ҳамда муҳокама қилиш пар­ламент ваколатларига киритилмоқда.

 

Хавф-хатарларнинг олдини олишда қўшимча чоралар

Халқаро валюта жамғармасининг 2020 ва 2021 йиллардаги Ўзбекистон Республикасига бағишланган Қарз барқарорлиги ҳисоботида (IV модда) Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзига хизмат кўр­сатиш (институционал) салоҳияти “кучли” дея қайд этилган. Шунга қарамасдан, юзага келиши мумкин бўлган айрим ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда ҳамда пруденциал ёндашувдан келиб чиқиб, қонунда давлат қарзининг максимал ҳажмини номинал қийматда ЯИМга нисбатан 60 фоиз этиб белгилаш кўзда тутилмоқда. Ушбу кўрсаткич давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти “ўртача” бўлган давлатлар учун Халқаро ­валюта жамғармаси томонидан белгиланган мезонга мос келади.

Давлат қарзи суммаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 50 фоизга етганда Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бу меъёрдан ўтиб кетмасликни таъминловчи чораларни ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига киритади. Бундай мезонни белгилашдан мақсад иқтисодий инқироз (шок)лар юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда давлат қарзи ҳажмининг ялпи ички маҳсулотга нисбати кескин ошиб кетиши эҳтимолини ҳисобга олади. Шу сабабдан ҳам қонунда ҳукумат давлат қарзи ҳажмининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 50 фоиздан ошмаслигига қаратилган чоралар кўриши лозим.

 

Хулоса ўрнида айтганда, бугунги кунда дунё мамлакатлари иқтисодиётининг бир-бирига боғлиқлиги ортиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон иқтисодиётининг очиқлигини таъминлаш, хоҳлаймизми, йўқми, барибир давлат қарзи масаласини келтириб чиқаради. Чунки миллий иқтисодиётимизни тез суръатларда ўстириш эвазига аҳоли жон бошига ЯИМни 2026 йил якуни билан 2,8 минг АҚШ долларига, 2030 йилга бориб эса 4 минг АҚШ доллари миқдорига етказиш жуда катта, масъулиятли ва оғир вазифа ҳисобланади. Бунинг учун иқтисодиётимиз ички ва ташқи қарз манбаларига муҳтож. Чунки ижтимоий ривожлантириш, инфраструктурани замон талаблари даражасида шакллантириш ҳамда атроф-муҳитни сақлаш, экологик вазият билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш замонавий лойиҳаларни амалга оширишни, технологиялар, қўшимча инвестициялар жалб қилишни талаб этади.

Мана шундай шароитда Ўзбекистон учун ташқи қарз манбалари билан биргаликда ички манбаларни кўпроқ йўналтиришнинг замонавий механизмларини кўзда тутувчи ички қарз бозорини ривожлантириш, бизга қарз берувчи мамлакатлар бўйича қарз таркибини миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда диверсификациялаштириш, давлат қарзини бошқариш бўйича ишлаб чиқиладиган стратегиянинг асосий масалалари сифатида қаралиши лозим. Чунки давлат қарзи, айниқса, ташқи қарз хавф-хатарлар билан боғлиқлиги бу, бор ҳақиқат.

Шунинг учун ҳам иқтисодий хавфсизлигимиз нуқтаи назаридан Президентимиз томонидан Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлар ва уларга йўналтирилган чора-тадбирлар қарз маблағларини, энг аввало, иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ижтимоий, инфраструктура ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга ундайди. Бу эса Ўзбекистонда давлат қарзи муаммолар эмас, тараққиёт эшигини кенг очишга хизмат қилишига ишончимиз комил.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси,

ЎзХДП фракцияси аъзоси,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

“Халқ сўзи” , 23.02.2022, №40

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш