Ўзбекистон – ёшлар мамлакати
Ўзбекистон – ёшлар мамлакати

 

Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил қилади. Булар – Ўзбекистон тараққиётини мутлақо янги даражага олиб чиқишга қодир бўлган ғайратли, истеъдодли, ташаббускор, юрт келажагига ишончи юксак бўлган янги авлод вакилларидир.

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятларини юзага чиқариш, пухта билим олишлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси фаолият кўрсатмоқда. Интилувчан ва билимга чанқоқ ёшларни қўллаб-қувватлаш учун турли жамғармалар ташкил этилган. «Беш муҳим ташаббус» доирасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ғиждувон туман кенгаши томонидан ўтказилган «Депутат ва ёшлар» тадбирида шу ҳақда фикр-мулоҳазалар билдирилди.

– Юртимиз ёшлар учун имкониятлар мамлакати, – деди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати У.Эргашов йиғилиш иштирокчиларига мурожаат қилиб. – Янги ташкил этилаётган янги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртлари, нуфузли олий ўқув юртларининг филиаллари, замонавий IT парклар, маданият муассасалари, спорт иншоотлари ҳамда «Президент мактаблари», «Темурбеклар мактаби», «Ижод мактаблари», буларнинг барчаси янги авлод учун. Мақсад – замон талабларига жавоб берадиган, рақобатбардош, келажак масъулиятини зиммасига олишга қодир бўлган авлодни тарбиялаш. Бу имкониятлардан ҳар бирингиз унумли фойдаланишингиз, мамлакат келажаги, қолаверса, ўз келажагингиз учун мустаҳкам тамал тоши қўйишни ҳозирдан бошлашингиз керак.

Тадбир савол-жавоблар, фикр-мулоҳазаларга бой бўлган учрашув якунида бир гуруҳ ёшлар Ўзбекистон ХДП сафига кириш истагини билдирдилар.

 

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш