Доимий комиссиялар иши қониқарлими?
Доимий комиссиялар иши қониқарлими?

 

Давлат ва жамиятни демократлаштириш кўплаб омилларга боғлиқ мураккаб жараён. Бу жараёнда ижтимоий-сиёсий институтлар марказий ўринда туриши керак. Илғор давлатлар тажрибаси шуни тасдиқлайди. Бугун халқ депутатлари Кенгашлари муҳим ваколатларга эга бўлиб бормоқда. Жорий йилга мўлжалланган асосий Давлат дастурида маҳаллий Кенгашлар аҳамиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш бўйича долзарб вазифалар белгиланган.

Мамлакатимизда демократик қадриятларга мос равишда ҳуқуқий ва сиёсий соҳада ислоҳотларнинг такомиллашиб бориши ўлароқ, маҳаллий миқёсда ҳам давлат бошқаруви органларининг такомиллашуви ва ихтисослашувига, жамият бошқарувида маҳаллий вакиллик органлари роли ва фаоллигининг янада кучайиши учун зарурат ортиб бормоқда.

Сиёсий партиялар гуруҳлари фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бирга, демократик ислоҳотларга таянч бўлиши, янги даражага кўтариши, жамоатчилик назоратини изчил олиб бориши халқимиз фаровонлигини кўтаришга хизмат қилади.

Маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар фаолияти ҳам бу борада муҳим ўрин тутади. Доимий комиссиялар таркибидаги Ишчи гуруҳлар ҳудудлардаги аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганади, ижтимоий масалаларни таҳлил қилади, маълумотлар ва таклифларни сессияларга тақдим этади. Бир сўз билан айтганда, ҳудудлардаги масалалар кўп жиҳатдан уларнинг фаолиятига боғлиқ. Бу ҳақда доимий комиссиялар раислари ҳам фикрларини билдиришди.

 

Шоҳиста ТОШПЎЛАТОВА,

халқ депутатлари Учқўрғон туман Кенгаши депутати, Таълим, соғлиқни сақлаш маданият, спорт ва ижтимоий масалалар бўйича доимий комиссия раиси:

– Доимий комиссиялар иши шу жиҳатдан муҳимки, ижтимоий масалалар дастлаб ишчи гуруҳи томонидан ўрганилади. Йиғилишларда муҳокама этилиб, шулар асосида депутатлик сўровлари юборилади ва сессияларга тақдим этилади. Доимий комиссияда иш қанча пишиқ бўлса, сессиялар шунча самарали ўтади.

Яқинда тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ўргандик. Боғча ёшидаги болаларни боғчага қамраб олиш ҳолати, шарт-шароитлар билан танишилди. Овқатланиш меъёри, иккинчи нонушта, тушлик, кечки овқат тартиблари кўриб чиқилди.

Қишлоқ жойларида боғчаларга болаларни қамраб олиш даражаси камроқ бўлади, уни кенгайтириш лозим. Доимий комиссия аъзолари билан биргаликда тузилган саволномалар асосида вазиятни таҳлил қилдик.

Боғчалар қайси йили қурилган? Бола сони қувватидан ортмаганми? Моддий-техник базаси, ётоқхона масаласи, жиҳозлари етарлими, болаларни ривожлантириш учун йўналтирилган ўйинчоқлар, услубий қўлланма ва адабиётлар билан таъминланганлик ҳолатлари ўрганилди.

Ходимлар, малакали кадрлар, мутахассис кадрлар, тўғри келмайдиган кадрлар, олий маълумотли тарбиячилар сони, умуман, ҳолат батафсил ўрганилди. Қонунлар, меъёрий ҳужжатлар амалда бажариляптими, йўқми, эски ҳолатида эмасми, шу масалалар алоҳида эътиборда бўлди.

Ўрганишлар натижасини сессияга киритамиз. Сессияга қўйишимиздан мақсадимиз камчиликларни бартараф этиш, муаммоларни ҳал қилиш. Мисол учун, назорат-таҳлил жараёнида баъзи мактабгача таълим ташкилотлари 90 ўринли бўлишига қарамай, 120 нафар бола қамраб олинган. Боғчалар етишмайди, уларнинг сонини кўпайтириш чораларини кўриш керак. Ҳудуддаги бола сонига қараб боғчалар ташкиллаштириб бериш ва мавжудларидаги шарт-шароитларни яхшилаш масаласи қўйилади.

 

Султон ҲАМРАЕВ,

Касби туман Кенгаши депутати, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш масалалари доимий комиссия раиси:

– Бугун депутатлар анча уйғоқ. Атрофга, жамиятга, сайловчилар ҳаётига дахлдорлик бор уларда. Буни келаётган мурожаатларда, ўрганилаётган масалаларда кўришимиз мумкин. Доимий комиссия йиғилишлари қизғин, баҳсли ўтади. Ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботларини эшитамиз, ҳудуддаги муаммоли масалаларни ўрганамиз, улар асосида сессияларга масалалар тақдим этамиз.

Мисол учун, яқинда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман ТТБ раҳбари ҳамроҳлигида Касби туман тиббиёт бирлашмасига карашли Болалар касалхонаси фаолияти ўрганилди. Масала бўйича Олий Мажлис Сенатига мурожаат қилиниб, туман Болалар касалхонасини Туманлараро кўп тармоқли оналар ва болаларни даволаш маркази этиб қайта ташкил этиш ва 2023 йил давлат инвестиция дастурига киритиб, қайта реконструкция қилиш ҳақида амалий ёрдам сўралган эди. Вазир ўринбосари муассасани қайта ташкил этишга ва келгуси йил давлат инвестиция дастурига киритишга ваъда берди.

«Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги масала ҳам сессияга олиб чиқилди. Дастлаб доимий комиссияда ўрганилган ушбу масала бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, ҳозирда ижроси таъминланмоқда.

Шунингдек, тумандаги 9-ва 20-давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ўрганилди. Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотларига қаратилаётган эътибор, давлат дастурларига боғчалар бўйича берилаётган таклифлар, соҳадаги муаммолар бўйича фикр-мулоҳалар, таклифлар билдирилди.

Доимий комиссия йиғилиши кун тартибида туман мактабгача таълим бўлими бошлиғининг тизимда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш борасида амалга ошираётган ишлари ҳақидаги ҳисоботи эшитилди. Унда тумандаги мактабгача таълим тизимида коррупцияга қарши курашишни кучайтириш, ходимлар ўртасида кенг тушунтиришлар, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш, коррупциянинг жамиятга, давлат қурилишига етказаётган зарари ҳақида батафсил маълумотлар бериб бориш ва коррупцияга мойиллик ҳолатларига барҳам бериш, тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишни давлат хизматлари порталига жойлаштириш масалаларидаги камчиликларни бартараф этиш тўғрисида таклифлар айтилди.

Шунингдек, туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғининг тизимда коррупцияга қарши курашиш, йўл транспорти хавфсизлигини таьминлаш ва автоҳалокатларнинг олдини олиш борасидаги, туман ҳокими ўринбосарининг янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш орқали янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таьминлаш масалалари тўғрисидаги ҳисоботлари ҳам эшитилди. Амалга оширилаётган ишларда ютуқлар билан бирга, камчиликлар ҳам бор. Уларни бартараф этиш юзасидан доимий комиссия аъзолари савол ва таклифларини беришди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 12.10.2022, №41

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш