Маълумки, шу кунларда жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлар муносабати билан сиёсий партияларнинг дастурий ҳужжатлари, хусусан ЎзХДП Дастури ва Сайловолди дастури лойҳалари тайёрланмоқда. Партиянинг дастурий ҳужжатларини халқчил, одамлар ҳаётига яқин, уларнинг манфаатига асослаб тайёрланиши бўйича кенг кўамли ишлар олиб бориляпти. Бунинг самараси ўлароқ партия дастурининг жозибадорлиги, ҳаётийлиги янада ошмоқда.
Айтиш керакки, партия дастури ва Сайловолди дастурини ишлаб чиқишда унинг ғоявий мақсадларидан келиб чиқиб, электорат манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилиш, хусусан, жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мсаласига алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу мақсадда партия ташаббуси билан жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, тизимдаги муаммоларни аниқлаш ва шу асосида партия ҳужжатларига муҳим таклифларни бериш бўйича бир қатор тадбирлар ташкил этиляпти.
Бугун Республика ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш Миллий Марказида “Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш: мавжуд муаммолар ва ечимлар” мавзусига бағишлаб семинар ўтказилди.
Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, партиянинг масъул ходимлари иштирок этишди.
Дастлаб семинарда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронлар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди. Тизимдаги муаммолар атрофлича муҳокама этилди.
Қайд этилдики, Республика Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда 11 та минтақада ногиронлар учун реабилитация марказлари фаолият олиб бормоқда. Аммо, Бухоро, Сирдарё вилоятларида реабилитация марказлари ҳозиргача мавжуд эмас бўлиб, Сурхондарё вилоятида реабилитация маркази қурилиш ишлари олиб борилмоқда. 2019 йилнинг 7 ойи давомида 100 минг нафарга яқин ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар тиббий-ижтимоий ёрдам билан қамраб олинган. Қарийб 16 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмлари билан таъминланган, 15 минг нафардан зиёд шахсга реабилитация хизматлари кўрсатилган. Бундан ташқари 25 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шаҳслар санаторияларда соғломлаштирилган.
Бугунги кунда Республикада ногиронлар учун протез маҳсулотлари ва реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш бўйича 7 та корхона фаолият юритади. Уларнинг атиги 2 таси замонавий талабларга жавоб беради. Бошқа корхоналарда фойдаланилаётган асбоб-ускуналар маънан ва жисмонан эскирган бўлиб, бу тайёрланадиган буюмларнинг, биринчи навбатда, протез-ортопедия буюмларининг сифати ва қулайлигига таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, ногиронларни ҳисобга олишнинг комплекс тизими, ногиронларга имтиёзли шартларда бериладиган дори воситалари ва ортопедия буюмларининг ягона электрон ҳисоботи йўқлиги, соҳада шаффофликнинг мавжуд эмаслиги ногиронларнинг ижтимоий аҳволини мониторинг қилиш ва уларга ўз вақтида зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қилмоқда.
Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси ва инфратузилмасининг етарли даражада ривожланмагани ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини қабул қилишни кенгайтириш, илғор тиббий-ижтимоий реабилитация услубларини жорий қилишга имкон бермаяпти. Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришда қўлланилаётган технологиялар жисмонан ҳамда маънан эскирган. Соҳада етарли даражада инновацион технологиялар жорий этилмаяпти ва илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ривожлантирилмаяпти.
Бу каби ижтимоий масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, жумладан, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш энг муҳим масала экани алоҳида таъкидланди.
Сўзга чиққанлар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, Мурувват ва Саховат интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш, давлат томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари турларини кўпайтириш ҳамда уларнинг тегишли стандартларини жорий қилиш масалаларига тўхталиб ўтишди. Ишлаб чиқарилаётган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг сифатини яхшилаш ва уларнинг турларини кенгайтириш устидан парламент ва депутатлик назорат механизмини такомиллаштириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Фикр-мулоҳазалар давомида аниқланган муаммоларни партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастурига таклиф сифатида киритишга келишиб олинди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.