Самарали ташқи сиёсат — ислоҳотларни амалга оширишнинг муҳим шарти
Самарали ташқи сиёсат — ислоҳотларни амалга оширишнинг муҳим шарти

 

Ўзбекистон ўз миллий манфаатларига асосланган ҳолда очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб бормоқда. Янги Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсий ҳолати дунёда ва минтақада шиддат билан ўзгараётган вазият ҳамда мамлакат ичидаги кенг кўламли ўзгаришларга асосланиб шаклланмоқда.

Ўзбекистон яқин-яқингача ташқи сиёсатда кўплаб ҳал этилмаган муамммолар сабаб қийинчиликларга дуч келарди. Катта давлатлар ва ташкилотларнинг биз билан деярли гаплашгиси келмасди, очиғи. Президентимиз бу манзарани, Ўзбекистоннинг ўрнини бутунлай ўзгартиришга эришди. Энди бизга халқаро майдонда ишонч билан қарашяпти.

Ўзбекистон ташқи сиёсатини дунёнинг 131 та давлати билан дипломатик муносабатлар ўрнатиб, 32 та давлатда элчихоналар, 14 та шаҳарда бош консулхоналар, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларда доимий ваколатхоналар фаолият юритаётганлигида, шунингдек, мамлакатимизда 42 та чет давлатлар элчихоналари фаолият юритаётганида кўришимиз мумкин.

Узоққа бормайлик, қўшни давлатлар билан бир пайтлар ечиб бўлмайдигандек туюладиган қанча саволларга аниқ жавоб топилди. Қардош юртлар билан борди-келдилар кўпайди, нафақат мутасаддилар, балки оддий одамлар ҳам бир-бири билан очиқ чеҳра билан гаплашиб, олди-берди қилаяпти. Қўшни билан, қардош билан яқинликда, дўстликда ҳикмат кўп.

Марказий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий соҳалардаги муносабатлар изчил ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ташқи савдо айланмаси динамикасини таҳлил қиладиган бўлсак, 2016 йилда 2,5 млрд. доллар бўлган эди, 2019 йилда 5,2 млрд. долларга, 2022 йилнинг январь-октябрь ойларидаёқ 5,9 млрд. долларга етди. 2016 йилдан 2022 йилгача ташқи савдо ҳажми икки ярим бараварга ошди. Бу эса ҳукуматнинг фаол ташқи сиёсати маҳсулидир. Ўзбекистон бугун бутун дунё давлатлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр ва шунга интиляпти. Бундан ҳаммамизга фойда.

Мурожаатномадан бу борадаги саъй-ҳаракатлар янада изчил давом этишини англадик, жуда хурсанд бўлдик. Ҳудудлар, маҳаллалардаги учрашувларда шу мавзуда кўпроқ гапиришимиз, фикр алмашишимиз зарур, деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистоннинг дунёдаги ҳурмати ошиб бораётганини ҳис қилиш, ўз соҳамизда шунга муносиб бўлиш жуда муҳим. Халқ демократик партияси фаоллари, депутатлари бу жараёнда жон, деб фаол иштирок этади.

 

Шерали МАМАДЕСОЕВ,

Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилояти кенгаши раиси.

«Ўзбекистон овози», 11.01.2022, №1

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш