Инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат намунаси
Инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат намунаси

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майдаги “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, жумладан, кам таъминланган болали оилаларни аниқ йўналтирилган тарзда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, кекса авлод вакиллари манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат тадбирларини изчил давом эттиришнинг ёрқин намунаси бўлди.

Ушбу ҳужжат билан ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг қатламларига тегишли миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгилаб берилди.

Бундан ташқари, “Темир дафтар”га киритилган ҳамда мазкур қарорга асосан бир марталик моддий ёрдам пулларини олмаган эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантириш ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ушбу оилаларнинг ҳар бир аъзосига 20 килограммдан бепул ун тарқатиш, ижтимоий аҳволи оғир бўлган оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси ва бошқа манбалар ҳисобидан бепул ун тарқатишни ёки нақд пул кўринишида моддий ёрдам кўрсатиб боришни таъминлаш вазифалари топширилди.

Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссиясининг йиғилишида мазкур қарор ижросини таъминлаш, унинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш масалалари хусусида сўз юритилди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилором Имомова, шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов ва доимий комиссия аъзолари иштирок этди.

 

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш