ҳаётга, халқимиз эҳтиёжларига қанчалик яқин?
Ҳар ҳафтанинг сешанба куни ЎзХДП Марказий Кенгашида видеомулоқот ташкил этилмоқда. Ўтган ҳафтадаги мулоқотда партия Дастури ва Сайловолди дастурини такомиллаштириш масалалари ҳамда бу борадаги таклифлар муҳокама этилди.
Видеомулоқотни партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов бошлаб берди: — Маълумки, 9 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишимизда партиямизнинг Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳалари фаоллар, экспертлар ва депутатлар иштирокида қизғин муҳокама этилган эди.
Муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ишчи гуруҳ аъзолари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиб, эътиборга олинди. Айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар масалаларига алоҳида эътибор берилди.
Бундан ташқари, партиянинг янги Дастури ҳамда Сайловолди дастури лойиҳалари муҳокамаси бўйича эксперт, олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, бошланғич ташкилотлар, туман (шаҳар), вилоят кенгашлари ҳамда депутатлар иштирокида туркум давра суҳбатлари ўтказилди, қатор таклифлар олинди.
Ўйлайманки, саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ дастурий ҳужжатларимиз жозибадорлиги янада ошади.
Йиғилишда жойлардан олинган таклифлар кўриб чиқилди, фикр-мулоҳаза алмашилди.
Улуғбек Вафоев, Партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:
– 9 июль куни бўлиб ўтган видеоселекторда партиядошимиз Шарбат Абдуллаева Дастур лойиҳаси бўйича фикр билдириб, “дастурда партия мафкураси аниқ бўлиши керак”, деб таъкидлаб ўтган эди. Мен ушбу фикрга тўлиқ қўшиламан. Ҳақиқатан ҳам, партиянинг Дастурида унинг мафкураси аниқ белгиланиши керак.
Чунки биз олдинги сайловлардаги тажрибамизда партиямиз мафкураси тўғрисида гап кетганда, жуда қийналганмиз. Партиямиз мафкурасини ҳар биримиз турлича талқин қилганмиз. Шунинг учун Дастур лойиҳасида партиямиз мафкураси — қисқа, лўнда ва тушунарли шаклда бериляпти.
Партиямиз мафкураси учта асосий ғоядан иборат бўляпти. Булар ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик ҳамда ижтимоий демократия ғояларидир.
Нега айнан ушбу ғоялар, нега айнан ушбу мақсад танланган? Мазкур ғоялар ҳаётга татбиқ этилиши жамиятимизда ижтимоий барқарорликни таъминлайди. Ислоҳотларни амалга ошириш, ривожланиш учун барқарор ижтимоий вазиятни тақдим этади. Ижтимоий демократик давлат қуриш инсониятнинг азалий орзуларидан ҳисобланади. Энг муҳими, ушбу ғоялар, партиямиз ҳимоя қилаётган ижтимоий қатлам манфаатидан келиб чиқиб белгиланган.
Барча учун фаравонликни таъминлайдиган, ижтимоий-иқтисодий барқарор давлатни барпо этиш учун, аввало, ижтимоий заиф қатлам манфаатларини ҳимоя қилишимиз лозимдир.
Демак, партиямиз Дастурини муҳокама қилиш орқали ғояларимиз, мақсадларимиз ва унга элтувчи йўлларимиз ҳамда мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан сиёсий позициямизга аниқлик киритиб олдик.
Энди мазкур ғояларга асосланиб, яқин беш йил ичида олдимизда қандай вазифалар турибди, биз нима ишлар қилишимиз керак? Ушбу саволларга партиямиз Сайловолди дастурида жавоб топишимиз керак.
Очиғини айтиш керак, партия Дастури ва Сайловолди дастурини тайёрлашда жамиятимиздаги барча муаммоларни қамраб олиш имконияти йўқ. Барча муаммоларни киритадиган бўлсак, дастурларимиз ҳажм жиҳатдан жуда катта бўлиб кетади ва сайловчиларга етказиш, тарғиботда фойдаланиш учун ноқулай бўлади. Лекин, шунга қарамай, биз сайловчиларни қийнаётган муаммоларга кўз юма олмаймиз. Бугун одамларни қуруқ ғоялар эмас, балки ҳаётий муаммоларнинг ечими қизиқтиради.
Шунинг учун таклиф қиламизки, партиямизнинг асосий Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, ҳар бир вилоят, ҳар бир туман, ҳудудлар шароитига мос равишда ўз сайловолди дастурларини ишлаб чиқиши лозим.
Бу орқали ҳар бир ҳудудга хос бўлган, сайловчиларни қийнаётган муаммоларни аниқлаб, уларнинг ечимини топишга киришиш имкониятига эга бўламиз. Кенг қамровли сайловолди дастурини тайёрлаш ҳолати тушунарли бўлиши учун ушбу жараённи пирамида шаклида келтирганмиз.
Пирамиданинг бошида Партия дастури турибди, ундан келиб чиққан ҳолда – Сайловолди Дастури, Сайловолди дастуридан пастда – ҳудудий дастурлар, ундан сўнг туман (шаҳар) дастурлари, пирамиданинг энг охирида ҳар бир туман кенгаши депутатининг ўз ҳудуди бўйича дастури турибди.
Агар партиямизнинг дастурий хужжатлар тизимини шу тарзда шакллантира олсак, мамалакат ҳудудини қамраб олган, партия ҳимоя қилаётган ижтимоий қатламнинг барча муаммоларини ўзида акс эттирган мукаммал ва яхлит партия режасига эга бўламиз.
Партия Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаси:
ким қандай таклиф берди?
Видеомулоқот қизғин баҳс-мунозаралар, таклифлар асосида ўтди.
