Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят Кенгаши депутатлари томонидан партиянинг дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга муҳтож оилалар, фуқароларни ҳолидан хабар олиш, уларнинг муаммоларини эрта аниқлаш ва имкон даражасида бартараф этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
“Депутат-маҳаллада” лойиҳаси асосида 18-Қизилтепа сайлов округидан Навоий вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган Бахтиёр Умаров ҳамда Ўзбекистон ХДП Навоий вилояти ва Қизилтепа тумани кенгашлари масъуллари Яшнабод маҳалласи аҳолиси билан сайёр қабул ўтказди. Маҳаллада 4 та кўча мавжуд бўлиб, Шарқ кўчаси аҳолиси номидан меҳнат фахрийси Рахматилло Ҳайитов сўзга чиқди. У электр токи билан таъминловчи подстанцияни тартибга келтириш, ичимлик ва оқар сув масалаларини ҳал этиш, 1956 йилда туғилган фуқаро Мукаррам Рахмонова ва 1961 йилда туғилган Зебинисо Бердиевалар соғлиғида муаммолари борлиги туфайли ёрдам кўрсатиш зарурлигини тушунтирди.
Шунингдек, 81 ёшли онахон, 1-гуруҳ ногирони Новвот Фозилова кўзи ожизлиги сабабли даволаниш, ёлғиз аёл Лайло Дилмуродова 2 нафар фарзандининг бири вояга етмаганлиги, бири Зарафшон саноат техникумида шартнома асосида ўқиётганлигини айтиб, шу фарзандининг шартнома тўлов маблағларини тўлаб беришда ҳамда уйининг томини таъмирлаб беришда ёрдам сўради. Шарқ кўчаси 127-уйда яшовчи ёлғиз аёл Дилдора Қодирова фарзандларини пулли тўгаракларга берганлиги, лекин ўзи кунлик ишларга чиқиб пул топаётганлиги сабабли қийналаётганлигини айтиб, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни сўради.
Мурожаатлар ўрганилиб, тегишлилиги бўйича депутат сўровлари чиқарилди, 8 нафар фуқаро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида чуқур кўрикдан ўтказишга тавсия этилди. 1 нафар ёлғиз аёлнинг фарзандларига ҳомийлар томонидан ҳар ойда 100 000 (юз минг) сўмлик маблағларни пластлик картасига ташлаб беришга қарор қилинди.
Шундан сўнг, маҳаллалардаги 20 нафар ётоқдаги касаллар, кекса нуронийлар ва оғир вазиятга тушиб қолган фуқароларнинг хонадонларига кириб, яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклаб, 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.