Конституциявий ислоҳотлар — тарихий зарурият
Конституциявий ислоҳотлар — тарихий зарурият

 

Янги Ўзбекистонни бунёд этишдек ғоят масъулиятли даврда яшаяпмиз. Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида муҳим қонун ва қарорлар қабул қилинаётган тарихий жараёнда Конституциявий ислоҳотлар масаласи кун тартибига чиқмоқда.

Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлисида тузилган Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди. Аввало, таъкидлаш керакки, давлат ва жамият бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари мазкур комиссияга аъзо сифатида киритилгани самарадорлик ва ошкораликни таъминлашда жуда муҳим.

Мамлакат бош қонуни – Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ниҳоятда масъулиятли, пухта ва узоқни кўзлаб амалга ошириладиган жараён ҳисобланади. Тўғрисини айтиш керак, мазкур масалада фикрлар, таклифлар жуда кўп бўлади ва бу, айтиш мумкинки, табиий демократик ҳолат.

Асосийси, республика комиссияси фаолиятида барча фикрлар ва таклифларни чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратиладиган бўлди. Жараён жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилган ҳолда, халқ донишмандлигига асосланиб амалга оширилади. Бу халқимиз хоҳиш-иродаси, орзу-истаклари Асосий Қонунда акс этишини таъминловчи муҳим бир имкониятдир.

Шунинг учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлабгина қолмай, бош дастурий мақсадлари, сиёсий мафкурасига таянган ҳолда, дастлабки таклифларни шакллантириш бўйича таҳлил жараёнларини бошламоқда.

Конституциявий ислоҳотлар Халқ демократик партияси учун нега муҳимлигини белгилашда Дастуримизга таянишимиз тўғри бўлади.

Партиямиз дастурий мақсадлари аввало, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватан равнақини таъминлаш, мамлакатда ижтимоий барқарорлик, фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ҳар бир оила ҳамда бутун халқ фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатлардан келиб чиқиб белгилаган. Мамлакат тараққиёт стратегиясининг бош мақсади ҳисобланган аҳолисининг турмуш даражаси юқори ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш мақсадлари партиямизнинг сиёсий мафкурасига ҳар жиҳатдан ҳамоҳанг келади.

Дастуримизда ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама жадал ривожлантириш, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш бўйича амалий ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этиши белгиланган. Давлат ва жамиятни кенг кўламли ривожлантиришда эса Конституциявий ислоҳотлар асосий таянч вазифасини ўтайди.

Ҳаракатлар стратегияси даврида кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга тўғри келди. Эски муаммоларга қарши курашиш билан тараққиётга эришиб бўлмайди, янги давр учун чуқур ва тизимли, давлат ва жамият қурилиши билан боғлиқ изчил ислоҳотлар зарур. Тараққиёт стратегиясида партиямиз ғоялари рўёбга чиқишига шароит яратадиган қатор ташаббуслар белгиланди. Мана шу жиҳатлар Конституциявий асосни янада мустаҳкамлашни тақозо этади.

Биринчидан, партиямиз давлат бошқаруви тизимини ислоҳ этиш, давлат ҳокимияти органларининг халқимиз, фуқаролар олдидаги ҳисобдорлиги ва масъулиятини ошириш нуқтаи назаридан Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Ҳаракатлар стратегияси, асосида Президент қарор ва фармонлари асосида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, давлат органларининг халқимиз олдидаги масъулиятини кучайтириш бўйича янги институтлар жорий этилди, Тараққиёт стратегияси асосида бу ишлар изчил давом эттирилмоқда. Улар ўтган йиллар давомида тўғри ва самарали эканини амалда кўрсатди. Бу йўналишдаги ислоҳотлар халқимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. Демак, Конституциямизга таклифлар тайёрлаётганда давлат органларининг халқ билан мулоқот, мурожаатларни ҳал этиш билан боғлиқ масъулияти ҳамда ҳисобдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Иккинчидан, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, биринчи навбатда камбағалликни қисқартиришни, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини кўтаришни тақозо қилади. Кам даромадли оилаларни камбағалликдан чиқармасдан, уларнинг жамиятга муносабати, умумий дунёқарашини ўзгартирмай туриб, турмуш сифатини яхшилаш мушкул масала. Шу жиҳатдан Президентимиз бошчилигида камбағалликни қисқартриш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги, давомийлиги Конституцияда кафолатланиши жуда муҳим.

Албатта, камбағалликни қисқартириш осон ва бирдан бўладиган жараён эмас. Депутат сифатида ҳудудларга борганда, маҳаллалардаги ҳаётнинг ичига кириб таҳлил қилганда, бир оиладаги вазиятни ўзгартириш қанча ресурс ва меҳнат талаб этишини тушунмоқдамиз. Давлатнинг катта ресурс ва имкониятлари шу йўналишга сарфланаётган экан, бу борадаги ишлар тизимли тус олиши, қандайдир сабаблар билан тўхтаб қолиши керак эмас.

Партиямиз Дастурида шу масалага алоҳида эътибор қаратилган, “мамлакатнинг тобора юксалаётган иқтисодий салоҳиятидан аҳолининг кам таъминланган қатламлари турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини ошириш йўлида фойдаланиш кераклиги” таъкидланган. Ресурслар тўғри сарфланиши халқ манфаатларига хизмат қилади. Халқимизнинг турмуши яхшиланиши кўп жиҳатдан шу масалага ҳам боғлиқ. Шунинг учун Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда «инсон – жамият – давлат» тамойилини назарда тутиш, партиямиз нуқтаи назарига кўра, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Учинчидан, ривожланишдаги ижтимоий устуворлик партиямиз сиёсий позициясининг муҳим асосларидан биридир. Мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлар ижтимоий самара келтиргандагина халқимизга ҳар томонлама фойдали бўлади. Жамиятнинг муайян қатлами бойишига шароит яратадиган ишлар бу тамойилга жавоб бермайди. Иқтисодий ислоҳотлар самарасини кўрсатадиган асосий омиллардан бири барқарор иш ўринлари яратилиши, аҳоли реал даромадларининг ошиши билан боғлиқ. Иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлиги, тўғри ёки нотўғрилиги кам сонли бойлар, олигархлар тоифасига эмас, жамиятнинг барча қатламларига манфаатли экани билан белгиланади.

Шу жиҳатдан Президентимиз таъкидлаган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши кераклиги ҳақидаги масала жуда муҳим. Албатта, бу халқпарвар давлат барпо этишнинг энг муҳим шарти ҳисобланади. Конституциямизга мана шу устувор тамойилни мустаҳкамлайдиган қўшимчалар киритилиши буюк мутафаккирларимиз, ота-боболаримизнинг адолатли давлат ва жамият қуриш ҳақидаги тарихий орзу-мақсадларига ҳам уйғун келади.

Тўртинчидан, инсоннинг давлатдан олдинга қўйилиши нафақат ижтимоий-иқтисодий, шу билан бирга, сиёсий, ҳуқуқий масалаларда ҳам фуқароларнинг фаоллиги ошишини англатади. Бундай фаоллик бутун жамият учун муҳим бўлган таклиф ва ташаббусларни ҳосил қила бошлайди. Ислоҳотлар билан боғлиқ асосий ташаббуслар бошқарув кабинетларида ёзилмасдан, жамиятнинг ўзидан униб чиқади. Бунинг учун эса Конституция билан кафолатланган тизим, самарали институтлар жуда зарур. Айни масалада узоққа бориш шарт эмас, ривожланган давлатлар тажрибасидан ўрнак ва ибрат олиш лозим.

Кейинги йиллардаги катта ўзгаришларни эътироф этган ҳолда, айтиш керакки, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақоми Тараққиёт стратегиясида қўйилган юксак мақсадларни амалга оширишда фаол иштирокчи бўлишга қодир даражада эмас. Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкам, ваколатлари доираси эса кенг эмаслиги бориб-бориб фуқароларнинг сиёсий маданияти ривожланишига ҳам халақит қилади.

Мисол учун, ижро ҳокимияти тизимидаги айрим масъул мансабдорлар ҳам сиёсий партиялар давлат бошқарувини ташкил этувчи сиёсий институт эканини яхши тушунмайди. Жойларда сиёсий партия ташкилотларига оддий нодавлат ташкилот, қандайдир жамғарма ёки уюшма сифатида қараладиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Конституциямизга фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини оширишга хизмат қиладиган қўшимчалар киритилиши бу борадаги муҳитни бутунлай ўзгартиради. Шунда давлатимиз раҳбари таъкидлаган «жамият – ислоҳотлар ташаббускори», деган эзгу ғоя рўёбга чиқади.

Мухтасар айтганда, Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тарихий зарурат сифатида кун тартибига чиқди, буни халқимиз қўллаб-қувватлашига шубҳа йўқ. Чунки, Бош Қонунимизга киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар Янги Ўзбекистон қандай мамлакат бўлиши ҳақидаги саволларга жавоб бўлади, юртимизнинг янада жадал ривожланишига, халқимизнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

 

Улуғбек Иноятов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 25.05.2022, №21

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш