Битта масалада икки раиснинг фикри
Битта масалада икки раиснинг фикри

 

Давлат бошқарувини демократик нуқтаи назардан ислоҳ этиш ҳеч қачон осон кечмаган. Муҳими, бу йўлда тўхтаб қолиш эмас, ҳар доим ўзгаришлар, янгиланишлар томон юриш зарур. Кейинги йилларда маҳаллий давлат бошқарувини демократлаштириш, ҳудудлар тақдири билан боғлиқ қарорларни бир киши эмас, кўпнинг фикри билан қабул қилиш бўйича анча натижаларга эришилди. Халқ депутатлари Кенгашлари ҳозир энг муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилишда кўплаб ваколатларга эга бўлди. Бу Кенгашларнинг салоҳияти, масъулияти ошишига замин яратди.

Шу кунларда халқ депутатлари Кенгашларининг мақомини мустаҳкамлаш масаласи Конституциявий қонун лойиҳасида ҳам долзарб масала бўлиб турибди. Жуда муҳим жараёнда турибмиз, шундай пайтда маҳаллий Кенгашлар, депутатлар фаолияти ва фикри ҳақида кўпроқ мулоҳаза юритишимиз зарур.

Ўтган галги сонларимизда айрим вилоят партия кенгашлари раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолияти ҳақидаги фикрлари, хулосалари берилган эди. Муҳокамани давом эттирган ҳолда вилоят партия кенгашлари раисларининг мулоҳазаларига қулоқ тутамиз.

 

Нуриддин ХОЛМАТОВ,

ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати:

– Яхши ўзгаришлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Ҳаётнинг талаби эса ўз устимизда ишлаш, муаммоли ҳолатларни ҳал этишдан, ишимизни янги даражага кўтаришдан иборат.

Жойларда одамлар бугун партияларни яхши танийди, ҳар бирининг мақсад-вазифасини яхши билади, деб айтолмаймиз. Ҳозир ҳаёт баландпарвоз гапларни қабул қилмайди. Қуруқ рақамлар билан фақат ўзимизнигина алдашимиз мумкин.

Тадбирлар юзасидан кўп маротаба чекка қишлоқларга сайёр қабулга борамиз. Ўшанда жуда хафа бўлиб кетаман, сабаби аксарият фуқароларимиз депутат кимлигинию, партия нима учун хизмат қилишини билмайди. Албатта, билмаслик айб эмас. Бунинг учун энг аввало, биз айбдормиз. Қишлоғимизда бирон муаммо бўлса, кўпчилик фуқаро беэътибор бўлиб яшайверади. Ўша кезда лоақал депутатнинг ҳам қизиқиб кўришга, вазиятни ўрганишига тоқати етмайди. Кейин мавжуд муаммолар билан ҳамоҳанг яшайверган фуқаронинг депутатга ишончи қоладими? Албатта, йўқ. Бир депутатни танийман, тиним билмайди. Ҳали у фуқаронинг дарди билан бир ташкилотда юрган бўлади, ҳали бу фуқаронинг ташвиши билан бошқа ташкилотда. Ҳудуддаги йўлларни таъмирлаш учун ҳар йили «опен бюджет»да қишлоқдошлари билан овоз тўплайди. Ишонасизми, уни бутун туман, халқ танийди. Ростда, ишлаган кишини ким танимасин. Муҳими – мана шу ишни сидқидилдан бажаришда.

Партиянинг ривож топишида депутатлик гуруҳлари фаолияти муҳим ўрин тутади. Жиззах вилоятида жорий йил тўққиз ойи давомида партия гуруҳларида 41 та, доимий комиссияларда 32 та, шунингдек, шаҳар-туман Кенгашлари сессияларида 22 та масала кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Улар асосан мактабгача таълим муассасаси, ўрта таълим, тиббиёт масалаларини ўз ичига олади.

Депутатларнинг жамоатчилик билан алоқаларини яхшилаш, тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ва тўлақонли йўлга қўйиши муҳим аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Бизнинг мақсадимиз — халқ ҳокимиятини сўзда эмас, амалда таъминлашдан иборатдир». Бу биз яшаётган янги даврнинг асосий талабидир. Умуман олганда, гап фуқаролар ҳаёти ҳамда уларнинг манфаати устида борар экан, бу борада ҳар қандай масалага жиддий, фидокорона ёндашиш, юртдошларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг муаммо ва таклифларига қулоқ тутиш лозимдир.

Ўтган вақт мобайнида ўтказилган сайёр қабуллар ва Жамоатчилик қабулхоналари орқали жами 951 нафар фуқаро томонидан мингдан ортиқ масала бўйича мурожаат келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига қараганда 40 фоизга кўпайганини кўришимиз мумкин. Уларни ҳал этиш даражаси 79 фоизни ташкил этмоқда. Мурожаатларга ечим топишда «маҳаллабай», «фуқаробай» ишлаш тизими самарали йўлга қўйилгани, «депутат, маҳалла ва фуқаро» тамойили асосида ҳамкорлик ташкил этилгани қўл келмоқда.

Мурожаатлар бўйича кўплаб ногиронлиги бўлган фуқаролар ногиронлик аравачалари ва бошқа зарур ортопедик воситалар билан таъминланди. Кўплаб фуқароларга соғлиғини тиклаш учун ордерлар олишига кўмаклашилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонларга маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомийлар ёрдамида молиявий кўмак берилди.

Мисол учун, Зомин тумани «Еттикечув» қишлоғига газ балонлари етказиб беришдаги узилишлар депутатлик гуруҳи томонидан ижобий ҳал этилди. Ғалллаорол тумани «Бахт» ФЙ ҳудудидаги «Бахт чеварлари» тикув цехида ишлаган 10 нафар хотин-қизнинг иш ҳақи ундириб берилди. Жиззах шаҳар «Сайхон» маҳалласида 50 дан ортиқ хонадон ичимлик суви билан таъминланди.

Бугун партия гуруҳлари, маҳаллий Кенгашлар ҳокимликлар олдига аниқ таклифлар ва масалаларни қўйишлари лозим. Туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз дастурий мақсадлар ва Сайловолди платформасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, электорат манфаатларини изчил ҳимоя қилиш, жойларда депутатлик назоратини ташкил қилишда ташаббусни ўз қўлларига олишлари талаб этилади.

 

Бадриддин НАСРИЕВ,

ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси:

– Маҳаллий Кенгашлар илгарига қараганда анча фаоллашмоқда, уйқучиларни «уйғотиб», сергаклаштирмоқда ҳам. Кенгашларда бир қатор долзарб масалалар бўйича ҳисоботлар тингланмоқда, қарорлар муҳокама учун тақдим этилмоқда. Сессиялар анча мунозарали, савол-жавоб ва қизғин кечади. Яхши таклифлар ва фикрлар ҳам пайдо бўлиб қолади. Аммо фақат сессияларда ҳисобот бериш, қарор қабул қилиш билан иш битмайди. Албатта, уларнинг ижроси назоратга олиниши, бир масаланинг ечими учун охиригача курашиш керак бўлади.

2021 йил давомида Самарқанд вилоятидаги депутатлик гуруҳларида 154 та, шундан доимий комиссияларда 65 та, шунингдек, шаҳар, туман Кенгашларининг сессияларида 89 та масала кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Лекин партия фаоллари, депутатлик гуруҳ аъзолари ўрганган масала юзасидан қабул қилинган қарорлар ижросига яна бир бор қайтдикми? Умуман, қарорлар ижро этиладими? Жамоатчилик назорати ўрнатиш масалалари қандай? Мана, қаерда бизнинг «нозик» жойимиз. Ҳа, қанчалар аччиқ бўлмасин, тан олиш лозим, биз аксарият ҳолларда қарор қабул қилиниши билан чекланиб қолдик. Натижада аҳвол ўзгариши қийин бўляпти. Маҳаллий Кенгашлар мақоми кўтарилса, вазият бутунлай бошқача ҳолатга келади.

Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги, Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарорларининг вилоятдаги ижросини таъминлаш масалалари депутатлик гуруҳи ва вилоят Кенгашининг доимий комиссиясида ўрганилди.

Бундан ташқари, вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғининг қурилиш соҳасида янги иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилган ишлар аҳволи ҳақидаги, «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ раҳбарининг аҳолини ичимлик ва оқава сув билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги режалар тўғрисидаги ҳисоботлари, вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар партия гуруҳи ҳамда доимий комиссияларда кўриб чиқилиб, таҳлил этилди, чора-тадбирлар белгиланди.

Маҳаллий Кенгаш йиғилишлари ва сессияларида очиқлик, шаффофлик ва сиёсий фаолликни кучайтиришни истасак, албатта, бу жараёнлар онлайн режимда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўрсатилиши лозим. Баҳонада кўпчилик раҳбарларимиз ва халқ вакилларини, уларнинг дунёқараши ва сиёсий позициясини жамоатчилик яқиндан билиб борарди.

Яна бир муҳим жиҳат. Биз партия депутатлик гуруҳи билан партиянинг парламентдаги фракцияси ўртасида узвий амалий муносабатларни ривожлантириш ҳақида ҳар доим ўйлашимиз керак. Албатта, олдимизга аниқ мақсадларни белгилаб олганмиз, лекин ҳали бунинг тўлиқ механизмларини ишлаб чиқиш охирига етмади. Таъсирчан механизмлар орқали биз, албатта, ўзимизнинг халқ олдидаги, аввало, виждонимиз олдидаги ишончимизни оқлаган бўламиз.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 28.09.2022, №39

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш