Президентимиз мақоласини ўқиб...

 

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли мақоласига дунёнинг етакчи сиёсатчилари, етук мутахассислари алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас.

Мамлакатимиз ва дунёнинг нуфузли нашрларида эълон қилинган ушбу мақолада тинчликни мустаҳкамлаш, кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, данё давлатлари ўртасида бирдамликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани долзарб аҳамиятга эга.

Мен ҳам ушбу мақолани бир неча бор ўқидим. Бир қанча жиҳатлар эътиборимни тортди.

Жумладан, мақолада бугунги дунёнинг қиёфаси, инсониятнинг ҳаёти учун хавф туғдираётган таҳдидлар санаб ўтилган. Хусусан, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончсизлик, қуролли можаролар, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши шулар жумласидандир.

Инсониятга хавфи ортиб бораётган таҳдидларга нафақат тўхталинган, балки уларнинг олдини олиш бўйича ечим ҳам таклиф этилган. Бунда энг асосий ҳақиқат сифатида ёлғиз давлатнинг ўзи натижага эришолмаслигига алоҳида урғу берилган.

Давлатимиз раҳбари бунинг учун “Бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир. Айнан инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар, улар хоҳ катта, ўрта ёки кичик бўлсин, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратишлари лозим”, деб таъкидлаган.

Маълумки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти қисқа вақт давомида сон ва сифат, шакл ва мазмун жиҳатдан юксалишга эришган халқаро ташкилотлардан ҳисобланади.

Президентимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолияти ҳақида тўхталиб, ушбу ташкилотнинг муваффақияти ҳамда унга қўшилиш истагидаги давлатлар сони йилдан-йилга ортиб бораётганининг сабабларини ҳам келтирган.

Яъни, “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суришдадир”.

Ён қўшнимиз бўлган жафокаш афғон халқи заминида тинчлик ва барқарорлик бўлиши мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ташаббусларидан бири ҳисобланади. Зеро, донишманд халқимизда “қўшнинг тинч, сен тинч”, деган пурмаъно ҳикмат бор.

Англаганингиздек, мақолада Афғонистонни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Жумладан, қуйидаги фикрлар илгари сурилган: “Шак-шубҳасиз, Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми саналади. Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Афғонистонга биргаликда ёрдам қўлини чўзишимиз, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашишимиз ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш бизнинг маънавий бурчимиздир.”

Умуман мақолада келтирилган фикрлар ҳар бирмизни яна бир бор тинчлик қадри, дунё давлатлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашда Ўзбекистоннинг ўрни ва аҳамияти ошиб бораётгани ҳақида чуқур мушоҳада юритишга, Ватан равнақи йўлида эзгу ишларга камарбаста бўлишга ундайди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш