Ҳар бир инсон муҳим ва қадрли бўлади
Ҳар бир инсон муҳим ва қадрли бўлади

 

Президентимизнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви жуда кўп омилларга кўра давлатчилигимиз тарихида қоладиган воқеа бўлди.

Билдирилган фикрлар, давлат ва фуқаро ўртасидаги демократик, марказида инсон турадиган фундаментал муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича илгари сурилган таклиф ҳамда ғоялар ҳаммамизни тўлқинлантирди.

Ўзбекистон ижтимоий давлат эканини белгилаш бўйича Президентимиз илгари сурган ташаббус фуқаролар олдида давлатнинг масъулиятини кучайтириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга бўлади. Учрашувда “инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ экани таъкидланди. Бу ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат модели экани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари “инсоннинг меҳнатга ва муносиб ҳаёт шароитларига, ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш – конституциявий ислоҳотларнинг муҳим мақсадидир”, деб уқтирдилар. Ҳар биримиз аввало, бу сўзларнинг мағзини чақиб, чуқур маъносини тушуниб олишимиз зарур, албатта.

Инсоннинг меҳнатга ва муносиб ҳаёт шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлаш қандай эзгу мақсад эканини ҳис этиш учун биргина маҳаллабай тизим асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган ишларни кўз олдимизга келтиришнинг ўзи кифоя қилади.

Маълумки, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳар бир маҳаллага етиб бориши учун бошқарув механизмларигача такомиллаштирилди. Давлат идораларининг фуқароларга ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш функциялари кучайтирилди. Мисол учун, ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчилари лавозими жорий этилиб, уларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Мана шу амалиётнинг дастлабки натижалари таҳлил этилганда, хатловдан ўтказилган 6 миллион 900 минг хонадоннинг 11 фоизи кам даромадли, 47 фоизи қўшимча даромадга эҳтиёжи борлиги, 6 фоизи эса ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар экани маълум бўлган. Демак, Президентимиз таъкидлаган инсоннинг меҳнатга ва муносиб ҳаёт шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлаш масаласи жуда долзарб бўлиб турибди.

Бу борадаги ислоҳотлар мунтазам, тизимли, ортга қайтмайдиган тус олиши, ривожланиб борадиган жараёнга айланиши учун мустаҳкам конституциявий кафолат лозим. Давлатимиз раҳбари бу масаланинг муҳимлигини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас.

Инсоннинг меҳнатга ва муносиб ҳаёт шароитларига бўлган ҳуқуқлари тўлақонли таъминланиши бирикки ёки уч-тўрт йиллик масала эмас, балки мунтазамликни тақозо этадиган масала ҳисобланади. Шундай ёндашув давлат идоралари фаолиятидан мустаҳкам ўрин олса, учрашувда қўйилган яна бир эзгу мақсадга эришиш имкониятлари ортади.

Яъни, бу ҳар бир шахснинг меҳнати учун муносиб ҳақ олиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлишини Конституцияда белгилаш таклифидир.

Президентимиз учрашувда илгари сурган ғоя ва ташаббуслар бир-бирига чамбарчас боғлиқ экани, халқимизнинг, ҳар бир оила ва юртдошларимизнинг орзу-интилишларидан келиб чиққанини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Учрашувда жамиятимизда ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мустақил тараққиёт, фаровон ҳаёт учун интилган ҳар бир халқ учун бирдамлик ва ҳамжиҳатлик нақадар қадрли экани ҳақида тарихдан кўп мисоллар келтириш мумкин. Айниқса, дунё миқёсида геосиёсий вазият тез ўзгараётган, кутилмаган ҳолатлар рўй бераётган, рақобат кундан-кун ривожланиб бораётган замонда бу тушунчаларнинг аҳамияти кўп карра ошмоқда.

Конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида халқимиз ҳар доимгидек ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлиб, келажагимиз, авлодларимиз учун муҳим бўлган қарорлар қабул қилиниши жараёнида фаол иштирок этади, давлатчилигимиз тарихида янги, етук бир давр бошланишини қўллаб-қувватлайди, деб ишонаман.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 22.06.2022, №25

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш