Тиббиёт тизими раҳбарлари жамоатчилик олдида ҳисобот беради
Тиббиёт тизими раҳбарлари жамоатчилик олдида ҳисобот беради

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тиббиёт тизими раҳбарларининг жамоатчилик олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги ишларни аҳоли ва кенг жамоатчиликка етказишнинг шаффоф механизмини яратиш, тиббиёт тизими раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш мақсадида жамоатчилик олдида мунтазам ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиб бориш тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Шу мақсадда Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунга 254-модда билан қўшимча киритилмоқда. Яъни, халқ депутатлари Кенгаши Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботини эшитиши, соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ҳар ярим йиллик якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳисобот тақдим этиб бориши белгиланмоқда.

Ҳисоботлар ҳудудда соғлиқни сақлашни ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг ижро этилиши, касалликларнинг профилактикаси ҳолати, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни шакллантириш ҳамда соғлиқни сақлашнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисида бўлиши назарда тутилмоқда.

Шунинг билан бирга, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга ҳам ўзгартишлар киритилиб, фуқаролар йиғини тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг, оилавий поликлиникаларнинг, оилавий шифокор пунктлари раҳбарларининг профилактик кўриклар ва скрининг дастурларини амалга ошириш, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни шакллантириш ҳолати, ижтимоий аҳамиятга молик ва атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликларни тарқалиши, фуқаролар соғлиғига таъсир этувчи омиллар, шу жумладан, ҳудуднинг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлиги тўғрисида ахборотларини эшитиши назарда тутилмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳаси тиббиёт соҳасида шаффофликни ошириш, фуқароларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этишига янада кенгроқ имконият яратишини таъкидлашди. Шу билан бирга, халқ депутатлари Кенгашлари олдидаги ҳисобдорлик ҳақидаги шу ва бошқа меъёрларнинг самарали ишлаши учун Кенгашлар ва депутатларнинг мақомини ошириш чораларини кўриш ҳам зарурлиги қайд этилди. Лойиҳа маъқулланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисоб рақамларидан қонун ҳужжатларида белгиланмаган тартибда пул маблағлари ечиш ҳолатлари мавжуд. Амалиётда мазкур ҳаракатлар солиқ органлари, банк муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан содир этилмоқда. Ушбу ноқонуний ечилган пул маблағлари суд ёки уларнинг юқори органлари томонидан аниқланган тақдирда уларга нисбатан ҳеч қандай жавобгарлик чоралари қўлланилмасдан қолмоқда. Шунингдек, Жиноят кодексида давлат органларининг мансабдор шахсларига нисбатан ортиқча ундирилган ва тўланган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик учун жавобгарлик белгиланмаган.

Шу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 19212-моддаси билан жисмоний ва юридик шахсларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш, ортиқча ундирилган пул маблағларини жисмоний ва юридик шахсларнинг биринчи талабига асосан қайтармаганлик ҳаракатлари маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганда мансабдор шахслар ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланмоқда.

Фракция аъзолари амалдорларнинг фуқаролар ҳаётига, ишлаб чиқарувчилар, хизмат кўрсатувчилар фаолиятига ўта қўпол тарзда аралашиши, дахл қилишига нисбатан қонунчилик муросасиз бўлиши зарурлигини таъкидлашди. Таклиф ва мулоҳазалардан кейин қонун лойиҳаси маъқулланди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш