Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Шадиева сайлов округида бўлиб, ёшлар билан учрашди. Оққўрғон туманидаги мономарказда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши раиси Акмал Умаралиев, халқ депутатлари Тошкент вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари марказда касб-ҳунар ўрганаётган ёшларга яратилган шароитлар билан танишди, сартарошлик ва пазандачилик сир-асрорларини ўрганаётган ўғил-қизлар билан суҳбатда бўлдилар. Эътиборлиси, марказда ёшларни касбга ўргатишга туркиялик тажрибали мутахассислар жалб этилган.
Парламент қуйи палатаси депутати Зуҳра Шадиева ёшларга Қонунчилик палатаси, хусусан, депутатлар фаолияти ҳақида маълумотлар берди. Мамлакатимизда ёшлар сиёсати, ёшларнинг таълим-тарбия олишлари, истеъдод ва қобилиятларини юзага чиқаришлари учун яратилган шароит ва имкониятлар хусусида тўхталиб ўтди. Касб-ҳунар ўрганиш орқали бандликни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имкониятлари, мазкур йўналишдаги имтиёз ва имкониятлар ҳақида маълумотлар бериб, ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Шундай учрашув “Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Тарих ва ўлкашунослик” музейи кутубхонасида ҳам бўлиб ўтди. Депутат Зуҳра Шадиеванинг бу ерда ёшлар билан учрашуви ҳам кўтаринки руҳда ўтди.
Тадбир иштирокчилари 18 май – Халқаро музейлар куни муносабати билан “Элтамғали” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Конка” археология зиёратгоҳи билан ҳам танишдилар.
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.