Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят ва шаҳар кенгашлари, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар кенгашлари депутатлари ҳамкорлигида муборак рўзаи рамазон ойида “Эзгулик” деб номланган лойиҳа амалга оширилмоқда.
Лойиҳани ўтказишдан мақсад – партия Сайловолди дастури ҳамда асосий ғояларини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш, шунингдек эҳтиёжманд аҳоли қатламига саховат кўрсатиб, эзгу ишларда ташаббускорлик кўрсатишдан иборат.
Бугун лойиҳа доирасидаги навбатдаги тадбир Бухоро шаҳридаги ногиронлиги бўлган болалар учун Мурувват интернат уйида ўтказилди. Тадбирга ташкилотчилар, муассаса ходимлари қизғин тайёргарлик кўргани боис, у жуда кўтаринки руҳда ўтди. Айниқса, муассаса тарбияланувчиларининг бадиий чиқишлари билан барчага манзур бўлди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур муассасага халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати А.Фозилов томонидан саховат ва кўмак ёрдамлари кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, партиядошимиз ҳомийлиги билан Мурувват уйи ошхонаси қайта таъмирланиб, барча шароитлар яратиб берилди. Бундан ташқари, янги ёзги ошхона қуриб берилди. Депутатнинг саъй-ҳаракати билан теварак-атроф кўкаламзорлаштирилди, анвойи гуллардан иборат гулзор барпо этилди.
Тадбир сўнгида муассаса тарбияланувчиларига Ўзбекистон ХДП вилоят Кенгашининг қимматбаҳо совғалари, депутат А.Фозилов ташаббуси билан харид қилинган кийим-кечаклар топширилди.
Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.