«Кун кўриш эмас, яшаш муҳим». ЎзХДП нимани таклиф қиляпти?
«Кун кўриш эмас, яшаш муҳим». ЎзХДП нимани таклиф қиляпти?

Ойлик маош инсоннинг турмуш фаровонлиги, яшаш сифатини кўрсатиб берувчи муҳим омил. Ўзбекистонда сўнгги уч йилда юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи сезиларли даражада ошган.

Жумладан, юқори ўсиш суръати соғлиқни сақлаш, таълим, банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти, саноат, қурилиш соҳаларида яққол кўзга ташланади. Шу қатори тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли тадбиркор, хусусий бизнес эгаларининг ҳам топиш-тутишига янада барака кирмоқда. Бугун тадбиркор, дейилса, юқори даромад эгаси кўз олдимизга келади.

«Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади». Шунинг учун аҳолининг юқори даромад олиши, тадбиркор-у ишбилармонларнинг янги иш ўринлари ташкил этиши, ходимларини юқори маош билан таъминлаши учун қулай шароитлар яратиш бизнинг бош мақсадимиз бўлиши керак.

Бироқ бугунги бозор иқтисоди шароитида барча тадбиркорлик субъектлари ҳам юқори маош тўланадиган барқарор иш ўринлари ярата олмаяпти. Хусусий корхонада ишлаш деганда баъзида чет элга товар экспорт қилувчи нуфузли фирмада юқори маош асосида фаолият юритиш тушунилса, баъзида барқарор ва турғун бўлмаган иш, мукофот пули ва бошқа имтиёзлар қўлланилмайдиган иш ҳақи, маошнинг мавсум ва сотув ҳажми камайганда пасайиб кетиши каби ҳолатлар кўз олдимизга келади.

Кичик бизнес субъектларида ишчиларнинг арзимаган маошга кун кечириши ҳолатлари учрамоқда. Масалан, фермер хўжаликларида ерга экин экиб олиш шарти билан, ойликсиз ишлаётганлар, тикув цехларида мавсумига, иш кўламига кўра камгина пулга қаноат қилиб меҳнат қилаётганларни кўришимиз мумкин. Ҳатто баъзи хорижий корхона ва ташкилотлар Ўзбекистонга арзон ишчи кучи манбаи сифатида ҳам қарайди. Тадбиркорлик субъектларида ойликнинг камлигига айрим ҳолларда тадбиркорларнинг кўпроқ фойда олиш учун арзон ишчи кучини қидириши сабаб бўлса, баъзи ўринларда юқори маош тўлаш учун имконият ва шароит етарли эмаслиги, иш ҳақини ошириш учун қўшимча имтиёзлар йўқлиги бунга тўсқинлик қилади.

Халқ демократик партияси юртдошларимизнинг меҳнати юқори баҳоланиши, меҳнатига яраша ҳақ олиши ва тадбиркорлик субъектларининг ўртача иш ҳақидан юқори маош тўланадиган барқарор иш ўринлари яратишини рағбатлантириш зарур, деган ташаббусни илгари суряпти.

Жойларда мутасаддилар билан ўтказилаётган сайёр қабуллар чоғида ҳам ойликларни ошириш бўйича кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Хорижий мамлакатларга бориб, мусофирликда турли «қора ишлар»ни қилишга мажбур бўлаётганлар ҳам тўқликка шўхликдан эмас, етишмовчиликдан, топган пули оиласини боқишга етмаганидан кетган. Мурожаатларда шу нарса аён бўляптики, ойлик маоши жилла қурса истеъмол саватчаси — муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўплами учун етарли бўлиши лозим. Бу, ижтимоий ҳолатидан қатъий назар, ҳар бир инсоннинг устувор ҳуқуқи эканини асло эсдан чиқармаслик зарур.

Қолаверса, тадбиркорлик субъектларининг ўзи учун ҳам яхши иш ҳақи таклиф этиш манфаатлидир. Боиси меҳнат бозорида талаб катта бўлган малакали мутахассис арзонгаровга ишламайди. Хизматини профессионаллар бажариши, ишида унум бўлишини истаган тадбиркорлик субъекти ходимларига шунга яраша ҳақ бера олиши зарур. Иш ҳақининг юқори бўлиши аҳолининг моддий шароитини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида ошириш баробарида иқтисодиёт ривожланишига ҳам туртки бўлади.

Шуни инобатга олган ҳолда тадбиркорлик субъектларини ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақидан юқори маош тўланадиган барқарор иш ўринлари яратишга рағбатлантириш ниҳоятда долзарб вазифадир.

Аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, юқори маошли иш ўринлари билан таъминлаш қандай имтиёзлар асосида амалга оширилишини белгилаш зарур. Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этиш лозим:

Биринчидан, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдоридан келиб чиқиб, ижтимоий тўловларнинг дифференциал ставкаларини белгилаш. Бунда корхона тўлайдиган ўртача иш ҳақи қанча юқори бўлса, ягона ижтимоий тўлов миқдори шунча пасаяди. Натижада корхоналар имкониятлари доирасида ойликларни оширишга интилади. Ойлик юқори бўлган иш ўринларига рақобат асосида малакали мутахассислар сараланиб боради.

Иккинчидан, иш ҳақининг ўртача ҳисобланган номинал миқдоридан паст маош тўлайдиган корхона ва хусусий тадбиркорларга қонунда белгиланган солиқ имтиёзларини қўлламаслик, даромадига эса юқори ставка бўйича солиқ солиш.

Ойлиги рўзғор тебратишга етарли бўлган инсон эртанги кунидан кўнгли тўқ, хотиржам яшайди, юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилади, ўзга юртларда ризқ теришни хаёлига келтирмайди. Юқори ойлик таклиф этаётган тадбиркорнинг ҳам фаолияти кенгайиши, малакали ходимлар билан иши илдамлашига шубҳа йўқ.

Биз мустақил Ўзбекистон халқининг фаровон турмуш кечириши, тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланишини истар эканмиз, аҳолининг юқори даромад олишини таъминлашимиз лозим, деб ҳисоблаймиз.

Биз ҳар бир шахс муносиб шароитларда меҳнат қилишининг тарафдоримиз!

Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодларга овоз беринг!

 

Саидали Юсупов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бош консултанти.

www.daryo.uz

Теглар

Депутат Сайлов-2019 Мен ЎзХДПни танладим
← Рўйхатга қайтиш