2020-2021 йилларда ҳарбий хизматни ўтаб қайтган 22 мингга яқин фуқаронинг бандлиги таъминлангани айтилди, амалда-чи?
2020-2021 йилларда ҳарбий хизматни ўтаб қайтган 22 мингга яқин фуқаронинг бандлиги таъминлангани айтилди, амалда-чи?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракцияси ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамкорлигида қўшма йиғилиш ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш борасида Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида амалга оширилган ишларни назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якуни юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ахбороти эшитилди.

Йиғилишни Спикер ўринбосари У.Иноятов ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Э.Солихов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларида фуқаролик бурчини ўтаб қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўтаган фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича Республика комиссияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузурида тегишли комиссиялар ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилгани, ўрганишлар давомида уларнинг фаолияти таҳлил этилганини қайд этди.

Шундан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов маъруза қилди:

— Мамлакатимизда 2020-2021 йиллар мобайнида Қуролли Кучлар сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган 1 минг 600 дан ортиқ фуқаро шартнома асосида ҳарбий хизматни давом эттирмоқда, 8 мингдан ортиқ фуқаро олий таълим муассасалари ҳамда ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Салкам 22 минг фуқаронинг иш билан бандлиги таъминланди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш мақсадида 2021 йилда республика бўйича 2 минг 358 та бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилган.

Уларда 73 минг 146 та корхона ва ташкилот 567,2 минг бўш (вакант) иш ўринлари билан қатнашган. Ярмаркаларда 2 мингга яқин муддатли харбий хизматни ўтаб қайтган шахслар иштирок этиб, уларнинг 212 нафари ишга жойлаштирилган. 2020 йилда 7,7 мингта захираланган иш ўринларига 2,5 минг муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқаролар ишга жойлаштирилган. 2021 йилда эса 5,9 мингта захираланган иш ўринларига 2,8 минг муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқаролар ишга жойлаштирилган, — деди вазир.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Меҳриддин Қўчқоров муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган фуқароларга олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисида маълумот берди:

— Белгиланган тартибга кўра, ҳарбий қисмда хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг 40 фоизигача олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар берилиши мумкин, — деди вазирлик мутасаддиси. —Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларга ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун 2020–2021 йилларда 9 минг 852 та тавсиянома берилган. Ушбу тавсияномалар асосида 2 минг 129 нафар фуқаро олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Уларга 50 фоиз балл берилади. Эндиликда янада кўпроқ балл бериш тартиби кўриб чиқилмоқда.

Эшитувда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқароларнинг иш билан таъминланиши борасида амалга оширилган ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда тизимли муаммо ва камчиликлар ҳам мавжудлиги таъкидлаб ўтилди.

Депутатлар Нодира Жонибекова, Мавжуда Ҳасанова, Шерзод Раҳмонов ва бошқалар ҳудудлардаги ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан қатор саволлар билан мурожаат қилдилар.

Депутатларнинг айтишича, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳокимликлар ҳузурида ташкил этилган ҳудудий комиссиялар фаолияти талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқароларни касбга тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида ускуналар олиш ва уларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун жамғарма маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўлиқ ўз вақтида ажратилмаган.

Натижада бир қанча ҳарбий хизматдан қайтган фуқаролар иш билан таъминланмаган. Айрим ҳолларда ҳисоботда иш билан банд деб кўрсатилган фуқаролар жойига бориб ўрганилганда, уларнинг кўпчилиги умуман ишга жойлашмагани, ҳатто баъзилари хорижда эканликлари аниқланган.

Бунга жавобан мутасаддилар кўп ҳолларда ишга жойлашган йигитлар 2-3 ой ўтиб маъқул келмаса, ишдан бўшаши ёхуд тадбиркорлиги ўхшамаса, ташлаб кетиши мумкинлигини, шу боис бу борадаги рақамлар ўзгарувчан эканлигини айтишди. Шу билан бирга, айримлари Миллий гвардия ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларда ишлаш мақсадида ҳужжат топширган ва буйруғи чиқишини кутиб қолиши мумкинлиги ҳам айтилди.

Қизғин савол-жавоб ҳамда танқидий таҳлиллардан сўнг муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқароларни иш билан таъминлашда олиб борилаётган ишлар кўламини янада кучайтириш, бу борада таъсирчан парламент назоратини олиб бориш зарурлиги қайд этилди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА

 
 
 
 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш