Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят кенгашининг V пленуми бўлиб ўтди.
Унда ЎзХДП Бухоро вилоят Кенгаши аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, туман партия кенгаши раислари, бошланғич партия ташкилоти раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Пленум ишида халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги партия гуруҳининг ҳамда партия вилоят Кенгаши ижроия қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти ва бошқа бир қатор масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, партия гуруҳи раҳбари Зулфия Туйева маъруза қилди. Унда партия Ўзбекистонда ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия мезонларига мос келадиган ижтимоий демократик давлат барпо этишни ўзининг олий мақсади деб ҳисоблаши, ушбу мақсад мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, қисқа қилиб айтганда, кенг қамровли ислоҳотлар йўналишининг устувор вазифаларига ҳамда Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегиясининг устувор йўналишларига тўла мос келиши алоҳида таъкидланди.
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашига партиядан сайланган 16 нафар депутат 2021 йилда қонунчиликда белгиланган ваколатлар доирасида бир қатор ижобий ишларни амалга оширганлиги, жумладан, партия гуруҳи томонидан партиянинг амалий Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид муҳим масалаларни кўриб чиқиш мақсадида 5 масала партия гуруҳи йиғилишида, 5 та масала вилоят Кенгаши доимий комиссиялари йиғилишида, 2 та масала вилоят Кенгаши сессияси кун тартибига олиб чиқилиб, муҳокама қилинди ва тегишли қарорлар қабул қилингани маълум қилинди.
Партия гуруҳи ташаббуси билан сессия кун тартибига олиб чиқилган ҳар иккала масала долзарблиги ҳамда партия электорати манфаатларига хизмат қилиши билан алоҳида аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Қайд этилдики, халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашларидаги партия депутатлари томонидан ижро ҳокимияти органлари ва мутасадди ташкилотларга 417 та депутатлик сўровлари юборилган. Партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат Дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида партия гуруҳлари ташаббуслари билан 60 та масала партия гуруҳларида, 47 та масала доимий комиссияларда, 59 та масала Кенгаш сессиялари муҳокамасига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.
Шунингдек, партиявилоят, шаҳар ва туман кенгашлари қошида тузилган “Жамоатчилик қабулхоналари”, мурожаатлар билан ишлаш, партия лойиҳаларини жойларда амалга ошириш масалалари ҳам танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди.
Пленум кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.