Мақсуд Нуруллаев, Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят Кенгаши раиси:
– Аввало, таъкидлаш керакки, Дастур ва Сайловолди дастури пирамида шаклида тушунтирилгани барчамиз учун янгилик бўлди. Таклифим ҳақида гапирадиган бўлсам, партия дастури ва Сайловолди дастури лойиҳасини видиоселектор кўринишида муҳокама этишдан ташқари ҳудудлар кесимида, масалан, 3 та вилоятни бирлаштириб, муҳокама этилса, янада кенг аудитория жалб қилинади, деб ўйлайман. Бу кенг қамровли таклифлар шаклланишига ҳам хизмат қилади, назаримда.
Рашид Муртазоев, Ўзбекистон ХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси:
– Маърузаларни тинглаб, партиямиз сиёсий мафкураси ҳамда Дастурий устуворликлари назарий жиҳатдан мукаммал ишлаб чиқилган, сайловчига тушунарли бўлиши учун содда, равон ҳолда тайёрланганига гувоҳ бўлдим.
Шундан келиб чиқиб, партиямиз электорати манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилишга қаратилган ғоя ва фикрларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Жумладан, кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва ижтимоий хизмат соҳасида банд бўлган кишилар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнат шароитлари ва меҳнат ҳақи, маиший хизматлардан фойдаланиши билан боғлиқ масалаларда таклифлар ишлаб чиқиш лозим бўлади. Ногиронларга жамоат транспортидан фойдаланишда қулайликлар яратиш, алоқа тизимидан фойдаланишда имтиёзлар бериш борасида таклифлар ўрин олса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шунингдек, инсон ва унинг оиласи учун энг кам даромад миқдори, яъни, энг кам истеъмол саватчасига кирувчи озиқ-овқат, кийим-кечак, уй жой, тиббий ва ижтимоий хизматлардан иборат турмуш даражасини таъминловчи, умумэътироф этилган инсон ҳуқуқларининг мамлакатимизда руёбга чиқарилиши билан боғлиқ масалалар ҳам Сайловолди дастуримизда ўз ифодасини топиши лозим. Зеро, бу масала жуда кўп кун тартибига чиқаяпти, аммо ҳали-ҳануз амалиётга жорий этилгани йўқ.
Ташқи сиёсат фаолият масалалари ҳам партиямиз дастурий ҳужжатларида бўлиши лозим.
Зулфия Тўйева, Бухоро вилоят партия кенгаши раиси:
– Ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалалари юзасидан ҳам муҳим вазифаларни белгилаб олишимиз зарур.
Бугун мамлакатимиз аҳолисининг деярли тенг ярми ҳали ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб келишмоқда. Айниқса, хотин-қизларимиз. Биз қишлоқ хўжалигида, фермер хўжаликларда ишлаётган хотин-қизлар меҳнати кафолатланиши масаласини ҳам дастурларимизга киритсак, аниқ механизмларни ишлаб чиқсак, ўйлайманки, тарафдорларимиз сони анчайин ортган бўлар эди.
Биз аҳолининг эҳтиёжманд қатламини кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам, яна бошқа жойда якка-ёлғиз, деб атаймиз. Буларнинг ҳаммасини битта мезонга солиш керак, назаримда.
Яна бир масала. Ёлғиз оналар масаласи бор. Бу энг оғриқли нуқталаримиздан. Улар иш билан таъминланмаса, ёрдам кўрсатилмаса, фарзандлари тарбиясида муаммога учраши аниқ. Демак, ёлғиз оналар масаласини ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак.
“Таклифингиз дастур лойиҳасидан жой олди”
Видеомулоқотда ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов партия Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича жойлардан юборилаётган таклифларнинг таҳлили тўғрисида маълумот берди.
– Вилоятлардан 120 дан ортиқ таклиф келган бўлиб, улар Марказий Кенгаш қошида ташкил этилган экспертлар гуруҳи иштирокида кўриб чиқилди. Таклифларнинг 43 таси ишчи гуруҳи томонидан маъқулланди. Муҳим таклифлар Навоий, Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоят кенгашлари томонидан юборилди. Масалан, Навоий вилоят партия кенгаши Сайловолди дастурига берган таклифи шундай изоҳланади: Айрим оилаларнинг икки ва ундан ортиқ фарзанди олий таълим муассасаларига тўлов шартнома асосида ўқишга қабул қилинади. Бундай ҳолатда даромади паст оилалар шартнома тўловларини амалга ошира олмайди. Шунақа шароитда кам даромадли оилаларга маълум миқдорда чегирмалар берилиши керак. Ҳаракатчан ёшлар ўқиш имкониятига эга бўлиши зарур. Бунинг учун аниқ механизм ишлаб чиқиш ва дастурга киритиш таклифи берилган.
Бухоро вилоят кенгаши одам аъзолари ва тўқималари трансплантацияси билан боғлиқ масалани киритиш бўйича таклиф берган. Республикамизда бу йўналишда етарли имкониятлар мавжуд эмаслиги аҳолига қийинчиликлар туғдиряпти. Бу борада сифатли ва арзон тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилиши кераклиги масаласи дастурдан ўрин олиши лозим.
– Сайловолди дастури лойиҳасида 2019-2024 йиллар давомида 20 дан ортиқ қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича аниқ вазифалар илгари сурилмоқда. Сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин номзодларимиз сайловчилар билан учрашганда Сайловолди дастуримизнинг афзал жиҳатларини тушунтириши, сайловчиларни ишонтириши керак, – деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов.
Партиянинг Дастури ва Сайловолди дастурини таклифлар асосида такомиллаштириш жараёни давом этмоқда.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.