Мурожаатлар депутат эътиборида
Мурожаатлар депутат эътиборида

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова сайлов округида аҳоли билан ўтказган учрашувларида фуқаролардан тушган мурожаатларга асосий эътибор қаратди. Хусусан, халқ вакили "Ғазалкент-ойна" МЧЖ корхонаси ишчиларининг дивиденд маблағини ундириб бериш тўғрисидаги мурожаати бўйича ўрганиш ўтказди.

Маълум бўлишича, корхона банкрот бўлгач, унинг собиқ ишчилари ва акциядорларига қонуний тарзда ҳақ тўлаш масаласи боши берк кўчага кириб қолган. Ҳатто, иш юзасидан ногирон бўлиб қолган фуқароларга товон пули тўланмаган. Депутат Қ.Қосимова масалани малакали ҳуқуқшуносларни жалб этган ҳолда ўрганиб чиқди ва мурожаатда баён этилган ҳолатлар бўйича тегишли ташкилотларга ёзма тарзда мурожаат қилди. Бу ҳақда туман ҳокимига ҳам маълумот берилди ва масала ҳокимият назоратида бўлиши хусусида келишиб олинди.

Депутат Қизилгул Қосимованинг сайлов округида аҳоли билан ўтказган учрашувлари жараёнида шунингдек, Чорвоқ қўрғони “Нурчилар” махалласида яшовчи, ногиронли бўлган Г.Эшонқулованинг уйни хусусийлаштириб бериш тўғрисидаги илтимоси бўйича тегишли чоралар кўрилди. Бундан ташқари, эҳтиёжманд аёлга туман тиббиёт бирлашмасида даволаниши учун йўлланма ажратиш, “Саховат” жамғармасидан дори-дармон учун унга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича мутасаддилар билан келишиб олинди.

Шунинг билан бирга, фуқаро Ҳ.Ризамовнинг уй-жой қуриш учун ер ажратиш тўғрисидаги, З.Мирхалилованинг устидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган яқин қариндошига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш хусусидаги мурожаати бўйича тегишли тартибда ёрдам кўрсатилди.

Партиядошимиз Қ.Қосимова ҳудудда олиб бораётган ўрганишлари давомида Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Мазкур тиббиёт муассасаси 283 ўринга мўлжалланган. Танишув жараёнида депутат муассаса ходимлари, даволанаётган фуқаролар билан суҳбатлашди, уларнинг тиббий хизмат сифати бўйича муносабати билан қизиқди. Муассасада яратилган шароитлар, тиббий жиҳозлар, дори-дармонлар билан таъминланиш ҳолатларини ўрганди.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш