Хотин-қизларнинг жамиятда фаоллигини ошириш масаласи муҳокама қилинди
Хотин-қизларнинг жамиятда фаоллигини ошириш масаласи муҳокама қилинди

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Навоий вилоят кенгаши мажлислар залида ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши ташаббуси билан “Хотин-қизларга эътибор буюклик рамзидир” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, бошланғич партия ташкилотлари раислари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Насиба Содиқова кириш сўзи билан очиб, хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги нуфузини янада ошириш улар учун берилаётган имтиёзлар, яратилаётган имкониятлар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Навоий вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Назира Тоғаева давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 мартда қабул қилинган «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг мазмун-моҳияти тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбирда Навоий шаҳар адлия бўлими мутахассиси Ўткир Нормуродов, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш вилоят маркази директори Наргиза Эрмаматова хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, иш жойларида, таълим муассасаларида тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар. Вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази мутахассиси Фарида Мамадаминова аёлларни тадбиркорликка жалб қилиш билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтди.

Давра суҳбати сўнггида тадбирларда фаол қатнашган бир гуруҳ хотин-қизлар тақдирланди ҳамда партия сафига қабул қилинган бир гуруҳ аёлларга аъзолик гувоҳномаси топширилди.

 

Хуршида Нарзиева,

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш