Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги катта тантана қилинаётган айни дамларда бугунгача босиб ўтган йўлимизга, эришган натижа ва марраларимизга назар ташлар эканмиз, тарихан қисқа даврда оламшумул ўзгаришлар рўй берганини яна бир карра ҳис қиламиз. Бугун ҳар бир соҳадаги ўзгариш ва янгиланиш давлатимиз тараққиётини янада юқори поғонага кўтаришга, инсон қадр-қимматини юксалтиришга хизмат қилаётир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова билан истиқлол манзаралари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва улардан кутилаётган натижалар хусусида суҳбатлашдик.
— Бугун Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги кенг шодиёна қилинмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрам олдидан қалбингиздан қандай кечинмалар кечмоқда, қанақа ўй-фикрлар ўтмоқда?
— Бугун Ўзбекистонимиз янги давлатга айланиб бормоқда. Бугунги кунда ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ислоҳотлар, ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Аввало, ҳар бир жараён қонунга асосланса, табиий кечади ва самараси юқори бўлади. Қонуний асосларга асосланган жараёнларнинг кечишида эса халқимиз ҳал қилувчи кучдир — сиз, мен, турли соҳа ходимлари, тадбиркорлар — барчамиз ислоҳотларни амалга оширувчимиз. Шу маънода, аввало, онгимизда ислоҳотни амалга оширишимиз керак. Яъни Ўзбекистонимизда кечаётган ўзгаришларга нисбатан ҳар бир фуқарода дахлдорлик ҳисси бўлиши керак.
Кўпинча ижтимоий соҳада танқидлар кўп учрайди. Аслида танқид борлиги ҳам ижобий ҳол. Яъни, бу одамларнинг жамиятдаги камчиликларга бефарқ эмаслигини кўрсатади. Агар бефарқлик бўлса, ҳеч қандай ривожланиш бўлмас эди.
Сўнги 5-6 йилда мамлакатимизда кечаётган жараёнларга назар ташласак, жуда катта йўлга қадам қўйдик. Юртимиздаги фикр эркинлиги, сўз эркинлиги, сиёсий ҳолатнинг бемалоллиги, сиёсатнинг ижтимоий ҳаётга қаратилганлиги Ўзбекистоннинг бутунлай янги — ижтимоий давлатга айланаётганидан дарак беради.
Раҳбариятнинг халққа яқинлашгани муҳим натижалардандир. Бугун Президент, вилоят, туман раҳбарлари халқнинг ичида юрибди, халқ билан мулоқот қиляпти. Давлат раҳбари ҳар бир соҳа вакиллари билан учрашиб, улардан таклифлар олиши, муаммоларини эшитиши ва шу асосда қарорлар қабул қилиши — бу катта гап. Бу бутун сиёсат халққа қаратилганидан далолатдир.
— Халқ билан мулоқот тизимининг замирида ҳам инсон манфаатлари, инсон қадр-қиммати мужассам, шундай эмасми?
— Бугунги кунда дунё давлатларига, айниқса, турли можаролар кечаётган мамлакатларга қарайдиган бўлсак, инсон қадри ҳеч нарсага арзимай қолганини кузатамиз. Африкадаги болалар очликдан азият чекаётгани, айрим юртларда табиий офатларда халққа кўрсатилаётган ёки кўрсатилмаётган ёрдамларни кўрсангиз, юртимиздаги инсон қадри учун йўналтирилаётган ислоҳотлардан мамнун бўласиз. Қай бир соҳада бўлмасин, инсон қадри энг биринчи ўринга кўтарилган.
Шунингдек, бугун ҳар бир ҳудудга, вилоятга алоҳида эътибор қаратиляпти, уларнинг пропорционал ривожланишига устуворлик бериляпти. Ҳар бир ҳудуд аҳолисининг ижтимоий таъминланганлиги ўша ернинг ижтимоий ривожланишига, аҳолининг ҳаёт фаровонлига қаратилганлиги билан муҳим. Авваллари асосий эътибор марказга қаратилар эди, марказда таълим, тиббиёт, ишлаб чиқариш каби соҳалар ривожлантирилар эди, аммо чекка ҳудудлар бироз орқада қолар эди.
Бугун эса энг чекка ҳудудларда ҳам ривожланиш сари қадам қўйиляпти. Ҳар бир вилоятда педагогика университетлари мавжуд. Бу эса вилоятлардаги ёшларнинг олий таълим билан қамраб олиниш имкониятини кенгайтирмоқда. Айниқса, бу қизларимизни ўқитиш учун қулайликлар яратди. Чунки айрим ҳолларда қиз болани пойтахтга ўқиш учун юборишга жазм қилишмасди. Энди эса улар ўз вилоятида олий таълим олиши мумкин. Қолаверса, магистратурага кирган қизларимизнинг тўлов контракт шартномалари давлат томонидан қоплаб берилиши юртимизда хотин-қизларга қаратилган эътибор ва ғамхўрликдан далолат беради.
Мактабгача таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар рўй беряпти. Масалан, бундан 10 йил олдинги 6 яшар бола билан ҳозирги 6 яшар боланинг дунёқарашида, қизиқишларида жуда катта фарқ бор. Демакки, бундан 20 йил кейин ҳозирги болаларимиздан янада юқори потенциални кутиш мумкин. Буни яқинда Ҳиндистонда бўлиб ўтган шахмат бўйича жаҳон чемпионатида фарзандларимизнинг эришган ютуқлари мисолида ёки фан олимпиадаларидаги ютуқларида ҳам кўришимиз мумкин. Жойларда бўлганимизда ёшлар билан мулоқотларда уларнинг берадиган саволлари, мулоҳазаларини тинглаб, ўйланишга мажбур бўласиз. Ёки Конституциявий ислоҳотлар давомида ҳам ёшларимиз фаоллиги кишига қувонч бахш этади. Ёшларимиз "бу давлат меники", деб яшаса, янада ривожланишга эришамиз.
— Мақсуда Азизовна, сиз тиббиёт соҳасидан чиққансиз ва айни пайтда Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раҳбари ўринбосари сифатида фаолият кўрсатасиз. Шу ўринда тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Узоқ йиллар соғлиқни сақлаш соҳасида ишлаган инсон сифатида айтишим мумкинки, бугунги кунда тиббиётга қаратилаётган эътибор бир неча йил аввалги ҳолат билан қиёслаганда, осмон билан ерча фарқ қилади. Аввало, соҳада ёндашув ўзгарди. Яъни инсон қадри биринчи ўринга чиқди. Давлат томонидан кафолатланган тиббий буюмлар ва дори-дармонлар пакети қабул қилинди. Ҳар биримизга бепул кўрсатиладиган тиббий ёрдам рўйхати тасдиқланди. Авваллари аҳолига бепул бериладиган дори-дармонлар рўйхати 20 та эди. 2021 йилда 66 тага етди. Бу йил эса 120 тага етди. Демак, оилавий поликлиникага мурожаат қилган инсон бемалол даволаниш имконига эга бўлди. Оилавий поликлиникаларда кундузги шифохона тизимини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилдики, бу касалхонада ётишга имкони бўлмаган фуқаролар, қариялар, айниқса, ёш боласи бор аёллар учун катта имконият яратди. Фуқаролар кундузи муолажаларни олиб, кечга уйига қайтиши мумкин.
Тиббиётда яна бир революцион ўзгариш амалга ошириляптики, бу — тиббий суғурта тизимига ўтиш. Дунё тажрибасида одамлар тиббий суғурта учун аввалдан маблағ ўтказиб қўяди ва кейин фойдаланиши мумкин. Бизда эса давлат томонидан ҳар бир фуқаронинг тиббий суғуртаси учун тегишли тиббиёт муассасаси ҳисобига маблағлар йўналтирилади. Бу тиббиёт масканларининг моддий-техник базаси яхшиланишига ҳам хизмат қилади. Қолаверса, ҳар бир инсон учун тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниши учун қўшимча маблағ талаб қилинганда, фойдаланиш имконига эга бўлади.
Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, олис ҳудудлардаги муассасаларни кадрлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Қишлоқ шифокори» дастури амалга оширилмоқда. Масалан, олис ҳудуд деб топилган жойга бориб, фаолият кўрсатган врачларга дастлаб 30 миллионлик рағбат ҳамда ҳар ойлик маошига 2 миллион сўм устама тўланади. Бундан ташқари, уй-жой билан таъминланади ёки уй-жой ижараси тўлаб берилади.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда илмий-амалий тиббиёт марказлари сони кўпайди ҳамда вилоятлардаги филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. Бу эса турли оғир даражадаги беморларни ўз ҳудудида кўрикдан ўтказиш ва зарур муолажаларни амалга ошириш имконини яратди.
— Мақсуда опа, ҳақиқатан ҳам барча соҳада ривожланиш, янгиланиш, ўзгаришлар жадал равишда кетмоқда. Айтингчи, бундан 10-15 йиллардан сўнг Ўзбекистонимизни қандай тасаввур қиласиз?
— Биласизми, бугун нонушта вақтида оиламиз билан худди шунга ўхшаган мавзуларда суҳбатлашдик. Шу йил 1-синфга борадиган неварамга «катта бўлсанг, ким бўласан?», деб савол берсам, у «катта бўлсам, инженер бўламан, конструктор бўламан. Ўзи учадиган машиналар яратаман», деб жавоб берди.
Буни эшитиб, ҳайратландим, кўзимга ёш келди. Биласизми, ҳозирги болаларимизнинг хаёлотида шундай саволлар пайдо бўладики, баъзан уларга жавоб топишга қийналиб қоламан. Улар ҳали 6-7 яшар болалар. Мана энди сўнгги 5 йилда ўтказилган ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатиб, бундан кейинги авлод вакилларимизнинг ҳаракатлари янада тезланади. Йилдан-йилга ривожланиш тезлигимиз янада ортади. Бунинг учун барчамиз бир мақсад йўлида бирлашадиган бўлсак, кўзлаган мақсадларимизга эришишимиз осон кечади.
10 йилдан кейин менинг фикрим, Худо хоҳласа, ривожланган давлатлар сафига кира бошлаймиз. Бугунги ислоҳотлар ўз мевасини бера бошлайди. Иқтисодиётимиз Марказий Осиёдаги энг ривожланган ва мустаҳкам иқтисодиёт бўлади.
Ўзбекистон дунёга танилган давлатга айланади. Туризм янада ривожланади. Мамлакатимизнинг туризм салоҳияти жуда юқори, ҳар бир қарич еримиз тарихий аҳамиятга эга, бизда юқори потенциал бор. Буюк аждодларимиздан қолган илмий салоҳият, илмий-маънавий мерос, катта кутубхонамиз бор. Уларни ўрганиш орқали оламшумул кашфиётларни кашф этиш мумкин.
Яқин келажакда оилаларнинг ажралишлари кескин камаяди. Чунки бугун биз тарбия қилаётган ёшларнинг маънавияти, дунёқараши теранлашади. Айрим Европа давлатларида оила институтига завол етаётган бир пайтда бизда оила қадрияти янада мустаҳкамланади. Барча йўналишдаги ислоҳотлардан кутилаётган улкан натижалар ўз бўйини кўрсатади, дея умид билдираман.
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди,