Бепул юридик ёрдам
Бепул юридик ёрдам

 

Аксарият инсонлар ҳуқуқий ёрдамга доимо эҳтиёж сезади. Фуқароларнинг Конституцияда мустаҳкамланган асосий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши учун бу ёрдам жуда муҳим.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини давлат томонидан ҳимоя қилиш кафолати ўз навбатида малакали юридик ёрдам олиш кафолатларини ҳам талаб этади. Президентимизнинг жорий йил январь ойидаги фармонига мувофиқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартибини жорий этиш вазифаси белгиланган.

Конституциямизнинг 116-моддасида ҳар ким учун малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, қонунда назарда тутилган ҳолларда бепул юридик ёрдам кўрсатилиши белгиланмоқда. Мазкур меъёрнинг киритилиши натижасида аҳолининг барча қатлами малакали юридик ёрдам олиши мумкин бўлади. Бу, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами учун жуда муҳимдир.

Жамиятда юридик ёрдамга муҳтож, лекин ундан фойдаланишга етарли маблағи бўлмаган шахслар ҳам бор. Бу ҳуқуқни чеклаши мумкин. Мазкур норма киритилса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами ҳеч бир шартсиз, қийинчиликсиз юридик ёрдам олиш имкониятига эга бўлади. Натижада жамиятимизда ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги юзага келади.

Конституцияга янги норманинг киритилиши натижасида кўплаб меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш киритишга, эҳтимол “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги қонун қабул қилинишига ҳам тўғри келади.

Жиноят-процессуал қонунчилигида вояга етмаганлар, соқовлар, карлар, кўрлар, жисмоний нуқсони ёки руҳий ҳолати бузилганлиги сабабли ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширишга қийналадиган бошқа шахсларнинг, судлов иши олиб борилаётган тилни билмайдиган шахслар, жазо чораси сифатида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларнинг иши бўйича адвокатнинг иштирок этиши шартлиги белгиланган. Бунда гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчида адвокат ёллаш имконияти бўлмаса, давлат томонидан бепул адвокат хизмати жалб этилади.

Бу улар учун қанчалик муҳим эканлигини ҳар бир биримиз яхши ҳис қиламиз. Ўзини ҳимоя қилишга қодир бўлмаган шахснинг қонун, давлат томонидан ҳимоя қилиниши юксак инсонпарварлик, инсон қадрини улуғлашнинг яна бир намунаси бўлишини қайд этиш жоиз.

 

Райимберган ЮСУПОВ,

ЎзХДП Хорзам вилоят кенгаши раис.

«Ўзбекистон овози», 20.07.2022, №29

 

 

 

Теглар

Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш