Парламентнинг ваколатлари кенгаяди
Парламентнинг ваколатлари кенгаяди

 

Давлатимиз раҳбари ҳар йиғилишида, ҳар битта янги лойиҳани амалга оширишда аввало халқ манфаати, инсон қадрига хизмат қилиши лозимлигини таъкидлайди. Шу билан бирга, халқ вакиллари бўлган депутат ҳамда сенаторларнинг ваколатларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Конституциявий комиссия аъзолари иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳам бу жиҳатларга тўхталиб ўтди.

Жумладан, Конституцияда ҳукуматни шакллантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлашда Олий Мажлиснинг ваколатларини кенгайтириш бўйича тегишли қоидаларни белгилаш кераклиги таъкидланди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш бўйича фармон Сенат томонидан тасдиқланиши тартибини жорий этиш ҳамда ҳукумат томонидан тайёрланган Коррупцияга қарши кураш бўйича йиллик миллий маърузани муҳокама қилиш масаласини парламентимиз ваколатига киритиш лозимлиги айтилди. Буларнинг барчаси Олий Мажлиснинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларининг конституциявий асосларини кучайтириш бўйича ишларни давом эттиришга хизмат қилади.

Ўтган йиллар давомида бу борада самарали ишлар ташкил этилди. Хусусан, ҳукумат фаолияти устидан парламент назорати ўрнатилиб, янги тизимда ишлар олиб борилмоқда. Биринчи навбатда, Давлат бюджетини қабул қилиш ва бошқа масалаларда бевосита иштирок этмоқда. Бир неча йилдан буён бюджет тақсимоти қонун кўринишида қабул қилиняпти. Умуман, парламент назорати нуқтаи назаридан янги механизмлар кириб келмоқда. Масалан, ўтган йили бюджет маблағларидан нафақат мақсадли, шу билан бирга, натижали фойдаланиш бўйича эксперемент ўтказдик ва учта вазирликнинг эшитуви ташкил этилди. Натижа ижобий бўлгани учун жорий йилда 40 та ана шундай тадбирни ўтказиш кўзда тутилган. Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси масъул сифатида бу ишларни амалга оширмоқда.

Яна бир муҳим жиҳати, 2019 йилдан буён йўлга қўйилган ҳукуматнинг йил дастури бўйича ҳисоботи парламент эшитувига киритиляпти. Яқинда Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида ўтган йилги давлат дастури ижроси бўйича ҳисоботни эшитдик. Ўз фикр-мулоҳазаларимизни, таклифларимиз, керак бўлса, танқидий нуқтаи назаримизни ҳам билдирдик.

Бундан ташқари, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби доимий давлат дастурларини авваллари ҳар чоракда эшитаётган бўлсак, бу йилдан ҳар ойлик натижалар ҳақида ахборот бериб бориляпти. Бу ҳам парламент назоратида катта ўзгариш, деб ҳисоблайман.

Давлат қарзи, давлатнинг ташқи қарзи масалалари ҳам доимий қўмитамиз эътиборида. Мисол учун, давлатнинг ташқи қарзи ҳисобига амалга оширилган ва якунланган лойиҳаларни Ҳисоб палатасининг берган хулосаси асосида эшитувлар жорий қилинган. Ўтган йили “Саломатлик-3” “Ўрта шаҳарларни ривожлантириш” каби бир қанча лойиҳаларни танқидий-таҳлилий руҳда муҳокамаларини ўтказдик.

Мажлисда Президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказиш ҳам таклиф этилди. Мисол учун, Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатини Сенатга ўтказиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди. Бу ҳам парламент ваколатларини янада кенгайтиради, Давлат бюджети ижросида натижадорлик ва ҳисобдорлик ортади.

Демак, ушбу меъёрлар Конституциямиз даражасида муҳрлаб қўйилса, 78-моддага киритиладиган бўлса, ушбу йўналишда парламент томонидан олиб борилаётган ишларни қонунчилик жиҳатдан янада чуқурлаштириш имкони юзага келади. Шунингдек, ҳукумат амалга ошираётган лойиҳалар ва ишларнинг натижадорлиги жиҳатидан ҳам йўналтирилган маблағларни ўринли ҳамда мақсадли, самарали ишлашига фойда беради. Бундан ютадиган фақатгина халқимиз бўлади.

 

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 22.06.2022, №25

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш